Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Лайк» тўплаш мақсадидаги ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик ва ўзбекистонликларнинг даркнетга сиздирилган маълумотлари – маҳаллий дайжест
Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.
Ангренда захира ҳажми 233 миллион тонна бўлган янги кўмир кони ишга туширилади
Президент Шавкат Мирзиёев кўмир ва уран саноатида амалга оширилаётган ишлар ҳамда яқин истиқболга мўлжалланган режалар юзасидан тақдимот билан танишди. Кўмир ва уран тармоқларида амалга оширилаётган ишлар ҳамда навбатдаги лойиҳалар кўриб чиқилди. Тақдимотда кўмир ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш, соҳада рақобат муҳитини кучайтириш ва мавжуд захиралардан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Ангрендаги Нишбош кўмир конини ўзлаштириш лойиҳасига алоҳида эътибор қаратилди. Захираларининг ҳажми 233 миллион тонна ва қиймати қарийб 500 миллион долларга баҳоланаётган ушбу инвестиция лойиҳаси доирасида 2026 йилда қазиб олиш ишларини бошлаш ҳамда 1 миллион тонна кўмир қазиб чиқариш, келгусида йиллик қувватни 10 миллион тоннага етказиш кўзда тутилган. Лойиҳа доирасида 880 та доимий иш ўрни яратилади.
«Лайк» тўплаш мақсадида қилинган ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик жорий этилиши мумкин
Ижтимоий тармоқларда «Лайк» тўплаш, обуначиларни кўпайтириш мақсадида турли кўринишдаги ҳуқуқбузарликларни содир этиб, уни тасвирга туширган ҳолда интернетда тарқатиш, бундай ҳуқуқбузарликларни, белгиланган тартиб-қоидаларни менсимасликни тарғиб этганлик учун жарималар белгиланиши мумкин.
Шунингдек, айрим турдаги ҳуқуқбузарликлар, жумладан, телекоммуникация ҳамда Интернет тармоқларида уятли сўзлар билан сўкиниш, ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ва жамоат тартибини бузувчи бошқа шу каби ҳаракатлар учун маъмурий жавобгарлик жорий этилмоқда. Шу мазмундаги қонун лойиҳаси парламент қуйи палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг йиғилишларида қизғин муҳокама қилинди.
Ўзбекистон фуқароларининг маълумотлари даркнетда тарқалгани айтилмоқда
Ижтимоий тармоқлар ва Reddit платформасида Ўзбекистон давлат ахборот тизимларидаги фуқароларнинг шахсий маълумотлари даркнетда сиздирилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Улар орасида 15 миллион фуқарога тегишли шахсий маълумотлар бўлиши мумкин. Киберхавфсизлик маркази вазиятга изоҳ бериб, ҳолат бўйича ўрганишлар олиб борилаётганини маълум қилди.
Ижтимоий тармоқларда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш маълумотлари очиқ тармоққа сизиб чиққан бўлиши мумкинлиги ҳақидаги муҳокамалар фонида, Статистика агентлиги ҳам вазиятга изоҳ бериб, барча маълумотлар, алоҳида серверда шифрланган ҳолда хавфсиз сақланаётганини маълум қилди.
Aviator’даги ёнғиндан сўнг Ўзбекистон бўйлаб шу каби объектларни текшириш бошланди
Тошкент шаҳридаги Aviator савдо марказида содир бўлган йирик ёнғин каби бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун республика бўйлаб ушбу тоифадаги объектларда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиши юзасидан ишчи гуруҳ тузилди, ўрганиш ва текширувлар олиб борилмоқда.
Қайд қилинишича, ўрганишлар давомида ёнғин хавфсизлиги талабларининг қўпол равишда бузилиши аниқланган объектлар фаолияти камчиликлар бартараф этилгунга қадар вақтинча тўхтатилади. Шу билан бирга, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилмаслиги оқибатида келиб чиққан ҳодисалар бўйича объект раҳбарлари ва масъул шахсларга нисбатан маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик белгилангани эслатилди.
Ўзбекистон қишки Олимпиадада 2 нафар спортчи билан қатнашади
6-22 феврал кунлари Италиянинг Милан ва Кортина-д’Ампеццо шаҳарларида ўтказиладиган қишки Олимпиада ўйинларида Ўзбекистон 2 нафар спортчи билан қатнашади.
Миллий олимпия қўмитаси хабарига кўра, Медет Назаров тоғ чанғисининг слалом ва гигант-слалом, Даниил Ейбог эса шорт-трекнинг 500 метр масофага югуриш мусобақасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади.
Аслида, қўлга киритилган йўлланмалар сони 4 та эди: Дмитрий Чигирев ва Екатерина Гейниш фигурали учишнинг жуфтлик йўналишида саралашдан ўтган эди. Лекин Чигирев тайёргарлик жараёнида жароҳат олиб, Олимпиадагача тиклана олмади.
Мавзуга оид
22:53 / 10.02.2026
Олмалиқдаги мактабда бахтсиз ҳодиса ва тадбиркорга норасмий бандликни бартараф этиш муҳлати – маҳаллий дайжест
21:45 / 06.02.2026
«Амир Темур ойлиги» ва сенаторнинг империяпараст чиқишларга муносабати – маҳаллий дайжест
21:56 / 05.02.2026
Хусусий боғчаларга имтиёзлар, жарима ўрнига огоҳлантириш ва исломий банк қонуни - маҳаллий дайжест
21:48 / 04.02.2026