Юнусобод фожиаси: якун
18 декабрь куни тахминан соат 10:00да Тошкент метрополитени Юнусобод йўлининг янги қурилаётган қисмида ер ўпирилиши рўй берди.
Ҳодиса юзасидан дастлаб Ички ишлар вазири ўринбосари Дониёр Тошхўжаев Kun.uz сайтига изоҳ берди. У кўчкига давомий ёмғир сабаб бўлгани, ёмғир сувлари котлован олдида сув ҳайдаш учун қурилган лоток ва бетон тўсиқ орасидаги тупроқни юмшатиб юборгани ва ер ўпирилиб туннелни босиб қолгани ҳақида айтди.
Кўп ўтмай Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам ҳодиса юзасидан маълумот берди. Авария оқибатида 250 метр куб тупроқ ўпирилиб тушганди.
Воқеа жойида бўлган Kun.uz мухбири авария оқибатида камида 5-6 киши тупроқ остида қолиб кетгани ва уларнинг тақдири номаълумлигича қолаётгани ҳақида маълумот олди. Ҳудуд ўраб олинган, атрофдаги йўлларда ҳаракат тўсиб қўйилган, ОАВ вакиллари воқеа жойига қўйилмаётган эди.
Атрофдаги маҳаллаларда яшовчилар воқеа рўй берган вақтда портлашни эслатувчи гумбурлаган овоз эшитилганини айтишди.
«Соат 10га яқин эди. Қаттиқ овоз эшитилди. Одамлар тўпланди. Дастлаб одамлар устига девор қулаб тушганини айтишди. Нима бўлганини аниқ кўрмадик. Лекин жудаям қўрқинчли иш бўлди. Портлаш бўлди деб ўйладик. Жудаям қаттиқ овоз эшитилганди. Тез орада йўлларни ёпиб ташлашди. Давлатнинг барча хизматлари етиб келишди», дейди шу ҳудудда яшовчи аёл.
Шу кунларда давлат ташрифи билан Японияда бўлиб турган президент Шавкат Мирзиёев топшириғи билан авария оқибатларини бартараф этиш бўйича ҳукумат комиссияси тузилди. Комиссияга бош вазир ўринбосари, транспорт вазири Очилбой Раматов раис этиб тайинланди.
Комиссияга содир бўлган ҳодиса сабабларини ва оқибатларини жойида ўрганиш, ҳодиса оқибатларини зудлик билан бартараф этиш, жабрланганлар ва уларнинг оила аъзоларига ёрдам кўрсатиш ҳамда бошқа бир қатор вазифалар юкланди.
6 нафар қурбон
Кун давомида ОАВда ҳодиса талафотлари тўғрисида турли хабарлар тарқалиб турди, айрим хабарларда камида 5 киши ҳалок бўлгани маълум қилинса, айрим манбалар тупроқ остида 20 нафаргача ишчи қолиб кетгани ҳақида ҳам айтди.
18 декабрь куни ярим тунгача давом этган қидирув ишлари давомида 5 ишчининг жасади тупроқ остидан чиқариб олинди, 19 декабрь кунининг биринчи ярмида яна бир жасад олиб чиқилди ва ҳодиса қурбонларининг сони 6 нафарни ташкил этди.
Қурбонларнинг тўрт нафари Қашқадарё вилоятидан - уларнинг уч нафари Шаҳрисабз туманидаги Бешкапа қишлоғидан, (1989 йилда туғилган Ойбек Абдуллаев ва 1999 йилда туғилган Давронбек Абдуллаев амакиваччалар бўлишган, шу қишлоқдан бўлган Жонибек Равшанов 1989 йилда туғилганди), 1986 йилда туғилган Анвар Диёров Яккабоғ туманидан эди, икки нафари эса Самарқанд вилоятидан - 1981 йилда туғилган Зариф Каримов Паст Дарғом туманидан, 1996 йилда туғилган Ихтиёр Рахматов Оқдарё тумани Фармонобод қишлоғидан эди.
Компенсация
Қурилиш ишларига масъул бўлган «Ўзбекистон темир йўллари» қурбонларнинг оилаларига ҳамдардлик билдириб, бу оилаларга 100 миллион сўмдан товон пули ажратилиб, тўлаб берилганини маълум қилди.
19 декабрь кунининг иккинчи ярмида қидирув-қутқарув ишлари якунланди, ҳукумат комиссиясига кўра қурбонларнинг оилаларига дастлабки компенсациядан ташқари, қонунчиликка асосан қўшимча компенсация маблағлари тўланади.
Дафн маросимлари 19 декабрь куни бўлиб ўтди. «Ўзбекистон темир йўллари» томонидан маълум қилинишича, марҳумларнинг дафн ва мотам маросимларини ўтказишда уларнинг оила аъзоларига ҳар томонлама кўмак кўрсатиш ҳақида топшириқ берилган. Бундан ташқари, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятлари ҳокимликлари ва жамоатчилик вакиллари марҳумларнинг оиласидан хабар олиб, зарур ёрдам кўрсатмоқда.
Жамоатчилик реакцияси
Бу воқеа бутун жамоатчиликни қаттиқ ларзага солди. Бу кунлар давомида ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари ва блогерларнинг саҳифаларида мотамсаро кайфият ҳукм сурди. Марҳумларга бағишлаб марсиялар ёзилди, барча бир овоздан айбдорлар жазоланишини талаб қилмоқда. Юнусободдаги фожиа жойида одамлар гуллар қолдирмоқда, метронинг ўша қурилаётган бекатига «Қурувчилар» номини бериш таклиф қилинмоқда.
ЎзЛиДеП партияси вакили, депутатликка номзод Нуриддин Муродов мутасаддилар халқдан узр сўраши кераклигини айтди. «Метрода содир бўлган воқеани назорат қилиш учун ташкил этилган комиссия таркибида депутатлар ҳам бўлиши керак. Воқеа-ҳодисани ўрганиш ўз йўлига, ундан олдин ҳолат юзасидан мутасаддилар халқдан узр сўрасин... Халқимиз йирик қурилиш обектларини қуриб битказишни байрамларга тўғирлашга мутлақо норози. Бизнинг партия ҳам бу амалиётга қарши», деди у.
«Миллий тикланиш» демократик партияси вакили Нодиржон Мухторовнинг сўзларига кўра, иш шароитидаги хавфсизликка етарли эътибор қаратилмаяпти. «Биз хориждаги ватандошларимизнинг меҳнат муҳофазасини таъминлаймиз деб, ўзимизда ишлаётган ватандошларимиз иш шароитидаги хавфсизликка эътиборли бўлмаяпмиз. Йирик қурилиш объектларини байрамларда очиш - бизнинг урф-одатимиз. Аммо очилишни объект тайёр бўлсагина амалга ошириш керак», - дейди у.
«Адолат» партияси блогерлар томонидан таклиф этилаётган метро бекатига қурбонлар хотирасини абадийлаштиришни ифодаловчи ном бериш ғоясини қўллаб-қувватлашини маълум қилди. ЎзХДП ҳам воқеа айбдорларини жазолаш шартлигини уқтирди.
Жиноят иши
Ушбу ҳодиса юзасидан Тошкент шаҳри прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми «а» банди ва 258-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилди.
Жиноят кодексининг 257-моддасига мувофиқ, техника хавфсизлиги, саноат санитарияси ёки меҳнатни муҳофаза қилишнинг бошқа қоидаларини шу қоидаларга риоя этилиши учун масъул бўлган шахс томонидан бузилса ва одам ўлишига ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, айбдор муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиниб, 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
258-модда эса тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлишига ёки бошқа оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлса, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлашни назарда тутади.
Мавзуга оид
13:40 / 20.08.2024
Тошкентда қалбаки АҚШ долларини сотаётган шахслар қўлга олинди
13:02 / 23.07.2024
Юнусобод туманида янги қурилаётган бинода ёнғин содир бўлди
21:47 / 03.07.2024
Юнусободда сув қувуридаги авария оқибатлари бартараф этилмоқда
14:04 / 03.07.2024