Жамият | 21:48 / 12.11.2019
97811
11 дақиқада ўқилади

Прокуратуранинг Ваҳобов бўйича қароридаги парадокс: коррупциямиди ё туҳмат?

Олмазор тумани ҳокимининг собиқ ўринбосари Абдурасул Ваҳобов шу йилнинг 14 август куни Kun.uz сайти ходимларига таҳдид қилгач, бу воқеа ижтимоий тармоқда резонанс келтириб чиқарганди.

Аввалига Тошкент шаҳар прокуратураси Ваҳобовнинг сайт ходимларига нисбатан хатти-ҳаракатлари юзасидан текшириш ўтказиб, якунда бирор бир шахснинг ҳаракатларида жиноят аломатлари бўлмагани сабабли жиноят иши қўзғатишни рад этган эди.

Кейинроқ, Ваҳобов лавозимидан озод этилгани, унга нисбатан жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қарор эса Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан бекор қилиниб, қўшимча ўрганиш учун шаҳар прокуратурасига юборилгани маълум бўлди.

Тошкент шаҳри прокуратурасидан олинган маълумотга кўра, 19 октябрь куни ҳолат юзасидан ўтказилган қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатлари якуни бўйича Олмазор тумани ҳокимининг собиқ ўринбосари А.Ваҳобов ва Kun.uz мухбири Р.Исроиловнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари мавжуд бўлмагани сабабли жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Ваҳобов Kun.uz мухбирига туҳмат қилмаган деб топилди

Жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қарордан хулоса қилиш мумкинки, прокуратура А.Ваҳобовнинг тушунтиришидан бошқа бирорта далил бўлмай туриб, Р.Исроилов А.Ваҳобовдан 1 гектар ер майдонини сўраган, деб топган.

Эътибор берилса, прокуратура қарорнинг шу қисми билан «Р.Исроилов ҳоким ўринбосаридан ер сўраган», деб ҳисобламоқда. Аммо қарорда ушбу ҳолат айнан нима билан тасдиқлангани, Р.Исроилов А.Ваҳобовдан айнан қачон ва нима мақсадда ер сўрагани, бунинг эвазига қанча миқдорда пул (пора) таклиф қилгани тафсилотлари баён этилмаган.

Ваҳоланки, Р.Исроилов Бош прокурор номига ёзган шикоятида ҳам, суриштирув органига берган тушунтиришида ҳам «замҳоким» ўз интервьюсида унга туҳмат қилгани, А.Ваҳобов билан аввал кўришмагани, ундан ер ёки бошқа қимматликларни сўрамаганини таъкидлаб келган. Мазкур бир-бирига мутлақо қарама-қарши фикрларнинг қай бири асосли экани текшириб кўрилмаган, ҳуқуқий баҳо берилмаган. Аслида қўшимча терговга қадар текширув ўтказилишига сабаб бўлган асосий масала ҳам шу эди.

Жиноят-процессуал кодексининг 22-моддасига кўра, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқилиши керак. Ишда юзага келадиган ҳар қандай масалани ҳал қилишда айбланувчини ёки судланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган, шунингдек унинг жавобгарлигини ҳам енгиллаштирадиган, ҳам оғирлаштирадиган ҳолатлар аниқланиши ва ҳисобга олиниши лозим.

А.Ваҳобов видеоинтервьюда нималар деган эди?

Шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати тайёрлаган, сал кам 20 дақиқа давом этган видеоинтервьюнинг асосий мазмуни Р.Исроилов А.Ваҳобовдан ер сўрагани, бунинг эвазига «жуда юқори сумма» таклиф қилгани, бунга рози бўлмагани учун атайин, қасд олиш мақсадида 14 август куни ҳокимлик биносида юз берган ҳолатдан ўзининг ғараз мақсадларида фойдалангани ҳақида сўз юритилади.

Видеоинтервьюда А.Ваҳобов Р.Исроилов ҳақида нималар деганини эслаб ўтамиз:

«– Cамарқанд вилоятидаги оилада қийинчилик билан катта бўлганман, иш излаб Тошкентга келиб, Kun.uz сайтига (ишга) кирдим, ойлик маошим ўзимга етмайди, менга таклиф берган тадбиркорим бор, шу 1 гектар ерни олишда ёрдам берсангиз, ярмига тўйхона қураман, ярмини у одамга сотаман, cизни ҳам қуруқ қўймайман, деб керак бўлса жуда юқори миқдордаги суммаларни айтди»

«– Сиз (таклифимга) салбий жавоб берадиган бўлсангиз, мен бу нарсани тескари оламан, кўча думалоқ, эртага яна кўришиб қоламиз, деган гап билан таҳдид қилди»

« – бинодан чиқаётганимда (14 август куни назарда тутилмоқда) Раҳматилло рўпара келиб қолиб, илтимоси нима бўлганини сўради. Мен бу илтимосингизни ўша пайтнинг ўзида рад этганман, ваколатимни суиистеъмол қилолмайман дедим. Шунда Раҳматилло «майли, ҳозир қўлимда материал бор, энди ўзиздан кўринг», дегандек таҳдид қилди»

«– (ҳокимият биносига) биринчи кириб келганида фойеда ўзининг аввал сўраган илтимосини назарда тутгани учун, ғараз масаласи бўлганидан, кейин алоҳида ҳоким ҳузурида гаплашамиз деганимни писанд қилмади»    

«– ўйладимки, ҳозир мени бошқа ҳолатда чиқаради деб, чунки у «сайтимда 1 млн. обуначим бор, буюртмачиларим бор, ҳозир нима ёзсам амалда ҳам худди шу бўлади деб бошида гапирган гапи миямга ўтириб қолди»

«– вазият шу бўлиб қолдики, йигитлар ўзини оппоқ кўрсатиб, бу ёқда биз қолиб кетдик, шунга масала бўйича ойдинлик киритишларингизни илтимос қиламан, оммавий ахборот воситаларида кўрсатишларингни сўраб қолардим»

«– Раҳматилло таҳдид орасида 1 млн. обуначим бор, бир кунда қўяман, 3 кунда натижаси чиқади, мени ҳамма эшитади, керак бўлса ҳоким билан қўшиб ўзингизни ҳам ишдан олдираман, деган гаплари қулоғимда жаранглади».   

Шунингдек, А.Ваҳобов шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати ходимининг саволига жавобан Kun.uz ўзига ер масаласида бир эмас, икки марта таҳдид қилгани ҳақида билдирган.

Гувоҳи бўлганингиздек, А.Ваҳобовнинг прокуратура қарорида келтирилган сўзлари билан видеоинтервьюда айтган гаплари ва ижтимоий тармоқларда тарқалган бошқа видеоёзувлар бир-биридан кескин фарқ қилмоқда. Қолаверса, таҳририят ходимлари 14 август куни ҳокимлик биносига кириб боришидан бошлаб, чиқиб кетгунига қадар юз берган воқеа-ҳодисалар акс этган видеода Р.Исроилов А.Ваҳобов билан у айтаётган мавзуда суҳбатлашмаганини очиқ-ойдин кўриш мумкин. Мазкур видео шаҳар прокуратурасига ҳам тақдим этилган эди. Аммо, қабул қилинган қарордан кўриниб турибдики, суриштирув органи тегишли аудио ва видеоматериалларни тарафларнинг кўрсатмалари билан солиштириб кўрмаган.

А.Ваҳобовнинг гаплари тасдиқланса бунинг ҳуқуқий ечими қандай бўлади?

Жиноят кодексининг 211-моддасига кўра пора бериш, яъни давлат органи мансабдор шахсига мазкур мансабдор шахснинг ўз хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора берган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига қонунга хилофлигини била туриб бевосита ёки воситачи орқали моддий қимматликлар бериш ёки уни мулкий манфаатдор этиш, энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шу боис, А.Ваҳобовнинг илгари сурган даъволари ўз тасдиғини топса, Р.Исроилов ЖКнинг юқоридаги моддаси билан жиноий жавобгарликка тортилиши лозим.

Бордию, фараз қилайлик, 1 гектар ер учун А.Ваҳобовга таклиф этилган поранинг миқдори кўп (энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваридан беш юз бараваригача) ёки жуда кўп (энг кам ойлик иш ҳақининг беш юз баравари ва ундан ортиқ) миқдорда бўлса, Р.Исроиловнинг айблилик масаласи ЖКнинг 25,211-моддаси иккинчи қисми «б» банди ёки шу модданинг учинчи қисми «а» банди доирасида ҳал этилиши керак эди (маълумот учун: ЖКнинг 25-моддасига кўра қасддан содир этиладиган жиноят бошланиб, шахсга боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра охирига етказилмаган бўлса, жиноят содир этишга суиқасд деб топилади).

Тасдиқланмасачи?

Ҳозирча мухбир Р.Исроилов А.Ваҳобовнинг даъволарини тўлиқ инкор этиб, уларнинг барчасини туҳмат деб ҳисобламоқда. Kun.uz ўтказган ички суриштирув натижалари, ижтимоий тармоқларда тарқалган (тарқалмаган) видеолар ва ишга алоқадор бошқа далилларнинг барчаси А.Ваҳобовнинг гаплари туҳматдан иборатлигига ишора қилмоқда. Фақат бу ҳозирча прокуратура органлари томонидан ҳар томонлама тўлиқ, мавжуд далилларга асосланган ҳолда текширилганича йўқ. 

Маълумки, А.Ваҳобов мухбирнинг тамагирлигига оид даъвони оммавий ахборот воситаси ҳисобланган Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати тармоқлари орқали эълон қилди.

Агар ушбу даъволар тасдиқланмаса, унда бу туҳмат деб топилиши ва А.Ваҳобовга нисбатан Жиноят кодексининг 139-моддаси иккинчи қисми билан жиноят иши қўзғатилиши лозим.

ЖКнинг 139-моддаси иккинчи қисмига кўра оммавий ахборот воситалари орқали туҳмат қилиш, яъни била туриб бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш энг кам ойлик иш ҳақининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ёки А.Ваҳобовнинг фикри бўйича мухбир унга ер олиб бериши учун таклиф қилган «жуда юқори сумма» (пора) миқдори жиноят кодекси билан белгиланган «кўп миқдор»да (энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваридан беш юз бараваригача) бўлса, Ваҳобовнинг қилмиши ЖКнинг 139-моддаси 3-қисми «а» банди (оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб туҳмат қилиш) билан малакаланиши лозим.

Ваҳобовнинг интервьюда айтган гаплари тасдиқланмаса-ю, лекин унга нисбатан жиноят иши қўзғатишга «кўз қиймаётган» бўлса, вазиятга ҳеч бўлмаганда МЖтКнинг 40-моддаси доирасида баҳо берилиши ҳам мумкин.

Ёпилган қозон ёпилганича қоладими?

Тошкент шаҳар прокуратурасининг бу қарори якуний қарорми ёки иш яна қайта кўриб чиқиладими, ҳозирча буниси қоронғи. Аммо, адолат нуқтайи назаридан бу масала бевосита Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан ўрганилиши зарур.

Чунки, бу ҳолатда танганинг учинчи томони йўқ, масала аниқ ва равшан:

- пора таклиф қилгани рост бўлса, мухбир жавобгарликка тортилиши керак, чунки бу КОРРУПЦИЯ!

- собиқ ҳоким ўринбосарининг мухбир ҳақида айтган гаплари исботланмаса, унда у жавобгарликка тортилиши лозим, чунки бу ТУҲМАТ!

Хулоса қилиб айтганда, бирор-бир мансабдор шахсдан изоҳ олишни ният қилган журналист ўша мансабдорга ёқмаса «мендан пул ёки ер сўраб, тамагирлик қилди, мен бермаганим учун шунақа қилди», деб туҳмат қилаверса, бу каби ҳолатлар прокуратура органлари томонидан етарли даражада ўрганилмай, жиноят аломати йўқ, деб иш ёпиб юборилаверса, оммавий ахборот воситалари ва журналистиканинг келажаги хавф остида қолиб кетмайдими?

Мавзуга оид