Ўзбекистон | 16:50 / 21.12.2021
4969
2 дақиқада ўқилади

Собиқ маданият вазири Маданий мерос агентлиги раҳбарига ўринбосар бўлди

Фото: Telegram / Lola Rakhmanbaeva

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, профессор Турсунали Қўзиев Маданий мерос агентлигининг директор ўринбосари этиб тайинланди. Бу ҳақда Telegram’даги «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар қилди.

Турсунали Қўзиев 1954 йил Сурхондарё вилоятида туғилган, график рассом, кандакор, фото санъати устаси. Беньков номидаги Республика рассомлик билим юрти (1976) ва Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини (1982) тугатган.

Меҳнат фаолияти давомида Сурхондарё вилояти Жарқўрғон шаҳар бош рассоми, вилоят маданият фонди раиси, Республика бадиий билим юрти директори лавозимларида ишлаган.

1995 йилдан кейин Президент девони консултанти, маданият ишлари вазирининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон бадиий академияси раиси сифатида ишлаган.

2011—2013 йиллар мобайнида маданият ва спорт ишлари вазири сифатида фаолият юритган. 2013—2016 йилларда Давлат жаҳон тиллари университети Халқаро журналистика кафедраси профессори бўлган.

Маданий мерос раҳбарлигига тайинланишдан олдин эса Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси раҳбарининг ўринбосари лавозимида ишлаган.

Турсунали Қўзиев 5 ноябрда Маданий мерос агентлиги директори вазифасини бажарувчиси лавозимига тайинланганди. 16 декабрь куни Шаҳриёр Нуруллоев агентлик директори бўлди.

Маълумот учун, Маданий мерос агентлиги 6 апрелда Туризм ва спорт вазирлиги ҳузурида ташкил этилган.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид