Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Фарғонада “беспредел”: Икромов қаерга қараяпти?
Фарғона вилоятида ИИБ ходимлари томонидан содир қилинган жиноятлар, ноқонуний ҳаракатлар сони ортиб бормоқда: “участкавой” маст ҳолда одам уриб, ўлимига сабабчи бўлиши, вилоят ЙҲХБ бошлиғи хотинига тегишли Malibu’нинг жарималарини “енг ичида” бекор қилиб юбориши, фермерга тўппонча ўқталиш... Вазият ҳатто сохта “тадбир” уюштириб, бир аёлни яланғоч ҳолда калтаклашдай жирканч нуқтагача етиб борди. Бу “беспредел”лик охирги икки йил – вилоят ИИБга Азизбек Икромов раҳбарлик қилаётган даврда кўпайди.
Фарғона вилоятида ички ишлар ходимлари томонидан содир этилаётган ноқонуний ва ноинсоний ҳаракатлар тобора жиддий тус олмоқда. Бу жамоатчиликнинг кескин эътирозларига сабаб бўлибгина қолмай, фуқароларнинг тинч ҳаёти-ю шаънига ҳам таъсир қиляпти. Фурқат туманидаги ҳолат эса ҳаммасидан ошиб тушди. Азизбек Икромовнинг Фарғона вилояти ИИБга раҳбарлик даври ана шундай “ходимларнинг қуюшқондан чиқиши” билан ўтмоқда.
Адоват ортидаги жиноят
Айбсиз аёлни яланғоч ҳолга келгунча калтаклаш ва сўнгра шаънини ерга қориштириб, тасвирга олиш қанчалар пасткашлик. Бунга Фурқат тумани ИИБ бошлиғи, унинг ўринбосари ва тезкор ходимлар ўйлаб ҳам ўтирмасдан қўл уришди.
Фурқат туманида мактаб директори бўлган Гулираъно Қосимова учун 2025 йилнинг 17 апрели даҳшатли кунга айланди. У ўша куни турмуш ўртоғини даволатиш учун ўзига олдиндан таниш бўлган туман солиқ инспекцияси бошлиғидан қарз сўраб боради. Бу солиқ идораси раҳбари Қурбонали Абдураҳмонов билан ўзаро адовати бўлган Фурқат тумани ИИБ бошлиғи Акмал Хўжаевга қулай фурсат эди: ички ишлар ходимлари амалдор ва директорни гўёки фаҳш устида “ушлаб олгандай” калтаклашга тушади, кийимларини йиртиб, яланғоч ҳолда тасвирга олишади.
Аммо режа пухта ўйланмаган чоғи, аёлнинг кутилмаган қатъияти ҳаммасини остин-устун қилиб юборди.
“Қурбонали ака билан учрашиб қарз сўраб турган вақтимда фуқаролик кийимида ходимлар пайдо бўлди. Улар иккимизнинг кийимларимизни йиртиб, уриб-дўппослашди. Қип-яланғоч қилишди. Бир тўда эркаклар қаршисида ожиз қолдим, хўрлигим келди. Хўжаевнинг ходимлари сценарийлари асосида кийимларимизни ечиб, съёмка қилиб, уриб, камерага қараб солиқнинг бошлиғи мени мажбурлаб, жинсий муносабатда бўлди, деб айтасан дейишди. Ҳеч қандай алоқа бўлгани йўқ, бу нарсаларни гапирмайман, мен бировга туҳмат қилмайман, дедим қатъий туриб.
У ердаги атай ташкил қилинган саҳнани тасвирлаб бера олмайман. Чунки Ўзбекистонда бундай воқеа бўлишига ишонмаган бўлардим. ИИБ ходимлари, бизнинг тинчлигимизни сақлаб берадиган одамларнинг ўзи бу даражада пасткашликка боришига ишонмагандим”, деган Гулираъно Қосимова Kun.uz’га берган интверюсида.
Айни пайтда Фурқат туман ИИБ бошлиғи Акмал Хўжаев ўхшамай қолган “шоу”си ортидан эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган. Бироқ Гулираъно Қосимова уни таҳқирлаб, дўппослаган “операция”да қатнашган ходимларнинг айримлари ҳали ҳам ўз лавозимларида ишлашда давом этаётганини айтмоқда.
Фермерга тўғирланган тўппонча
Фарғона вилоятининг Риштон тумнида содир бўлган ҳолатда эса ички ишлар ходимлари фермернинг уйига бориб, унга жисмоний куч ишлатган ва тўппонча ўқталган. Бунга буғдой “плани” бажарилмагани сабаб сифатида кўрсатилган.
Ҳолат “Булоқбоши гулшани” фермер хўжалиги раҳбари Ғайратжон Хайруллаев билан содир бўлган. Туман ҳокимининг топшириғи билан борган ходимлар жисмоний куч ишлатган ҳолда фермерни олиб кетишга уринган. Дадасига тегмасликни айтган фарзандига эътибор бермаган, кекса онасини эса итариб юборишган. Йиқилган онахон ҳушидан кетган.
“Тўсатдан участка нозирлари орқамдан кириб, тўппонча ўқталган ҳолда қўлимни қайириб, отиб ташлайман, ўлдираман, бу ёққа юр, деб бақира кетишди. Тўппонча ўқталгани Булоқбоши маҳалласи участка нозири Ғолиб Тўланов эди. Етмишга кирган онам бу ҳолатни кўриб, ўртага тушиб, нима бўлди, бунақа қилманглар, деганида “участкавой” онамни итариб юборди. Онам ерга йиқилиб тушиб ҳушидан кетди. Онамнинг мазаси қочгандан кейин “участкавойлар” хоҳлаган жойингга мурожаат қил, дея бақир-чақир қилиб, уйимдан чиқиб кетишди. Бир ҳафта шифохонада ётиб зўрға ўзига келди бечора онам”, деган фермер Kun.uz журналисти билан суҳбатда.
Ходимлар дадасига тегмасликни айтган фарзанднинг илтимосига эътибор ҳам бермаган.
Яна Фурқат тумани...
Фурқат туманидаги Кармак маҳалласи участка нозири Зафар Қўшматов маст ҳолда машина бошқариб, йўл транспорт-ҳодисаси содир қилган. У туманнинг Бекобод маҳалласи ҳудудида велосипедда кетаётган 63 ёшли фуқарони уриб юбориб, воқеа жойидан қочиб кетган.
Воқеадан хабар топган участка нозирининг отаси дала четидаги ариқда ётган фуқарони шифохонага олиб бориб, уни кўчадан ҳушсиз топиб олганини айтган. Жабрланувчи тез тиббий ёрдам бўлимига олиб келинганида жонсиз бўлган.
“Отам Нўмонжон Аҳмедов 63 ёшда эди. Пахта қабул қилиш пунктида 42 йилдан бери ишларди. 16 сентябр уйда бирга кечки овқат едик. Тахминан соат 19:15 ларда отам велосипедини миниб ишига чиқиб кетди.
Кетаётганда қўшни маҳаллада участка нозири бўлиб ишловчи Зафар Қўшматов Matiz машинасида маст ҳолатда отамнинг орқасидан келиб урган. Энг алам қилгани биринчи ёрдам кўрсатмай қочиб кетган. Ичиб олиб машина бошқаргани ҳақида барча далиллар бор. Буни ўзи ҳам тан олди”, деган марҳумнинг ўғли Шерзод Аҳмедов.
Зафар Қўшматовга нисбатан жиноят иши қўзғатилган ва у эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган. Ҳозирда ҳолат бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Хотин учун “бонус”
Фарғона вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган подполковник Акмал Аҳмедов турмуш ўртоғига тегишли Malibu’нинг 100 дан ортиқ жарималарини “енг ичида” бекор қилиб юборган. Бунинг ортидан ички ишлар вазирининг тегишли буйруғи билан Акмал Аҳмедов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, қонунбузарликка тўлиқ ҳуқуқий баҳо берилиши маълум қилинди.
Агар ушбу ҳолат жамоатчилик эътиборига тушмаганида подполковникнинг хотини ҳозир ҳам Фарғонада кўчаларида Malibu’сида светофорнинг қизил чироғидан ўтиб-қайтиб юрган бўларди балки.
“Тизимни тамагирлик, порахўрлик сингари иллатлардан тозалаш ишлари олиб борилаётган бир пайтда, бошқарма бошлиғи яқин қариндошига тегишли бўлган Malibu-2 автомашинасида содир этилган қоидабузарликларни қонунга зид равишда яширишга урингани фош этилган”, дейилганди ҳолат бўйича идора берган расмий муносабатда.
Malibu’да содир этилган барча қоидабузарликлар бўйича жарималар тўлиқ ундирилган.
Ресторандаги “маска-шоу”
Фарғона шаҳридаги ресторанлардан бирига “маска-шоу” уюштирилган. Қуролланган ниқобли ходимларга вилоят ИИБ бошлиғи Азизбек Икромов ҳамда вилоят прокурори Бахтиёр Исмоилов бошчилик қилган.
2023 йил сентябрдаги ҳодисада вилоят прокурори тезкор вакилга ресторан раҳбарини “наркотик ташлаб тиқиш”ни буюрган. Унинг бу топшириғи кузатув камераларига ёзилиб қолган.
Ички ишлар ходимлари ресторанни “остин-устун” қилаётган бир вақтда Азизбек Икромов йўл четида сигарет тутатиб, ҳолатни кузатиб турган.
Ичкаридаги “чириш” аллақачон ташқарига чиқа бошлаган
Фарғонада туҳмат моддаси билан қўзғатилган жиноят иши доирасида ички ишлар ходимининг уйида тинтув ўтказилган.
Маълум бўлишича, 2025 йил 20 июл куни номаълум шахс ижтимоий тармоқлардаги иккита гуруҳда ИИВ ШХББ Фарғона вилояти бўйича бошқармаси бошлиғига нисбатан туҳмат хабар тарқатган. Хабарда мансабдор бир аёлга шаръий никоҳ асосида иккинчи хотин сифатида уйланиб олгани айтилган.
Ҳолат юзасидан Фарғона вилояти прокуратураси томонидан номаълум шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатларини олиб бориш жараёнида, ички ишлар ходимларидан бири ушбу жиноятни содир қилишда гумонланган ва унинг яшаш хонадонида тинтув ўтказилган.
Тинтув ходимнинг яшаш хонадони ва ёрдамчи хўжаликларида суд ажримига асосан ўтказилган, лекин унда шубҳали ҳеч нарса топилмаган.
Эслатиб ўтамиз, Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Азизбек Икромов 2023 йил июл ойидан буён ушбу лавозимни эгаллаб келмоқда. У бунга қадар ички ишлар вазири ўринбосари лавозимида фаолият юритган.
Мавзуга оид
20:51 / 17.12.2025
Наркотиклар айланмасига мансабдорлар ҳомийлик қилаётган ҳолатлар жуда кўп — Равшан Маматов
14:58 / 17.12.2025
Навоий ИИБда 13 нафар ходимга нисбатан хизмат текшируви тайинланди
15:41 / 16.12.2025
«Қўқонлик табиб» яна судга берилди
10:34 / 16.12.2025