Тошкентнинг Оқтепа даҳасида реновация дастурини хитойлик инвесторлар амалга оширади
Бу ердаги жами 568 та хонадондан иборат 42 та икки қаватли уй бузилиб, ўрнига хитойлик инвесторлар томонидан кўп қаватли уйлар қурилади. Лойиҳага 360 млн доллар тўғридан тўғри инвестиция киритилиши, бюджет маблағлари сарфланмаслиги маълум қилинди.
Шайхонтоҳур тумани “Олим Хўжаев” МФЙ (Оқтепа даҳаси)да жойлашган 2 қаватли уйлар бузилиб, ўрнига хитойлик инвесторлар томонидан кўп қаватли турар жойлар қурилиши кутилмоқда. Бу ҳақда “Ўзбекистон24” телаканалида хабар берилди. Хабарда инвесторлар номи очиқланмаган.
Маълум қилинишича, Оқтепадаги ушбу 42 та уй 1960-йилларда қурилган бўлиб, 568 та хонадондан иборат. Реновация дастури доирасида бу уйлар ўрнига 3 200 та хонадонли уй-жойлар қуриш режа қилинмоқда.
Лойиҳа Хитой инвесторларига топширилган. Давлат бюджети ёки банк маблағлари сарфланмаслиги, 360 млн доллар миқдорда тўғридан тўғри хорижий инвестициялар жалб қилиниши кўзда тутилган.
Олим Хўжаев маҳалласидаги 2 қаватли уйлар реновация дастурига тушиши ҳақида 2021 йил ноябр ойида маҳаллага ташрифи вақтида президент Шавкат Мирзиёев маълум қилган эди.
Давлат раҳбари 2018 йилда парламентга мурожаатида йирик мегаполисларнинг тажрибаси ўрганилиб, реновация дастури босқичма-босқич жорий этилишини эълон қилган. Бунда фойдаланиш муддати тугаб, эскириб қолган кўп қаватли уйлар ўрнида замонавий шароитга эга янги уйлар қурилиши кераклиги таъкидланган.
2020 йилда реновация дастури лойиҳаси муҳокамага чиқарилган, лойиҳа доирасида 2021-2023 йилларда республика бўйича авария ҳолатидаги 192 та кўп қаватли уйлар ўрнида янги уй-жойлар қуриш кўзда тутилганди.
2024 йил феврал ойида Тошкент шаҳар ҳокими в.б. Шавкат Умрзоқов пойтахтда 500 гектар ҳудуддаги бинолар реновация қилиниши кераклигини айтганди. У бундай бинолар қаторига 2 қаватли эски уйлар ва Сергели туманидаги айрим турар жойлар ҳам киришини қайд этганди.
Ҳокимнинг сўзларига жавобан “Миллий тикланиш” партияси “Реновация тўғрисида”ги қонунни қабул қилмай туриб бу дастурни амалга оширмаслик кераклиги, акс ҳолда бир неча йил олдин рўй берган “снос”лар вақтидаги каби салбий ҳолатлар бошланиб кетиши мумкинлигини билдирди.
2023 йил ноябр ойида “Адолат” партияси ҳам ҳуқуқий база яратмай туриб реновацияни бошламасликка чақирган.
Мавзуга оид
18:52 / 23.11.2024
Президент Тошкентда «Хушнуд» маҳалласи аҳолиси билан учрашди
16:37 / 23.11.2024
Шавкат Мирзиёев: Тадбиркор — иқтисодиёт пойдевори, давлат таянчи
15:56 / 23.11.2024
Россия компанияси Ўзбекистон фуқароларини қурилиш соҳасида ишга олмоқчи
10:51 / 23.11.2024