Фарғона вилояти Фурқат туманидаги Кармак маҳалласи участка нозири Зафар Қўшматов маст ҳолда машина бошқариб, ЙТҲ содир қилди: у туманнинг Бекобод маҳалласи ҳудудида велосипедда кетаётган 63 ёшли фуқарони уриб юбориб, воқеа жойидан қочиб кетган. Воқеадан хабар топган участка нозирининг отаси дала четидаги ариқда ётган фуқарони шифохонага олиб бориб, уни кўчадан ҳушсиз топиб олганини айтган. Жабрланувчи тез тиббий ёрдам бўлимига олиб келинганида жонсиз бўлган. 

Фурқат туманида инсон ўлими билан боғлиқ ЙТҲ содир бўлди. Маълум бўлишича, Кармак маҳалласи участка нозири Зафар Қўшматов маст ҳолда машина бошқариб, 63 ёшли Нўмонжон Аҳмедовни уриб юборган. Отахон оғир тан жароҳати олиб, вафот этган. Марҳумлар яқинлари Kun.uz мухбирига воқеа тафсилотини гапириб берди.

“Биринчи ёрдам кўрсатмай қочиб кетган”

“Отам Нўмонжон Аҳмедов 63 ёшда эди. Пахта қабул қилиш пунктида 42 йилдан бери ишларди. 16 сентябр уйда бирга кечки овқат едик. Тахминан соат 19:15 ларда отам велосипедини миниб ишига чиқиб кетди.

Шерзод Аҳмедов, марҳум Нўмонжон Аҳмедовнинг ўғли

Кетаётганда қўшни маҳаллада участка нозири бўлиб ишловчи Зафар Қўшматов Matiz машинасида маст ҳолатда отамнинг орқасидан келиб урган. Энг алам қилгани биринчи ёрдам кўрсатмай қочиб кетган. Ичиб олиб машина бошқаргани ҳақида барча далиллар бор. Буни ўзи ҳам тан олди.

Участка нозири уйига бориб, отасига бўлган воқеани гапириб берган. Бир соатдан кейин отаси акаси билан бирга отамни ўша жойдан олиб, шошилинч тез тиббий ёрдамга олиб боришган ва бу одамни йўлдан беҳуш ётганда топиб олдик, деб шифокорларни бунга ишонтирган.

марҳум Нўмонжон Аҳмедов

Бу пайтда биз бўлиб ўтган ишдан бехабар эдик. Укам отамга телефон қилиб, ишга соғ-омон етиб олдингизми демоқчи бўлса телефонни доктор олиб отам реанимациядалигини айтган.