Хитой Covid-19’нинг аломатсиз ташувчиларига доир кузатув хулосаларини очиқлади. Натижалар ўта нохуш
Хитой коронавируснинг аломатларсиз ташувчилари (тестида мусбат натижа чиққанлар) борасидаги кенг миқёсли тадқиқотлар натижасини илк бор эълон қилди. Тадқиқотлардан асосий хулоса шуки, бундайлар касалланганларнинг умумий массасида жуда кўп, деб хабар бермоқда Bloomberg.

15 апрель куни Пекинда ўтган брифингда ХХР соғлиқни сақлаш бўйича миллий комиссияси вакили Ми Фенг қуйидаги рақамларни келтирган: 6764 нафар аломатларсиз, бироқ тестида мусбат натижа қайд этилган беморлардан фақатгина 20 фоизга яқинида (1297 ҳол) кейинчалик касаллик аломатлари авж олган.
1023 нафар пациент (аломатсизлар ичидан) COVID-19 аломатлари уларда пайдо бўлиш-бўлмаслигини кутиб, карантин шароитида кузатув остида турибди. 4444 нафар пациент эса врачлар томонидан уларнинг вирусдан тузалгани тасдиқлангач, уйларига жавоб берилган.
Шундай қилиб, The Bell’нинг ҳисоблашича, коронавирус юқтириб олганига қарамасдан жиддий аломатларга йўлиқмаётганлар улуши 65 фоиздан кам эмас, ҳаттоки 80 фоизга яқин бўлиши мумкин.
Агар тўлиқ аломатларсиз ҳолатларнинг улуши шу қадар юқори бўлса, вируснинг тарқалишини тийиб туриш янада мураккаблашади, ўз-ўзини яккалаш, ижтимоий масофаланиш ва оммавий тестдан ўтказиш аҳамияти янада ортади.
Вируснинг аломатларсиз юқиши феномени янги коронавируснинг энг сирли ва хавфли характеристикаларидан бири бўлиб турибди. Айни шу хусусият сабаб COVID-19 шиддат билан ёйилиб, пандемияга айланиб кетди.
Коронавирус аломатларсиз ўтиши ҳам мумкинлиги олдиндан маълум эди, гарчи кўрсаткичлар фарқ қилиб турса-да: лекин бу тадқиқот коронавирус юқтирган инсонларнинг 78 фоизида касаллик аломатларсиз ўтишини кўрсатиб турибди. Натижалар Италиядаги касаллик ўчоғида ўтказилган тадқиқотларга мос келмоқда (юқтирганларнинг 50–70 фоизида аломатлар йўқ).
Исландиядаги яна бир тадқиқотга кўра, вирус тасдиқланган пациентларнинг 50 фоизи ўзлари касал эканини сезмаган.
АҚШнинг бош эпидемиологи Энтони Фаучи бу рақамни 25–50 фоиз ўртасида баҳолаган.
Бироқ, аввалроқ тадқиқотчилар аломатларсиз вирус юқтирганларнинг аксариятида касаллик белгилари у ёки бу кўринишда бўй кўрсатади, деб ҳисоблашган бўлса, хитойликларнинг янги маълумотлари олимлар ва тиббиётчилар адашишганини англатмоқда. Касалланганларнинг катта қисмида аломатлар ривожланмаган. Бир қараганда, уларга омад кулиб боққандек кўринади, лекин коронавируснинг «маккорлигидан» дарак берувчи бу вазият пандемияга қарши курашишни мураккаблаштиради, холос.
Тадқиқотчилар ҳамон COVID-19’нинг аломатларсиз ҳолатларини ўрганишга ҳаракат қилишмоқда. Назариялардан бирига кўра, касалларда аломат барибир юзага чиқади, лекин у ҳозир врачларга билинмаяпти. Чунки аввал бошдан касаллик белгилари аниқлаб, мустаҳкамланиб қўйилди: тана ҳароратининг ошиши, ҳолсизлик, қуруқ йўтал (ЖССТ), лекин жуда камёб ва яқинда аниқланган аносмия ва агевзия (ҳид ва таъм билиш қобилиятининг йўқолиши) ҳам бор. Шуниси муҳимки, Хитой врачлар ва олимлар айнан қайси аломатларга эътибор қаратаётганини очиқламаган.
Эслатиб ўтамиз, Хитойда коронавирус авж олиши бошланганидан буён рўйхатга олинган беморлар сони 82 мингдан ошган (3342 киши вафот этган). Март ойида Хитойда COVID-19нинг янги ҳоллари илк бор қайд этилмаганига қарамасдан, олимлар касалликнинг аломатларсиз ўтиш ҳолатларини аниқлашда давом этишмоқда.
Хитойнинг Уҳан билан бирга яна 10та провинция ва шаҳарларида коронавирус инфекциясининг аломатларсиз ташувчилари ва уларнинг организмида антитаначалар ишлаб чиқилишига доир маълумотлар тўплаш мақсадида аҳоли ўртасида сўровлар ўтказишмоқда. Уҳандаги скринингда тасодифан танланган 11 минг киши иштирок этади.
Лекин бу ҳолда бу антитаначалар барчада бирдек ишлаб чиқарилиши факт эмас. Айрим дастлабки тадқиқотларга кўра, соғайган пациентларнинг барчаси ҳам бир хил даражада коронавирусни нейтраллаштирувчи антитаначаларни ишлаб чиқаролмайди. Хитой олимларининг изланишларига кўра, тадқиқотда 175 кишидан қарийб учдан бирида бу оқсиллар етарли даражада ишлаб чиқилмаган (айримларда ҳатто у умуман бўлмаган). Бу ҳол шу инсонларнинг коронавирусни қайта юқтириб олиш эҳтимоли катта эканидан дарак беради.
Касалланишнинг аломатларсиз ўтишини билдирувчи рақамлар расман эълон қилингани (6764)дан каттароқ бўлиш эҳтимоли ҳам бор, дея тахмин қилади Bloomberg. Бу одамлар тасдиқланган беморларнинг алоқалари текширилганидан сўнг аниқланган. Акс ҳолда, уларни асло топа олишмас эди: токи инсон ўзида COVID-19 аломатларини кўрмаса, у ўзини тестдан ўтиши керак, деб ҳисобламайди. Улар аниқлангач, ҳар бири кузатув мақсадида изоляция қилинган. Вирус юқтирганлар фақат уларнинг тести манфий натижа кўрсата бошлагач, уйларига қўйиб юборилган. Икки ҳафталик карантин чоғида аломатлар бўй кўрсатганлар эса ҳозир касалхонада даволанишмоқда.

Фото: caixinglobal.com
Бу орада, афтидан, Хитой куз фаслига келиб коронавируснинг иккинчи тўлқинига дучор бўлишининг эҳтимоли катта. Мамлакатнинг пандемияга қарши курашдаги етакчи экспертларидан бири Чжанг Венҳонгнинг таъкидлашича, ноябрь ойидан бошлаб, сўнгра тўлиқ қиш фаслида бутун дунё пандемиянинг давоми билан курашади. Албатта, бу вақтга келиб арзон ва самарали вакцина ўйлаб топишмаса. Оксфорддаги олимлар шунақасини сентябрь ойигача ярата олишларига ишонмоқда.
Тавсия этамиз
9 май байрамми ёки мотам? Бу куннинг мазмуни қандай?
Ўзбекистон | 21:19 / 03.05.2025
Ҳусанов нега ўйнамаяпти?
Спорт | 10:00 / 01.05.2025
Орзу-ҳавас ниқобини кийган кимўзарга ўйнаш: ҳукумат тўйларни тартибга сола оладими?
Ўзбекистон | 17:00 / 30.04.2025
No Partey, no party. «Арсенал» нега ютқазди?
Спорт | 13:50 / 30.04.2025
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид

00:12
Испанияда фарзандларини тўрт йил уйдан чиқармаган ота-она ҳибсга олинди

23:29 / 03.07.2021
АҚШда ҳайвонлар синов тариқасида коронавирусга қарши эмланмоқда

13:47 / 03.07.2021
Бухоро вилояти ҳокими коронавирусга чалинди

23:49 / 02.07.2021