Жамият | 15:55 / 19.06.2020
26683
2 дақиқада ўқилади

Пешкўда мажбурий меҳнат: ҳомиладор аёллар ҳам ҳудудни тозалашга чиқарилган

Бухоро вилоятининг Пешкў туманидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабида педагог-мураббийлар бугун, 18 июнь куни мажбуран муассаса ҳудуди ҳамда стадионни тозалашга олиб чиқилгани ҳақида хабар берилди.

«Яқинда вилоятимизда кузатилган табиий офат таъсири туманимизга ҳам етиб келди. Бундай вазиятда ҳаммамиз ўз хоҳишимиз билан ҳашар ишларида қатнашдик. Аммо муассасамиз директори Ҳотам Облобердиев мунтазам шанбалик уюштириб, бизни ишлатиб келади. Ҳашар ишларида қатнашмаганларга чора кўрилиши билан огоҳлантиришади. Биз томонларга катталар келса, албатта муассаса атрофини тозалаб қўйишимиз керак.

Бугунги шанбалик айниқса, ҳаммасидан ошиб тушди. Куннинг иссиғида деярли барча педагог-мураббийлар мажбуран муассаса ҳудудини тозаладик. Стадионда меҳнат қилганлар асосан хотин-қизлар бўлиб, уларнинг орасида ҳомиладор келинчаклар ҳам бор», деди маълум сабабларга кўра шахсини ошкор қилмасликни сўраган спорт мураббийси.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Рустам Эргашев билан телефон орқали боғланганимизда, ҳокимлик бундай ҳолатларга мутлақо қарши эканлигини маълум қилди. Хусусан, мазкур ҳолатга ҳам ҳокимликнинг ҳеч қандай алоқаси бўлмагани, уларга бу ҳақда мурожаат ҳам келиб тушмагани ҳақида хабар берди.

Шунингдек, муассасанинг махсус телеграм гуруҳида ҳам директор номидан тез-тез мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолати акс этган суратлар ташлаб берилди. Эътиборни тортадигани, ҳар сафар вазир ёки бошқарма бошлиғининг ташрифи муносабати билан бундай шанбаликлар уюштирилган. Сабабсиз келмаганлар интизомий чора кўрилиши билан огоҳлантирилган.

Kun.uz ҳамон катталарнинг ташрифи олдидан ходимлар мажбурий меҳнатга жалб қилинаётган ушбу ҳолат бўйича мутасаддилардан жавоб кутади.

Мавзуга оид