Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Абдуманноп Бўриев бизнес-омбудсман лавозимига тайинланди
Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили (бизнес-омбудсман) лавозимига Абдуманноп Абдураҳмадович Бўриев тайинланди.
Фото: Telegram / davlat_boshqaruvi
Бизнес-омбудсман — тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича махсус ваколатли мансабдор шахс ҳисобланади. У (шунингдек, вакилнинг ўринбосари ҳам) президент томонидан лавозимга тайинланиши ва лавозимидан озод этилиши белгиланган.
Очиқ манбаларда келтирилишича, Абдуманноп Бўриев 1986 йилда Тошкент вилояти Бекобод шаҳрида туғилган.
У адлия тизимида раҳбарлик лавозимларида ишлаган. Хусусан, 2025 йилда Адлия вазирлиги марказий аппаратида Ташкилий-назорат ва стратегик режалаштириш бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган, бунга қадар эса Ташкилий-назорат ва таҳлил бошқармасига раҳбарлик қилгани қайд этилган.
Шунингдек, Адлия вазирлиги ҳужжатларида у Фарғона вилоят адлия бошқармаси бошлиғи сифатида ҳам кўрсатилгани қайд этилган.
Бизнес-омбудсман институти тадбиркорликни ривожлантиришдаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва тадбиркорлар ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш каби йўналишларда иш олиб бориши назарда тутилган.