Иқтисодиёт | 14:14 / 26.03.2026
4455
2 дақиқада ўқилади

P2P-ўтказмаларининг мақсадини кўрсатиш бўйича талаб бекор қилинди(ми?)

Март ойи бошидан бери қатор тўлов ташкилотлари ва банк мобил иловаларида карталар ўртасида пул ўтказмаларининг мақсадини кўрсатиш талаби жорий этилганди. Ушбу мажбурият бекор қилингани айтиляпти. Марказий банк ахборот хизмати Kun.uz’га бу талаб бошиданоқ ихтиёрий бўлганини маълум қилди. Аммо регуляторнинг 17 февралда банклар ва тўлов ташкилотларига юборган хатида санкциялар қўлланишига оид бандлар бор эди.

Фото: Иллюстратив сурат

25 март куни ижтимоий тармоқларда Марказий банк P2P мақсадини кўрсатишга оид талабни бекор қилгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Марказий банк матбуот хизмати Kun.uz’га: “мажбурий бўлмаган нарсани бошидан бекор қилиб бўлмайди; ихтиёрий эди — бу масала нотўғри талқин қилинган”, дея жавоб берди. Шунингдек, регулятор 5 мартдаёқ P2P мақсадини кўрсатиш ихтиёрийлиги ҳақида расман маълум қилгани эслатиб ўтилди.

17 февралда Марказий банк томонидан банклар ва тўлов ташкилотларига юборилган хатда ўтказма мақсадини кўрсатиш мажбурий талаб экани ва 1 мартга қадар кўрсатма ижро этилмаса, санкциялар қўлланиши назарда тутилганди.

Жамоатчилик босимидан кейин, 5 март куни Марказий банк ахборот хизмати жараённинг “техник” эканлигини билдириб, киритилган 16 та тўлов мақсади параметрлари эса намунавийлиги, банк ёки тўлов ташкилоти ўз мобил иловаси архитектурасидан келиб чиққан ҳолда уни ихтиёрий белгилаши мумкинлигини қайд этганди.

Kun.uz’га маълум бўлишича, бир қатор тўлов ташкилотлари ва банклар 5 мартдаги баёнотдан кейин Марказий банкка мурожаат қилиб, P2P мақсадини кўрсатиш талаби борасида сўраган. Регулятор “биз ихтиёрий деб айтдик, киритсангиз ҳам, киритмасангиз ҳам бўлади” дея жавоб берган. Шундан кейин тармоқларда бу талаб бекор бўлибди, деган гаплар тарқалган.

Аввалроқ Kun.uz суҳбатлашган банк-молия соҳаси мутахассислари P2P мақсадини кўрсатишни картадан ўтказмалар назоратига оид янги уриниш деб баҳолаганди — улар агар мақсад иқтисодиётни “оқартириш” бўлса, картадан картага ўтказмаларни оммалаштириш керак, дея фикр билдирганди.

Мадина Очилова
Муаллиф Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид