Ўзбекистон | 12:50 / 06.01.2022
19109
2 дақиқада ўқилади

Бизнес омбудсман чигит билан боғлиқ муаммо сабаб Қашқадарё ҳокимлигини огоҳлантирди

Қашқадарё вилоятидан чигит чиқармаслик, хусусан, “Умакай” постида каттақўрғонлик тадбиркорларга тегишли маҳсулотнинг ҳамон ушлаб турилгани юзасидан Ўзбекистон президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил - бизнес омбудсман муносабат билдирди.

Муносабатда бизнес омбудсман девони томонидан тегишли масала юзасидан эълон қилинган мақолада келтирилган ҳолатларни ўрганиш ва ишга оид зарур маълумотларни тўплаш бошлангани айтилмоқда.

Хусусан, ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ва ИИБга сўров хатлари киритилган. 

Шу билан бирга, Қашқадарё вилоят ҳокимлиги бизнес омбудсман томонидан 5 январ куни тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишига доир қонун ҳужжатларининг бузилишига йўл қўйилган тақдирда тегишли тартибда чора кўриш бўйича огоҳлантирилган.

Муносабатда ҳолат юзасидан ўрганиш давом эттирилаётгани ва натижаси бўйича ОАВ хабардор қилиниши айтилган.

Ушбу ҳолат бўйича Kun.uz суриштирувларини давом эттирмоқда. Маълумотларга кўра, Қашқадарёдан чигит олиб чиқиш билан боғлиқ муаммо 2021 йилнинг 28 декабрида бошланмаган. Бир муддат аввал айнан “Умакай” постидан яна бошқа тадбиркорларнинг маҳсулотлари ЙПХ ходимлари ҳамроҳлигида қайтариб кетилгани ва харид қилинган жойга олиб бориб тўкилгани бўйича далиллар тақдим қилинди.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳам масалага аралашди ва вилоят ҳокимлиги ҳамда ИИБдан изоҳ талаб қилди.

Исомиддин Пулатов
Тайёрлаган Исомиддин Пулатов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид