Ўзбекистон | 14:05 / 21.06.2024
7751
2 дақиқада ўқилади

Олий суд раиси ўринбосари Рақобат қўмитасига раис бўлди

Сенат ялпи мажлисида Халилилло Тўрахўжаев Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси этиб сайланди.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Сенатнинг эллик учинчи ялпи мажлисида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раисини сайлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Сенаторлар мазкур масала юзасидан ўз муносабатларини билдирди ҳамда Халилилло Собиржонович Тўрахўжаев Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси лавозимига сайланди.

Халилилло Собиржонович Тўрахўжаев 1972 йил 21 январда Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида туғилган. Маълумоти олий, ҳуқуқшунос, 1-даражали адлия маслаҳатчиси. 

У 1997 йил Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 1991 йилда Тошкент шаҳар Ҳамза тумани судининг курьери лавозимида ишлашдан бошлаган. 1992-2008 йилларда суд тизимида турли лавозимларда меҳнат қилган.

2008-2014 йилларда Ўзбекистон Республикаси президенти девони ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича давлат маслаҳатчиси хизматининг адлия ва суд идоралари фаолияти масалалари бўйича етакчи инспектори, Суд тизими фаолияти масалалари бўйича етакчи инспектори, 2014-2017 йилларда Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди раиси, 2017 йил 12 апрелидан 12 декабрига қадар президентнинг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати давлат маслаҳатчиси ўринбосари лавозимларида фаолият кўрсатган. 

Халилилло Тўрахўжаев 2017 йилдан 2020 йилгача Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги директори лавозимида ишлаган. 2020 йил июндан 2021 йил январигача Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг раиси лавозимида фаолият кўрсатган.

2021 йил февралида Олий суд раисининг ўринбосари — Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимига тайинланганди.

Рақобат қўмитаси раиси лавозими 2023 йил ноябрида Шоҳрух Шораҳмедов кетганидан буён бўш қолмоқда эди.

Мавзуга оид