Жамият | 17:49 / 04.10.2025
103669
13 дақиқада ўқилади

Омадсиз “тадбир” ёхуд бировга чоҳ қазисанг ўзинг тушасан: ИИБ бошлиғининг фитнаси ўзига қарши ишлади

Фарғона вилояти Фурқат туманида мактаб директори бўлган Гулираъно Қосимова учун 2025 йилнинг 17 апрели даҳшатли кунга айланган. У ЙТҲга учраган турмуш ўртоғини даволатишга ўша куни таниши, туман солиқ инспекцияси бошлиғидан қарз сўраб боради. Бу солиқ идораси раҳбари билан ўзаро адовати бўлган Фурқат тумани ИИБ бошлиғига қулай фурсат эди: ИИБ ходимлари амалдор ва директорни гўёки “ушлаб олгандай” калтаклашга тушади, кийимларини йиртиб, яланғоч ҳолда тасвирга олишади. Аммо режа пухта ўйланмаган чоғи, аёлнинг кутилмаган қатъияти ҳаммасини остин-устун қилиб юборди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Фурқат туманидаги мактаблардан бирининг директори бўлган 34 ёшли Гулираъно Қосимова туман солиқ инспекцияси ва ИИБ бошлиқларининг ўзаро адовати қурбони бўлди: ИИБ ходимлари аёлнинг шаъни ва қадр-қимматини топтаб, ерга қориштириб ташлашди. Директор ўзи билмаган ҳолда Фурқат тумани ИИБ бошлиғи Акмал Хўжаев томонидан туман солиқ инспекцияси раҳбари Қурбонали Абдураҳмоновга қўйилган “тузоқ”қа тушиб қолганди.

Бир тўда ходимлар қаршисида қип-яланғоч эдим”

2025 йил 17 апрел. Бу сана Гулираъно Қосимова учун даҳшатли кун бўлган.

Гулираъно Қосимова

Директор ўзининг таниши, Фурқат тумани солиқ инспекцияси бошлиғи Қурбонали Абдураҳмоновдан ЙТҲга учраган турмуш ўртоғини даволатиш учун қарз сўрашга боради. Ўша пайтда бир гуруҳ ИИБ тезкор ходимлари тўсатдан пайдо бўлиб, директор ва амалдорни қип-яланғоч қилиб ечинтирган ҳолда дўппослай кетишди:

Фурқат туманидаги 29-мактабда директор бўлиб ишлайман. Фурқат тумани Ички ишлар бўлими собиқ бошлиғи Акмал Хўжаев билан туман солиқ инспекцияси бошлиғи Қурбонали Абдураҳмонов ўртасидаги можаро қурбони бўлдим. Ҳақиқатан ҳам Қурбонали ака билан аввалдан танишман. У киши билан бирга ишлаганмиз.

Турмуш ўртоғим автоҳалокатга учраши оқибатида ўнг қўлидан жиддий жароҳат олганди. Операцияси учун ҳаммадан пул сўраб юрган вақтим эди. Шифокорларнинг саъй-ҳаракати билан қўли сақлаб қолинди. Аммо кўрикдан ўтганимизда зудлик билан қайта операция қилиниши зарурлигини, бу гал нервларни улаш кераклиги, акс ҳолда қўл қуриб қолишини айтишди.

Гулираъно Қосимованинг турмуш ўртоғи

Кўпчиликдан пул сўрадим. Октябр ойида авария бўлган бўлса, биринчи операциясини ўтказган эдик. Шу тариқа иккинчи операцияси учун маблағ зарур бўлди. Қурбонали акадан ёрдам сўрадим. Бу ҳақда турмуш ўртоғимнинг ҳам хабари бўлган.

Қурбонали ака билан учрашиб қарз сўраб турган вақтимда фуқаролик кийимида ходимлар пайдо бўлди. Улар иккимизнинг кийимларимизни йиртишиб, уриб-дўппослашди. Қип-яланғоч қилишди. Бир тўда эркаклар қаршисида ожиз қолдим, хўрлигим келди. Нималар бўлаётганини англолмай қолгандим”.

Хотинингни бошқаси билан ушлаб олдик”

Ялиниб-ёлворишига қарамай Гулираънонинг кўйлаклари йиртилади, қип-яланғоч қилиб ечинтирилиб, ходимлар томонидан аёвсизларча таҳқирланади. Унга қўшиб солиқ идораси бошлиғи ҳам калтакланиб, ечинишга мажбур этилади. Бу орада қўлида телефон камерасини ёқиб олган ходимлар пайдо бўлади ва гўёки жинсий алоқа қилаётган эркак ва аёлни ушлаб олгандай ҳолатни тасвирга тушира кетишади. Қўлида қоғоз ва ручкаси тайёр турган ходимлардан бири Гулираъно Қосимовани “Солиқ инспекцияси бошлиғи Қурбонали Абдураҳмонов мени жинсий алоқа қилишга мажбурлади”, қабилида ариза ёзиб берасан, дея мажбурлашга тушади. Аммо уларнинг уринишлар бесамар кетади, мактаб директори бундан бош тортди.

Хўжаевнинг ходимлари сценарийлари асосида кийимларимизни ечиб, съёмка қилиб, уриб, камерага қараб солиқнинг бошлиғи мени мажбурлаб, жинсий муносабатда бўлди, деб айтасан дейишди. Ҳеч қандай алоқа бўлгани йўқ, бу нарсаларни гапирмайман, мен бировга туҳмат қилмайман, дедим қатъий туриб.

Уларнинг айтганларини бажармадим. Энди ходимлар турмуш ўртоғимни ўртага қўшишди, унга хотинингни бошқаси билан ушлаб олдик, деб айтамизга ўтишди. У ердаги атай ташкил қилинган саҳнани тасвирлаб бера олмайман. Чунки Ўзбекистонда бундай воқеа бўлишига ишонмаган бўлардим. ИИБ ходимлари, бизнинг тинчлигимни сақлаб берадиган одамларнинг ўзи бу даражада пасткашликка боришига ишонмагандим”, дейди Гулираъно Қосимова.

Пухта ишланган “тузоқ”

Аслида буларнинг барчаси аввалдан режалаштирилган “шоу” эди. Туман ИИБ бошлиғи Акмал Хўжаев солиқ инспекциясининг бошлиғи Қурбонали Абдураҳмонов билан тортишиб қолган, уни лавозимидан ағдариш учун пайт пойлаб юрганди. Мактаб директорининг рақиби билан учрашиб қолгани ИИБ бошлиғи учун айни муддао бўлади. Қизиғи, ИИБга ҳолат бўйича хабар бериш вақтларида ҳам “жумбоқлар” мавжуд.

ИИБ тезкор ходимлари аввалдан сценарий тузишган, солиқнинг бошлиғи мени мажбурлаб жинсий муносабатда бўлди, деб ёзиб беришимни кутишганди. Уларнинг асл мақсади солиқ “каттаси”ни ишдан бўшатиш ва қамаш бўлган. Лекин ходимлар мақсадига эриша олмади. Мен улар хоҳлаган гапни айтиб бермадим.

ИИБ бошлиғи ва солиқ раҳбари аввалдан тортишиб қолган, ходимлар қулай пайт пойлаб Қурбонали акани кузатиб юришган экан. Қурбонали аканинг ёнига бориб қолганим улар учун айни муддао бўлган.

ИИБ навбатчилик қисмига “ушланиб қолганимиз” ҳақида ҳам хабар берилган. Бунда ҳам қизиқ чалкашликлар бор. ИИБга соат 16:58 да олиб кириляпман мажбуран. Гўёки дўкон сотувчиси мен билан солиқ бошлиғини кўриб қолибди-да, соат 17:21 да 102 га хабар беряпти. Бу ерда қани мантиқ?!

Энди яна ҳам қизиқ ҳолатни айтиб бераман: соат 17:21 да берилган хабарни навбатчи ходим Р. Ёрматов соат 17:00 да қабул қилиб оляпти. Кейин ўша асосида бизни “ушлаб” чиқяпти. Ваҳоланки, соат 16:58 да ички ишларнинг биносида бўлганман. Буларнинг мантиқсиз, қўпол равишда, ҳужжатларни сохталаштиргани одамни ҳайратга солади.

ИИБ тезкор ходимлари биз хоҳлаган нарсани ёзиб берасанми, йўқми, дейишга ўтишди. Йўқ, ёзмайман, бировга туҳмат қилмайман, деб қатъий туриб олдим. Гапимизга қулоқ солмасанг эрингга хотинингни ушлаб олдик, деймиз дейишди. Айтавер, экспертиза қилдирасан, ҳақиқатан жинсий алоқа қилган бўлсам, бўйнимга қўйиб берасан, дедим. Кейин улар ноиложликдан эримни чақиртиришди-да, англашилмовчилик бўлибди, ҳаммаси жойида деб қайтариб юборишди”, дея эслайди ўша кунги воқеаларни Гулираъно Қосимова.

Бўлиб ўтган воқеалар ортидан руҳий тушкунликка тушган мактаб директори ўз жонига қасд қилади. Аммо бахтли тасодиф туфайли ҳаётга қайтади. Шундан сўнг аёл ўзини қўлга олиб, шаъни, оиласи учун бу уюштирилган “шоу”ни оммага ошкор қилиш учун астойдил бел боғлайди ва бунга эришади ҳам. Камера ёзувлари эса аёл учун қўл келади: участка нозири Аъзам Ҳамиджонов таниши бўлган дўкон сотувчиси Давлат Юсупов олдига келиб, аёл ва эркак жинсий алоқа қилаётгани ҳақида 102 қисқа рақамига хабар берасан, деб тайинлаётгани камерага муҳрланиб қолган.

Бошимдан ўтган воқеалар руҳиятимга қаттиқ таъсир кўрсатди. Оилалиман, турмуш ўртоғим, 3 нафар фарзандим, қайнота ва қайнонам олдида, умуман олганда бутун туманда ёмонотлиқ бўлдим. Гарчи туҳмат қурбони бўлган бўлсам-да одамлар буни тушунмасди. Уят бўлса ҳам қайнона ва қайнонамга бошимдан ўтган воқеаларни гавдалантириш, бу ишлар аслида туҳмат эканига ишонтириш учун кийимларимни ечиб, калтак зарбидан кўкариб кетган танамгача кўрсатдим. Барибир бўлмади, ўз жонимга қасд қилдим. Лекин шифокорлар ҳаётимни сақлаб қолишди.

Участкавой” Аъзам Ҳамиджонов ўзининг аввалдан таниши бўлган дўкончи Давлат Юсуповнинг ёнига борган. Бу камера ёзувларида ҳам кўриниб турибди. Давлат Юсуповнинг туман прокуратурасига берган кўрсатмасидан билиш мумкинки, унга Аъзам қандайдир видеони кўрсатиб, уни 102 рақамига телефон қилиб, гўёки солиқ бошлиғи бир аёлни уйига жинсий алоқа қилиш учун олиб кириб кетди, дейишга кўндиради. Давлат Юсупов “участкавой”нинг сенга ҳеч нарса бўлмайди, деган гапларига ишонган ва 102 га телефон қилган. Кейинчалик Давлат Юсупов таҳдидлар остида ўз кўрсатмаларини ўзгартирган бўлса ҳам, у ички хавфсизлик ходимининг телефон рақамигача келтириб берган. Детализацияларда ҳақиқатан ҳам ўша рақам билан Юсупов Давлат гаплашганини кўриш мумкин”.

Қилмиш-қидирмиш

Айни пайтда Фурқат туман ИИБ бошлиғи Акмал Хўжаев ўхшамай қолган “шоу”си ортидан эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Акмал Ходжаев, Фурқат тумани ИИБ собиқ бошлиғи

Акмал Хўжаевга Жиноят кодексининг 141-1-моддаси (Шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш) 2-қисми “а, б” бандлари, 141-3-моддаси (Шахснинг шаънини ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилиш) 2-қисми “б” банди, 142-моддаси (Фуқароларнинг турар жойи дахлсизлигини бузиш), 206-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 1-қисми ҳамда 230-2-моддаси (Тезкор-қидирув фаолияти натижаларини сохталаштириш (қалбакилаштириш) 1-қисми билан айблов эълон қилинган.

Сувдан қуруқ чиқаётганлар бор

“Шоу” уюштиришда ҳаммаслак бўлган собиқ ИИБ бошлиғининг ўринбосари ва аёлни таҳқирлаган тезкор ходимлар ҳали ҳам ўз лавозимларида ишлашда давом этмоқда. Аёлнинг таъкидлашича, туман ИИБ бошлиғи ўринбосари Жасур Расулов бўлган ишларни бости-бости қилиш учун унга танишлари орқали 50 минг долларгача пул таклиф қилган.

Мени уриб таҳқирлаган тезкор қидирув ходимлари Соҳиб, Тоҳир, Юсуф, Аъзам ва Дилшод эди. Соҳиб, Юсуф, кейин бир ўринбосар бизни съёмка қилганди. У ерда болалар инспектори ҳам бор эди. Уч нафар профилактика инспектори, уч нафар тезкор қидирув ходими, бир нафар терроризмнинг бошлиғи Ғайрат исмли бола ҳам бўлган.

Соҳиб ёмон сўзлар билан ҳақорат қилиб, уриб, жойимдан учириб юборган. Тоҳир сочимдан тортиб келиб, юзимни камерага қаратган. Ғазабни келтирадиган саҳнада. Тепамда тўртта эркак, тўртта ички ишлар ходими турибди. Мен илтимос, четроқ туринглар, ҳеч бўлмаса кийимимни кийиб олай, аёл кишиман деяпман. Улар йўқ, бу ерда шартни сен эмас, биз қўямиз дейишяпти. Тўртта эркак менга қараб турди, уларнинг кўз ўнгида кийиндим.

Норози бўлаётганим, “шоу”ни “началник” ташкиллаштиряпти, ўринбосар унга кўмаклашяпти. Лекин уларнинг топшириғини бажарганлар-чи? Улар жавобгарликдан четда қолмоқда. ИИБ бошлиғи ва ўринбосари ўз қилмишини тан олди. Тегишли идоралардан мени шу кўйга солган барча ИИБ ходимларига қатъий чора кўришларини сўраб қоламан.

Бу воқеалардан кейин тегишли жойларга мурожаат қилдим. ИИБ бошлиғи Хўжаев ишдан кетди. Ўринбосарига айблов эълон қилинди. Энди тез кунларда суд бўлиши кутиляпти. Солиқ идорасининг бошлиғи айби йўқлиги учун ишига тикланди.

Эндиликда эса Жасур исмли ўринбосар ишни бости-бости қилиш учун танишлари орқали 50 минг долларгача пул таклиф қиляпти. Акмал Хўжаев ва Жасур Расулов дастлаб эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинганди, лекин 15 млн сўм гаров эвазига қўйиб юборилган”, дейди аёл.

Гулираъно уни таҳқирлаб, дўппослаган “операция”да қатнашган барча ходимларга қонун доирасида қатъий чора кўрилишини истайди.

Фарғона вилояти прокуратурасининг Kun.uz’га маълум қилишича, ҳолат бўйича прокуратура томонидан тергов ҳаракатлари ўтказилиб, собиқ ИИБ бошлиғи ва масъул шахслар бўйича айблов иши мазмунан кўриш учун судга юборилган.

Сарвар Зиёев,
Kun.uz
Оператор ва монтажчи – Сардор Мамиров.

Муаллиф:  Сарвар Зияев

Мавзуга оид