Ўзбекистон | 20:40 / 23.12.2023
81259
5 дақиқада ўқилади

UzAuto Motors шартномани қачон очади?

1 йилу 10 кун давомида Cobalt, Lacetti, Damas вa Labo учун атиги 32 соату 27 дақиқагина шартнома берилди. Бу даврнинг ҳам 12 соатдан кўпроғи кунннинг иш вақтидан ташқари қисмига тўғри келади.

UzAuto Motors компанияси 22 декабр куни  Cobalt, Damas вa Labo автомобиллари учун 12:00 дан бошлаб онлайн контракциялар очилишини эълон қилганди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Компания автомобил харид қилиш учун шартномани фақат онлайн тарзда расмийлаштириш мумкинлигини, барча Chevrolet дилерлик марказлари савдо тизимидан ўчирилиши ва автосалонларнинг барчаси ёпиқ бўлишини яна бир бор ёзғириб-ёзғириб такрорлади.

Минглаб одамлар кутган соат 12:00 ҳам келди. Аммо онлайн шартнома олиш мумкин бўлган UzAutoSavdo иловаси ва savdo.uzavtosanoat.uz сайти ишламади. Бу вақтда эса тармоқларда шартнома олиш илинжидаги харидорлар нимаки бўлса, ҳаммасини қилиб кўрди. Аммо UzAutoSavdo платформаси фаолиятидаги техник носозликлар ҳамон тузатилгани йўқ.

Kun.uz ҳолатга изоҳ олиш учун “Ўзавтосаноат" матбуот хизмати билан боғланди. Маълум бўлишича, ҳозиргача бирорта ҳам шартнома расмийлаштирилмаган ва яқин вақт ичида шартнома бериш қайта очилади.

Қизиқ жиҳати, декабр ойи бошида компания Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда UzAutoSavdo тизими модернизация қилинаётгани, тизимнинг техник жиҳозланишини кучайтириш бўйича самарали ишлар олиб борилаётгани, бу эса унинг юқори тезликда тўғри ишлашини таъминлашини бот-бот такрорлаб эълон берганди. Шунда, шунча қилинган “ишлар” тизимнинг 10 дақиқа ишлаши учун ҳам самара бермаган бўладими?

32 соат 27 дақиқа

Келинг, ҳисоб-китоб қилиб кўрамиз. UzAuto Motors йил бошидан бери қанча пайт харидорларга шартнома берди? 

Cobalt ва Lacetti сотуви 2022 йил 8 декабрдан, Damas ва Labo сотуви эса 13 декабрдан бошлаб тўхтатилган эди. Компания оммабоп моделлари сотувини 8 ойлик танаффусдан кейин, шу йилнинг 4 август куни қайта тиклади, ўшанда автосалонларда кузатилган ажиотаж фонида 50 мингдан ортиқ автомобил учун шартномалар 21 соат ичида тарқатиб бўлингани айтилганди

Кейинроқ, 18 сентябр куни қўшимча шартнома бериш бошлангани хабар қилинди, бироқ орадан 3 соат ўтар-ўтмас 28 мингта шартнома тугагани, жараён эса тўхтатилгани маълум бўлди

3 ноябр куни яна Cobalt, Damas ва Labo автомобилларининг қўшимча ҳажми учун контрактация очилгани маълум қилинди. Бу гал онлайн платформалар орқали ҳам шартнома олиш мумкинлиги эълон қилинган бўлса ҳам, бу платформалардан ҳеч бири тайинли ишлагани йўқ. Бу сафар ҳам бозордаги нархлардан камида 2-3 минг доллар арзонига автомобил олишга умид қилган харидорларнинг катта қисми чучварани хом санагани маълум бўлди. Монопол компания контрактацияни очганидан 7 соат ўтар-ўтмас, яна уни номаълум муддатга ёпди. UzAuto Motors қанча шартнома тузилгани ва контрактация қачон расман ёпилгани ҳақида маълумот бериб ҳам ўтирмади. 

Эътибор беринг, 1 йилу 10 кун давомида UzAuto Motors танловсизлик ортидан оммабоп моделлар рутбасига чиқиб қолган Cobalt,Lacetti, Damas вa Labo учун атиги 32 соату 27 дақиқагина шартнома берган. Бу муддат ҳам айнан компания расмий эълон берган вақтдан келиб чиқиб ҳисобланган, амалда аксарият автосалонларда контрактация тузиш анча олдин тугаганига гувоҳ бўлдик. Шунингдек, шартнома олиш очиқ бўлган 32 соату 27 дақиқанинг 12 соатдан кўпроғи куннинг иш вақтидан ташқари қисмига тўғри келади.

Машина йўқ, навбат ҳам йўқ

Чорак асрки “миллий ғуруримиз”, “миллий брендимиз” деган ном остида халқнинг “қонини ичиб” келган автосаноатни истеъмолчилар эшикларини тақиллатиб, “арзон ва сифатли машиналар бор, илтимос, олинглар”, дейдиган даражага олиб чиқа олмадик. Йиллар давомида “миллий брендимиз”ни сақлаб туриш учун адоғи йўқ субсидиялар, саноқсиз имтиёзлар бугунги кунга келиб ўз “меваси”ни бераётганига гувоҳ бўлиб турибмиз.

Президент “Ўзавтосаноат” олдига 2022 йилнинг 1 майига қадар автосалонлардаги навбатларни тугатиш вазифасини қўйган эди. Орадан бир ярим йил ўтиб, автосаноатчилар ўзларига хос бўлган “инновацион” йўл билан навбатни йўқ қилиб юборишди: ҳеч ким тўлов ҳам қилолмайди, янги машина ҳам сотиб ололмайди. Шартнома бўлмаганидан кейин, навбатлар ҳам бўлмайди.

Ўзбекистондаги автомобилсозлик саноатининг монополистик ҳолати юқори даражада эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Умуман олганда, монополия соҳани қутқармайди, аксинча, секин ва оҳиста шаклда ўлдириб боради. Чунки бутун бир жамиятни танлашдан маҳрум қилиб, монопол ҳукмронлик қилаётган соҳа ривожланиши, глобал миқёсда рақобатбардош бўлиши мумкин эмас. Бозор иқтисодиётининг энг асосий қонунияти бу – рақобатнинг ривожланишидир. Рақобат бўлмаган тизимдан, биринчи навбатда, қуйи ва ўрта қатлам жабр кўраверади. Танловсизлик кўлами эса йилдан йилга ортиб бормоқда.

Тайёрлаган:  Достон Аҳроров

Мавзуга оид