Ўзбекистон | 13:47 / 03.07.2021
34845
2 дақиқада ўқилади

Бухоро вилояти ҳокими коронавирусга чалинди

Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зариповда коронавирус аниқлангани сабабли у даволаниш учун Тошкентга жўнаб кетди. Бир ҳафта аввал вилоят раҳбари ниқобсиз кўриниш бериб, Бухоро аҳолиси билан қўл бериб кўришганди

Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зариповда коронавирус аниқланди. Бу ҳақда Kun.uz манбаси маълум қилди.

Маълум бўлишича, ҳоким даволаниш учун Тошкент шаҳрига борган. Зариповда касаллик енгил ўтаётгани айтилди. Манбага кўра, ҳоким Бухорода фуқаролар билан учрашув вақтида ниқобсиз бўлган ва ўша учрашувларда вирус юқтирган.

Ҳокимлик маълумотларига кўра, Ботир Зарипов 27 июнь куни Бухоро шаҳридаги «Хўжа Мушкин» ҳамда «Зарафшон» маҳалла фуқаролар йиғинининг ободонлаштиришдан кейинги очилиш маросимларида қатнашган. Лавҳаларда ҳоким ниқобсиз бўлгани, фуқароларнинг қўлини сиқиб, масофа сақламаганини кўриш мумкин.

Бу борада қўшимча маълумот олиш учун Бухоро вилоят ҳокими матбуот котиби Олим Жўраев билан боғланишнинг имкони бўлмади. Котиб ўз каналида ҳам бу ҳақда маълумот бермаган. Шунингдек, Бухоро ҳокимлиги саҳифаларида ҳам Зариповнинг ҳолати ҳақида маълумот йўқ.

Маълумот учун, Ботир Зарипов 22 январда Бухоро вилояти ҳокимлигига тасдиқланган эди.

Мавзуга оид