Ўзбекистон | 11:21
4920
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон фуқароларининг маълумотлари даркнетда тарқалгани ҳақидаги хабар тарқалди

Ижтимоий тармоқлар ва Reddit платформасида Ўзбекистон давлат ахборот тизимларидаги фуқароларнинг шахсий маълумотлари даркнетда сиздирилгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Киберхавфсизлик маркази ушбу хабарлар текширилаётганини маълум қилди. Статистика агентлиги ҳам вазият юзасидан изоҳ берди.

Reddit платформасида Ўзбекистон давлат органларининг ахборот тизимларига тегишли маълумотлар жойлаштирилгани айтилаётган бир нечта ресурсларга, жумладан, даркнетдаги сайтларга ҳаволалар эълон қилинди. Улар орасида мамлакатнинг 15 миллион фуқаросига тегишли шахсий маълумотлар бўлиши мумкин.

3 феврал куни Киберхавфсизлик маркази вазиятга изоҳ берди.

«Ижтимоий тармоқлар орқали айрим давлат ахборот тизимларидан Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотлари тарқалгани ҳақида хабарлар кузатилмоқда. Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича ўрганишлар олиб борилмоқда ва ҳолат юзасидан қўшимча маълумотлар тақдим этилади», – дея қайд этилади баёнотда.

Фуқароларга шахсий маълумотларини бошқаларга ошкор қилмаслик ҳамда давлат ва бошқа электрон ахборот тизимларига киришда мураккаб логин ва пароллардан фойдаланиш эслатилади.

Бундан ташқари, фуқаролардан шубҳали ҳаволалар орқали ўз маълумотларини киритмаслик сўралди.

Ижтимоий тармоқларда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш маълумотлари очиқ тармоққа сизиб чиққан бўлиши мумкинлиги ҳақидаги муҳокамалар фонида, Статистика агентлиги ҳам вазиятга изоҳ берди.

«15–31 январ кунлари онлайн шаклда ўтказилган Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишда тўпланган барча маълумотлар, алоҳида серверда шифрланган ҳолда хавфсиз сақланмоқда. Юртдошларимизнинг рўйхатга олиш билан боғлиқ маълумотларининг хавфсизлиги бўйича хавотирга ўрин йўқ», – дейилади агентлик баёнотида.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид