Ўзбекистон | 15:30 / 27.04.2026
4728
8 дақиқада ўқилади

“Пешлавҳани уч марта ўзгартиришга тўғри келди” — тадбиркорлар Тошкент дизайн-кодидан нега норози?

Тошкентда ягона дизайн-кодни жорий этиш йўлида пешлавҳасини олиб ташламаган тадбиркорларга электр тармоғидан узиб қўйиш билан таҳдид қилиняпти. Giotto асосчиси расмийларнинг талаби билан ресторан фасадини қайта-қайта ўзгартиришга мажбур бўлганини айтди. Бизнес-омбудсман дизайн-код ҳақидаги қарорнинг айрим бандлари қонунчиликка зидлиги сабаб, талабларни қайта кўриб чиқишни сўради.

Тошкентда пешлавҳаларнинг мажбурий олдириб ташланиши, лекин тўлов эвазига бўлса-да қайта ўрнатиш имкони бўлмаётгани ва товар белгиларини дизайн кодга мослаштириш талаблари тадбиркорлар учун бошоғриққа айланган.

23 апрел куни Савдо-саноат палатасида шу масала юзасидан тадбиркорлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

“Ҳавога пул тўлаяпмиз”

Evos ресторанлар тармоғи вакили 80 дан зиёд савдо тармоқлари борлиги, уларнинг 65 тасига реклама паспортлари олингани ва 80 млн сўм йиғим тўланганини маълум қилди.

“Ҳар чоракда 80 млн сўм тўлаймиз. Мендаги савол шундаки, биз нима сабабдан бунақа миқдордаги пул тўлаймиз? Ҳавога пул тўлаяпмиз. Йиғимни тўлаб реклама паспортини олганимиздан кейин ҳам пешлавҳалар демонтаж қилинди, чунки улар дизайн код концепциясига тўғри келмаган экан. Ҳар бир демонтаж бизнес учун 20 млн сўм харажат деганди. Бу компенсация қилиб берилмади”, – деди у.

Бунга жавобан ССП раиси Даврон Ваҳобов Тошкент шаҳридаги 436 км 36 та кўчадаги умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш ташқи фасадлари учун реклама пулининг 1 йиллигини олмасликни таклиф қилишини билдирди. “Чунки давлат ўзи шаҳар чиройли бўлишини хоҳлаяпти”, – деди у.

Аввал қаймоқранг, кейин кўк, кейин кулранг...

Giotto ресторанлар тармоғи асосчиси Кемал Кая ресторан пештоқидаги товар белгисини қайта-қайта ўзгартиришга мажбур бўлганини айтди:

“Президентимизнинг Ц-1'га ташрифи арафасида ҳоким менга бир илтимос билан мурожаат қилди. Сиз мана шу рангни қилишни айтгансиз, биз қилдик, муаммо йўқ. Бироқ қўрқинчли нарса чиқди. Аввалига қаймоқранг бўлиши керак, дейишганди. Мен пул тўлаб, алюкобонд олиб келдим. Бир кундан кейин келиб: нима кераги бор, ўз брендига эга Giotto кўклигича қолаверсин, дейишди… Яна бир кундан кейин келиб: йўқ, кулранг бўлиши керак, дейишди. Кечқурун кулрангга ўзгартирдик… Жуда хунук нарса чиқди”.

Кемал Кая дизайн-код муаллифларини танқид қилиб, бундай ёндашув Ўзбекистон имижига зарар етказишини таъкидлади:

“Сиз бутун Европа олдида мамлакатни шарманда қиласиз […] Бундай лойиҳани нормал мамлакатда қила олмайсиз, кечирасиз. Бу шунчаки ўтмайди […] Айб ҳокимиятда эмас, лойиҳани ишлаб чиққан одамларда… Сиз Ўзбекистонни Шимолий Кореяга айлантирмоқчисиз”.

Электр энергиясини ўчириш билан таҳдидлар

Дым & Dream ресторани директори Мария пешлавҳа сабаб босимга дуч келганини маълум қилди. Унинг айтишича, 22 апрел куни муассасага “ҳокимиятдан келган шахс” ташриф буюриб, пешлавҳа майдони 1 кв метрдан ошгани учун уни реклама сифатида баҳолаган ва олиб ташлашни талаб қилган.

“Биз светни ўчириб қўймасликлари учун пешлавҳани олиб ташлашга мажбур бўлдик. […] [Ҳокимиятдан] келган одам ўзини таништирмади, ҳеч қандай ҳужжат кўрсатмади. Менежер савол берганида, 10 дақиқа ичида ҳеч ким келмаса, кетишини айтган. Телефон рақамини ҳам қолдирмаган, фақат светни ўчириш билан таҳдид қилган. Биз ижарага олган бино эгасига эса Миробод ТЭТКдан қўнғироқ қилиб, пешлавҳани олиб ташламаса, электр ўчирилишини айтишган”.

Eva Yeva косметика тармоғи асосчиси бузишларни бугуннинг ўзидаёқ тўхтатишни сўради.

“Ҳар куни ҳар 10 минутда дўконлардан хабар келади: бузмоқчимиз, нарвонни олиб кел... Пешлавҳа қоидага тўғри келса, пастдаги ёзув тўғри келмайди, дейишади. Нега деган саволга жавоб йўқ. Бутун бошли брендлар бор, уларни ўзгартириш тўғри эмас. Агар ҳамма бир хил бўлса, бутун Тошкент бир хил оқ-қора бўлади. Корхонанинг “brend book”и борми, бўлди, кўриб чиқиш керак”, – деди тадбиркор.

Қонунчиликда бўшлиқ бор

Очиқ мулоқотда Uzum Market'нинг давлат органлари билан ишлаш бўйича вакили ҳам электр тармоғидан узиб қўйиш босими борлигини қайд этди.

“Амалиётда қандай бўлади? Бу ерда хўп-хўп деб кетамиз, лекин Буюк ипак йўли кўчаси бўйича ҳокимиятдан чиқиб, светни ўчирамиз деяпти. Тўлов қиласизлар, бўлмаса светни ўчирамиз, деган гаплар ҳам бўлди”.

Унинг таъкидлашича, конструктив диалог етишмаяпти ва қарорлар ҳудудлар кесимида мувофиқлаштирилмаган.

Маркетплейс вакили ташқи ёзувлар билан боғлиқ қонунчиликдаги бўшлиқларга ҳам эътибор қаратди:

“1 квадрат метрдан ошиқроқ исталган ташқи маълумот берувчи объект ҳам реклама ҳисобланяпти. Шу сабабли оддий дорихона ёзуви ҳам 1 кв метрдан ошса, унга ҳар ой тўлов қилиниши керак… Ваҳоланки, бу реклама эмас, шунчаки номни билдиради”.

У пешлавҳа тушунчасини қонунчиликка алоҳида киритиш ва уни реклама билан тенглаштирмасликни таклиф қилди.

Палата: “Кўчалар босқичма-босқич тартибга келтирилади”

Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов мазкур жараён босқичма-босқич амалга оширилишини билдириб, тадбиркорларни сабр қилишга чақирди. Унинг айтишича, аввалига 14 та кўча тартибга солинади.

“14 та кўчани шакллантириб олайлик-да. 9-11 кмда йиғилиб, тадбиркорларга семинар қилайлик. Қанақа рангда бўлади, келишайлик. Масалан, Буюк ипак йўлидаги KFC рангини оқ қилиб қўя олмаймиз, бутун дунёда унинг ранги қизил, ўлчами 120 га 290 см. Сен 60 ё 70 см қилиб қўй дея олмаймиз. Аввал 100 км масофани кўриб чиқайлик.

Тадбиркорлар етказилган зарарни қоплаб беришни сўраяпти. Уни билмайман. Кейинчалик тўланадиган солиқдан минус қиламизми, билмаймиз”, – деди Даврон Ваҳобов.

Қарорнинг айрим бандлари қонунчиликка зид

Бизнес-омбудсман баёнотига кўра, дизайн-кодни жорий этиш бўйича шу йил февралда қабул қилинган Тошкент шаҳар кенгаши қарорининг айрим бандлари амалдаги қонунчиликка зид.

Хусусан, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонун талабларига кўра, тадбиркорлик фаолиятига таъсир этувчи лойиҳалар Бизнес-омбудсман билан мажбурий тартибда келишилиши лозим. Бироқ ушбу қарор Вакил билан келишилмасдан қабул қилинган.

Қарорда реклама воситалари учун белгиланган “паст тўйинган” ёки “нейтрал” ранг каби тушунчаларнинг ҳуқуқий мезони очиб берилмаган. Бундан ташқари, рангларни бирхиллаштириш талаби тадбиркорларнинг интеллектуал мулк (рўйхатдан ўтган бренд) ҳуқуқларига зарар етказиши мумкин. Бир неча объектларга эга бўлган тармоқ ташкил этган брендларнинг манфаатлари инобатга олинмаган.

Бундан ташқари, Бизнес-омбудсманга кўра, янги талабларга мослашиш учун белгиланган 3 ойлик муддат етарли эмас. Жараённи тадбиркорларга ортиқча юклама туғдирмаган ҳолда, босқичма-босқич амалга ошириш тартиби назарда тутилмаган.

Давлат раҳбарининг тадбиркорлар ҳуқуқлари бўйича вакили халқ депутатлари Тошкент шаҳри кенгашига мазкур қарорнинг тадбиркорлик фаолиятига дахлдор қисмларини қайта кўриб чиқиш юзасидан расмий хулоса киритди.

Мадина Очилова
Тайёрлаган Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид