Ўзбекистон | 18:36 / 13.01.2026
11254
1 дақиқада ўқилади

Ҳарбий хизматчиларнинг ойликлари оширилади

1 апрелдан эътиборан Мудофаа вазирлиги тизимида кўп йил ишлаган офицерларнинг устамаси 2 баробарга ошади. Оддий аскар ва сенжантларнинг маоши эса 10 фоизга кўпайтирилади. Мудофаа бўлимларининг ноҳарбий хизматчилари ойлиги бу йил 20 фоизга, келаси йили яна 50 фоизга кўтарилади. Бундан ташқари, ҳарбийларнинг пенсия таъминоти яхшиланади, улар учун уй-жой қурилиши кенгайтирилади.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда 1 апрелдан бошлаб Мудофаа вазирлиги офицерларига кўп йиллик хизмати учун устама миқдори 2 карра оширилади.

Контракт асосида хизмат қилаётган оддий аскар ва сержантларнинг ойлик маоши эса 10 фоизга кўпайтирилади.

Бу ҳақда Хавфсизлик кенгашининг 13 январ кунги йиғилишида президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

Президентга кўра, ҳудудий мудофаа ишлари бошқармаси ва бўлимларининг ҳарбий бўлмаган хизматчиларининг ойлиги бу йил 20 фоизга, келаси йили яна 50 фоизга оширилади.

13 январ куни президент ҳузурида ўтган йиғилиш / Фото: Президент матбуот хизмати 

Қуролли Кучлар сафида 30 йилдан ортиқ хизмат қилган ҳарбийлар учун пенсия ҳисоблашда инобатга олинадиган ойлик миқдори 75 фоиздан 100 фоизга етказилади.

Ҳарбий хизматчилар учун уй-жой қурилиши ҳам кенгайтирилади.

Масъулларга ҳарбий хизматчиларнинг пенсия таъминотини белгилайдиган қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, парламентга киритиш топширилди.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид