15:06 / 05.10.2023
46846

Ўзбекистонда сезиларли кўп энергия ишлатувчи хонадонларни субсидиялаш қисқаради

1 ноябрдан бошлаб, хонадонларнинг ойлик энергия истеъмоли 1000 kWhдан ошган тақдирда, бу миқдордан ортиқ ҳажмдаги энергия учун 2 баробардан 4 баробаргача оширилган тарифларда ҳисоб-китоб қилинади. Бу тартиб республикадаги 7,6 миллионта хонадоннинг қарийб 150 мингтасига – аксар ҳолатларда ўзига тўқ ёки бадавлат аҳоли қатламига таъсир қилади, шу орқали мазкур тоифанинг давлат бюджетидан арзон энергия учун истаганча миқдорда субсидия олиш имконияти йўқолади.

Бир нечта кондиционерли якка тартибдаги уй / Фото: ekokond.ru

Ўзбекистонда 1 ноябрдан бошлаб хонадонида ўртача истеъмол миқдоридан кўп электр энергияси ишлатувчи истеъмолчилар табақалаштирилган тарзда юқорироқ тарифда ҳақ тўлай бошлайди.

Маълум бўлишича, 2023 йил 15 июлдаги ҳукумат қарори билан, Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларига 63-3-банд қўшилган.

Унга кўра, 2023 йил 1 ноябрдан эътиборан, электр энергиясининг қуввати ўртача ойлик истеъмол миқдоридан ошиб кетган III гуруҳ (хонадонлар) истеъмолчиларига:

  • 1001 kWhдан 5000 kWhгача истеъмол учун белгиланган тарифга нисбатан 2 баробар;
  • 5001 kWhдан 10 000 kWhгача истеъмол учун белгиланган тарифга нисбатан 3 баробар;
  • 10 000 kWhдан юқори истеъмол учун белгиланган тарифга нисбатан 4 баробар ўсувчи коэффициент қўлланилади.

Ҳозирда маиший истеъмолчилар учун электр энергияси тарифи 1 kWh учун 295 сўмни ташкил этади.

Шунга мувофиқ, 1 ноябрдан бошлаб, хонадонда ойлик электр энергияси истеъмоли:

  • 1001 kWhдан ошганда, 1001 дан 5000 kWhгача оралиқдаги истеъмол учун 590 сўмдан;
  • 5001 kWhдан ошганда 5001 дан 10 000 kWhгача оралиқдаги истеъмол учун 885 сўмдан;
  • 10 000 kWhдан ошганда эса 1180 сўмдан ҳисоб-китоб қилинади.

Бу нима учун муҳим?

Ўзбекистонда электр энергиясини аҳолига арзонроқ етказиб бериш мақсадида субсидияланган нархлар амал қилади. Бунда, электр энергиясини ишлаб чиқариш, етказиш ва тақсимлаш харажатлари ҳамда аҳоли учун белгиланган тарифлар ўртасидаги манфий фарқ давлат бюджети ҳисобидан қопланади.

Энергетика вазирлигига кўра, бир йилда ўртача 1,15 млрд доллар маблағ аҳоли хонадонларининг энергетик эҳтиёжини субсидиялаш учун сарфланяпти.

Субсидиялашнинг 1 ноябргача амалда бўладиган шакли жамоатчилик фаоллари, иқтисодчилар ва халқаро ташкилотлар томонидан ижтимоий адолатсиз дея эътироф этилган. Яъни субсидия барча учун бирдек ажратилгани учун, субсидияланган нархдаги энергоресурсни ким кўпроқ сарфласа, у давлатдан шунча кўпроқ субсидия олади. Бу эса энергоресурсларни бошқаларга қараганда сезиларли даражада кўп сарфлайдиган бадавлат қатламнинг жуда катта харажатлари давлат бюджетидан қоплаб берилишига олиб келмоқда.

Энергетика вазирлиги 2023 йил сенятбр ойида тақдим этган маълумотлар

Расмий рақамларга кўра, машиий истеъмолчиларнинг 75 фоизи (5,7 миллионта хонадон) ойига ўртача 200 kWhгача миқдорда электр энергияси сарфлайди ва улар сарфлаётган энергиянинг умумий миқдори жами хонадонларга етказиб берилаётган энергиянинг 26 фоизини ташкил этади.

Ойига ўртача 1000 kWhдан ортиқ миқдорда электр ишлатадиган аҳоли улуши эса атиги 2 фоизни (146 мингта хонадон) ташкил этса-да, жами хонадонларга етказиб берилаётган электр энергиясининг нақ 32 фоизи айнан уларнинг (146 мингта хонадоннинг) ҳиссасига тўғри келади.

Аввалроқ, 2024 йил май ойидан бошлаб, ойига 1000 kWhгача ҳажмда электр энергиясидан фойдаланувчи истеъмолчиларга нисбатан ҳам табақалаштирилган тарифлар жорий этилиши мумкинлиги айтилганди.

Бошқа янгиликлар

Шунингдек, 15 июлдаги қарорга кўра, 1 ноябрдан бошлаб, истеъмол қилинадиган электр энергиясидан оқилона фойдаланиш мақсадида маиший истеъмолчиларнинг электр энергияси истеъмоли юклама орқали чегараланади.

Бунда, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан электр энергиясини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизими доирасида истеъмолчиларга эҳтиёжлари учун зарур бўлган қурилмаларнинг минимал қувватидан ҳамда жойлашган ҳудудидан келиб чиқиб, ҳисоблагич орқали 10 – 15 kW қувват доирасида чеклов киритилади.

Бундан ташқари, 1 ноябрдан эътиборан:

  • уланган қувватидан қатъи назар, крипто-актив ва майнинг соҳасида фаолиятни амалга оширувчи истеъмолчилар фойдаланган электр энергияси учун тўловларни тегишли тариф гуруҳига асосан белгиланган тарифга нисбатан 5 баробар ўсувчи коэффициентга мувофиқ тўлайди (бунгача 3 баробар эди);
  • ташқи реклама объекти учун фойдаланилган электр энергиясига тўловлар тегишли тариф гуруҳига асосан белгиланган тарифга нисбатан 3 баробар ўсувчи коэффициентга мувофиқ амалга оширилади (аввал бундай тартиб мавжуд эмасди).
Top