Ўзбекистон | 21:42 / 01.04.2020
14937
3 дақиқада ўқилади

«ЕОИИ – аъзолар ўртасида низо чиққанда келишилган қоидаларга кўра ҳал эта оладиган ташкилот эмас» – «Адолат» СДП

Социал-демократлар ЕОИИда кузатувчи давлат сифатида иштирок этиш бўйича ҳукумат таклифини маъқуллади.

Фото: РЖД-Партнер

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Адолат» СДП фракцияси Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорликни йўлга қўйиши масаласи юзасидан йиғилиш ўтказди.

Партия матбуот хизматидан Kun.uz'га маълум қилишларича, видеоконференция тарзида ўтган йиғилишда партия фракцияси махсус ишчи гуруҳининг дастлабки хулосалари тингланган.

Ишчи гуруҳ Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлигига оид тўртта ижобий ва яна шунча салбий жиҳатларни хулоса сифатида қайд этган.

Унга кўра, ташкилотга аъзоликнинг ижобий жиҳатлари қуйидагиларда кўринади:

  • Аъзолик ЕОИИ давлатларидаги мигрантлар масаласида айрим ижобий натижаларни келтириб чиқаради. Масалан, Ўзбекистон фуқаролари ушбу давлатларда патент олмасдан ишлаш имкониятига эга бўлиши мумкин ва пул жўнатмалари ҳозирги 4-5 млрддан 7-8 млрд АҚШ долларига етиши кутилади.
  • Аъзо давлатлар билан энергетика соҳасидаги ҳамкорлик яхши натижа беради.
  • Туризм соҳасида ҳам катта имкониятлар очилади. Халқаро юк ҳамда пассажир ташувлари соддалаштирилади.
  • Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси ортади. Катта бозорга чиқиш ва ўзининг маҳсулотларини экспорт қилиш орқали айрим тадбиркорлар фаолияти кенгаяди.

Махсус ишчи гуруҳи ўтказган таҳлилларда Ўзбекистоннинг ЕОИИга кириши бир қанча салбий оқибатларни келтириб чиқариши ҳам айтилган. Унга кўра:

  • ЕОИИга аъзо бўлиш натижасида Ўзбекистон саноати (автомобилсозлик, озиқ-овқат, фармацевтика ва б.) 2 млрд АҚШ доллари атрофида йўқотишга учрайди.
  • ЕОИИ давлатлари ташқи савдо сиёсатини етарлича мустақил мувофиқлаштириш имкониятига эга эмас.
  • ЕОИИ олдиндан белгиланган қоидалар орқали бошқариладиган ва низоларни келишилган қоидалар асосида ҳал эта оладиган ташкилотга ҳали айланиб улугурмаган.
  • ЕОИИнинг энг асосий аъзоси (Иттифоқ иқтисодий потенциалининг салкам 85 фоизини ташкил этувчи) Россия ҳозирги кунда халқаро санкциялар ва босим остида.

Охирги 2 йилда рубл бир неча баравар қадрсизланган. Ушбу мамлакат билан битта Иттифоқ доирасида ҳамкорликка киришишнинг эса келгусида бизнинг иқтисодиётимизга салбий таъсири мавжуд.

«Фракция йиғилиши якунида депутатлар ЕОИИга Ўзбекистонни аъзо бўлиб кириши натижасида вужудга келувчи оқибатларнинг дастлабки сарҳисобига таянган ҳолда, ҳозирча фақат кузатувчи давлат сифатида киришини маъқуллашди», дейилади хабар якунида.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил март ойига келиб, Ўзбекистон ҳукумати ЕОИИга кузатувчи давлат сифатида қўшилишга қарор қилди.

Хулоса ва таклифлар Олий Мажлисга киритилгач, ўтган ҳафта парламентда барча партиялар вакилларидан иборат ишчи гуруҳи тузилди.

Мавзуга оид