Жамият | 18:03 / 23.09.2020
14398
9 дақиқада ўқилади

Бектемир ҳокимлигининг «ўхшамаган» раддияси. 12 йиллик муаммони ҳал қилишга нега ҳеч ким журъат қилмаяпти?

12 йилдирки Бектемир туман оқова сувни тозалаш корхонасидан чиқадиган ёқимсиз ҳид корхона атрофида яшовчиларга ноқулайлик туғдирмоқда. Масаланинг ечимига масъул идораларнинг позициялари турлича экани ва энг ажабланарлиси улар бир-биридан кескин фарқ қилиши муаммо етарлича ўрганилмаганидан дарак беради.

14 сентябр куни Kun.uz'да «Бектемирдаги маҳаллалар 12 йилдирки бадбўй ҳид билан яшамоқда. Тадбиркорга шаҳар бедарвозами?» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.

Мақоланинг қисқача мазмуни қуйидагича: Бектемир туман оқова сувни тозалаш корхонаси фаолияти сабаб 12 йилдан бери атрофга нохуш ҳид тарқалади. Бунга маиший оқова сувларга қараганда саноат корхоналаридан ажралиб чиқадиган сувлар кўпроқ сабаб бўлаётгани айтилган. Белгиланган тартибга кўра, саноат корхоналари ўз оқоваларини дастлаб маҳаллий тозалаш тизимида тозалаб, кейин умумий канализация тармоғига ташлаши лозим. Назорат тадбирларида эса бу саноат корхоналарининг оқова сувлари таркибида зарарли моддалар улуши белгиланган меъёрлардан анча юқорилиги аниқланган.

Аммо Экология қўмитаси ва «Сувоқова» бошқармаси томонидан саноат корхоналарига локал сув тозалаш иншоотини ўрнатиш бўйича бир неча маротаба кўрсатма берилган бўлса-да, ўзгариш бўлмаган.

Иншоотнинг етарли даражада тозаланмаган суви Чирчиқ дарёсига оқизилмоқда

Kun.uz'да бу ҳақда мақола эълон қилингач, 16 сентябрь куни Бектемир туман ҳокимлиги ахборот хизмати муносабати акс эттирилган видеолавҳа чиқди. Аммо бу видеолавҳа муаммога жавобни эмас, балки янги саволлар ва ноаниқликларни келтириб чиқаради.

1-ноаниқлик

Ҳокимлик видеолавҳасидан парча: «Мутахассисларнинг маълумотларига кўра, иншоот анчагина эскирган ва кундан кунга оқова сув қувурларининг кўпайиши эвазига иншоот ҳидни ўзида сақлай олмаяпти».

Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Фарҳод Деҳқоновнинг маълум қилишича, Бектемир оқова сувларни тозалаш иншооти аслида биологик тозалашга асосланган. Саноат корхоналари иншоотга йўналтираётган сувлар эса кимёвий ифлосланган. Шу боис иншоот технологик жиҳатдан бу сувларни етарлича тозалашга ихтисослашмаган, яъни иншоот аввалданоқ оқова сувнинг ҳидини тозалашга мўлжалланган эмас. Демак, ҳокимлик айтганидек бадбўй ҳидга «канализация қувурларининг кўпаяётгани» сабаб эмас.

Яқин ҳудудда яшовчи одамлар сув тозалаш иншооти қайта ишланган сувларни тунда яширинча Чирчиқ дарёсига очиб юборилишини айтган.

2-ноаниқлик

Видеолавҳадан яна бир иқтибос: «Оқова сув қувурларидан доимий фойдаланадиган корхоналарнинг чиқиндилари ҳам умумий қувурларга йўналтирилгани айтиб ўтилди. Тез кунларда ушбу корхоналар ўзлари учун локал сув тозалаш иншоотини қуришни режалаштирди».

Бектемир тумани оқова сувни тозалаш иншооти бошлиғи Жамшид Зуфаров видеода шундай дейди: «Ҳозирги кунда буларда локал сув тозалаш иншооти мавжуд. Лекин улар фақат тиндиргич сифатида ишлайди. Буни мукаммал ва замонавий қилиб, янада яхшироқ тозалайдиган даражага олиб келадиган локал сув тозалаш иншоотини қуриш керак. Қонунда кўрсатилган меъёрларга етиб, экология талаблари бажарилади ва аҳоли норозилиги камаяди».

Аммо савол туғилади: саноат корхоналари маҳаллий тозалаш иншоотини қачон ўрнатади? Муаммо 12 йилдан бери давом этиб келаётган бўлса, бу даврда саноат корхоналари талабга жавоб берадиган маҳаллий тозалаш иншоотини қуриши ҳақида қайта-қайта огоҳлантирилган, аммо натижа йўқ. Огоҳлантиришлар кор қилмагач, саноат корхоналари ёптирилган, аммо маълум муддатдан кейин улар ўзбошимчалик билан яна очилиб, фаолиятларини давом эттирган. Энг қизиғи, бу ҳолат ҳақида шу пайтгача Бектемир туман ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари хабардор бўлган, лекин ҳеч қандай чора кўрмаган, аниқроғи, қонунбузилишига томошабин бўлиб турган. Бу кишида шубҳа уйғотмайдими? 12 йилдан бери маҳаллий тозалаш иншоотини ўрнатмаган саноат корхоналари энди «тез орада ўрнатишни режалаштирди» деган баҳонага ким ишонади?

3-ноаниқлик

Ҳокимлик жавобида айтилишича, «туманнинг кенгайиши эвазига ушбу иншоот умуман тўғри келмаслиги ва янги оқова сув қувурларининг чиқиндиларини ўзида сиғдира олмаслигини инобатга олган ҳолда туман мутасаддилари янги замонавий иншоот қуриш бўйича шаҳар ва республика мутахассисларига ўз таклифларини берган».

Тошкент шаҳар «Сувоқова» бошқармаси бош муҳандис муовини Дўнанбой Казибековга ишонадиган бўлсак, Бектемир оқова сув тозалаш корхонасининг лойиҳавий қуввати 25 минг куб метр бўлиб, ҳозирги кунда 18-21 минг куб метр оқова сувни қайта ишлайди. Демак, иншоот тўла қувват билан ишлаётгани йўқ, лойиҳага кўра, ҳозирги ҳолатида яна қўшимча 4 минг куб метр сувни тозалай олади. Тўла қувватда ишламаётган корхона қанақасига оқова сувларни ўзига сиғдирмаслиги мумкин?

Ҳокимлик Бектемир сув тозалаш корхонаси устидан шикоят қилган фуқароларга тушунтириш ишлари олиб борилганига ҳам шаъма қилган.

«Тушунтириш ишлари олиб борилган» фуқаро Абдуқодир Жалилов эса ҳар доимгидек ҳокимиятнинг жавобидан мутлақо қониқмаганлигини таъкидламоқда.

Абдуқодир Жалилов

«Бектемир сув тозалаш корхонасини қайтадан бошқа жойда қуриш бўйича иш схемасини кўрсатишди. Қуйи Чирчиқ туманидаги Сурум қишлоғида 35-40 миллион доллар харажат асосида янги иншоот қуриларкан.

Аммо бундан аввал ҳам маъсул ташкилотларга қайта-қайта шикоят хатлари юборганимда худди шу сценарий бир неча бор такрорланган: хат боради, ўрганиб чиққандек бўлишади, 3-4та одам уйимга келиб шикоятим ўринли эканлигини таъкидлашади, турли лойиҳалар устида ишлашаётганини айтишади, шу билан ҳаммаси жимиб кетади. 3 йил аввал келиб, Чирчиқ дарёсининг устидан труба ўтказиш орқали Бектемир туманидаги канализация сувлари Салар оқова сув тозалаш иншоотига юборилишини айтишганди.

Ундан ҳам аввалроқ эса иншоот реконструкцияга муҳтожлигини айтишганди. Осиё тараққиёт банкининг 21,5 миллион доллар маблағи асосида реконструкция қилинди ҳам. Аммо ҳид йўқолгани йўқ, аҳоли ҳеч қандай ўзгаришни сезмади. Энди эса янги иншоот қурамиз деб айтишяпти», дейди фуқаро Жалилов Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

Масала ечимига масъул идораларнинг позициялари турлича экани ва энг ажабланарлиси улар бир-биридан кескин фарқ қилиши муаммо етарлича ўрганилмаганидан дарак бераётгандек.

Жумладан, Республика экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи Собир Машрабов иншоот замонавий реконструкцияга муҳтожлигини айтиб ўтганди.

Бектемир туман ҳокимлиги иншоот бошқа ҳудудда қайтадан қурилишини билдирди.

Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Фарҳод Деҳқонов эса муаммога икки ечимни кўрсатди: ёки саноат корхоналарининг ҳар бири талаб даражасидаги маҳаллий сув тозалаш иншоотини ўрнатиши керак ёки Бектемир оқар сувни тозалаш иншооти ёпилиб, туман канализация сувлари Салар оқова сувларни тозалаш иншоотига юборилиши лозим.

Хўш, кимга ишониш керак? Қайси идоранинг таклифи муаммога ҳақиқий ечим бўла олади? Умуман олганда, бу муаммо жиддий ўрганиб чиқилганми?

Эътиборимизни тортган яна бир жиҳат Тошкент шаҳрида канализация сувларини қайта ишлаш ва табиий сув манбаларини муҳофаза қилиш билан боғлиқ биринчи муаммо эмас. Чирчиқ дарёсининг суви, флора ва фаунаси ифлосланаётгани аввал ҳам жамоатчилик диққат марказига тушган. Қизиғи, бунга сабаблардан бири сифатида айни Бектемир сув тозалаш корхонасининг номақбул фаолияти сабаб қилиб кўрсатилган.

Ўрганишларнинг яна бири Бўзсув оқова сувларни тозалаш корхонаси атрофида ҳам худди шундай машмашалар кузатилганини кўрсатади. Иншоот оқова сувларни етарли даражада тозаламасдан Бўзсув каналига оқизмоқда. Бу эса, табиийки, атрофдаги маҳаллалар аҳолисининг шикоятларига сабаб бўляпти. Ва энг муҳими, канал сувининг тозалигига жиддий зиён етказмоқда.

Аҳолининг саломатлиги ва қулайлигига дахл қилаётган, табиатга зиён етказаётган, самарасиз реконструкциялар учун давлат ва донорлар маблағлари сарфланаётган канализация сувини тозалаш муаммосини ҳал қилиш шунчалар мураккаб муаммоми? Ёки расмийлар бу муаммони ҳал қилишни исташмайдими? Наҳотки саноат корхоналарининг мушугини «пишт» дея оладиган, уларнинг қонунга, аҳоли эътирозларига, табиатга беписандларча муносабатини муносиб тарзда жазолаб қўядиган мард топилмаса? Мутасаддилар бу саволларга юпатувчи руҳдаги видеолавҳаларни кўрсатиши эмас, қонунга асосланган аниқ жавобларни бериши керак, бизнингча.

Саодат Абдураҳмонова, Kun.uz мухбири

Мавзуга оид