Ижтимоий тармоқларда ИИБ ходимлари фуқарога унинг хонадонида тўппонча ўқталиб куч ишлатгани айтилган хабарлар тарқалди. Kun.uz мухбири ҳолат юзасидан изоҳ олиш учун Риштон тумани ҳокими Баҳодир Холиқов ва “Булоқбоши гулшани” фермер хўжалиги раҳбари Ғайратжон Хайруллаев билан боғланди.
Ғайратжон Хайруллаевга кўра, ҳақиқатан ҳам участка нозирлари унинг яшаш хонадонида ғалла режасини бажармаганликда айблаб, тўппонча ўқталиб онасини туртиб юборишган:
“7 июл куни Риштон тумани Булоқбоши қишлоғидаги дала майдонига пахтага ўғит бераётган эдим. ИИБ ходимлари келишди. Кечки пайт соат 19:30 лар эди. Ходимларга уйимга бориб тураверинглар ювиниб тараниб ўтиб бораман дедим. 3 нафар ходим орқамдан келди.
Сизни кутиб турамиз дейишди. Мен кийимни алмаштиргани ичкарига кирдим. “Участкавой”лар Ғолиб Тўланов ва Нодир Абдураҳимов одатда йиғилиш бўлса айтгани келишарди. Бу сафар ҳам йиғилиш бўлса керак деб ўйладим.
Тўсатдан участка нозирлари орқамдан кириб, тўппонча ўқталган ҳолда қўлимни қайириб, отиб ташлайман, ўлдираман, бу ёққа юр деб бақира кетишди. Тўппонча ўқталгани “Булоқбоши” МФЙ участка нозири Ғолиб Тўланов эди. Етмишга кирган онам бу ҳолатни кўриб, ўртага тушиб, нима бўлди, бунақа қилманглар, деганида “участкавой” онамни итариб юборди. Онам ерга йиқилиб тушиб ҳушидан кетди. Онамнинг мазаси қочгандан кейин “участкавойлар” хоҳлаган жойингга мурожаат қил, дея бақир-чақир қилиб, уйимдан чиқиб кетишди. Бир ҳафта шифохонада ётиб зўрға ўзига келди бечора онам.
Биржага 17 тонна дон қўйганман. Уйимга бир кило ҳам дон яширмаганман. Ғалла топшириш режасини бажарган эдим. Буларнинг асл мақсадини била олмадим”, дейди фермер.
Унинг қўшимча қилишича, тумандаги яна бир фермер хўжалиги раҳбари Азизбек Тожибоев пахтага кимёвий ўғит пуркаш ускунасини ҳокимликка топширмагани учун 5 суткага қамалган.
Риштон тумани ҳокими ижтимоий тармоқда тарқалган видеони ҳали кўрмагани, ИИБ ходимлари фермерга тўппонча ўқталмаганини айтди:
“Энди бу масала шундайки, ҳамманинг ўз ҳуқуқи бор, мажбуриятлари ҳам бор-да. Фермернинг ғалла, пахта масаласида давлат олдидаги мажбуриятлари бор, шуни бажариши керак. Бундан кейин иккинчиси, ўғит масаласи. Ўғитни сифатли қилиб тайёрлаш, сабаби эртага ўзига яхши бўлади, ҳосилдорлиги яхши бўлади. Шу нарсани ички ишлар ходими бориб тўғри тушунтириб, “Эй, оғайни, эртага “дефолиация” қиласан, “дефолиациянг” сифатли бўлади, ҳосилдорлигинг ошади”, деб айтишган.










