Ўзбекистон | 13:04 / 19.12.2020
6206
2 дақиқада ўқилади

«Бунақада ҳеч қандай туризм қолмайди» — Абдуҳакимов маданий мерос объектларига нисбатан ўзбошимча муносабат ҳақида

Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистонда маданий мерос объектларига нисбатан нотўғри, ўзбошимчалик билан муносабатда бўлиш ҳолатлари ҳақида гапирди.

Фото: Тошкент ёшлар форуми

У агар ҳолат шундай давом этаверса, мамлакатда ҳеч қандай туризм қолмаслигини таъкидлаган.

“Маданий мерос объектларини сақлаш, уларга ёндашув бўйича мутлақо янги тизим ишлаб чиқилиши керак. Агар ҳолат шу тахлитда давом этаверса, ҳеч қандай туризм ҳам қолмайди.

Маданий мерос объектларига энг кўп маҳаллий аҳоли томонидан зарар етказилади. Мамлакат бўйлаб минглаб қўрғонлар бор. Улар ҳали ўрганилмаган. Одамлар билмасдан унинг устига экин экади, ҳайдайди. Тупроғини қазиб олиб, қурилишга ишлатади ёки экин майдонига айлантиради. Археологлар, олимлар, экспертлар буларни бориб ўрганиши, шундан сўнг уларнинг чегарасини аниқ белгилаб, кадастр ҳужжатлари тайёрланиши лозим.

Бу жуда ҳам жиддий масала. Ҳаммасини фақат Маданият вазирлигининг ўзига ташлаб қўйиб бўлмайди. Барча экспертлар бирлашиб, янги тизим ишлаб чиқилиши керак. Шунингдек, жамоатчилик назоратини ҳам кучайтириш лозим”, деди Абдуҳакимов “Тошкент ёшлар форуми – 2020” тадбири доирасида журналистларга берган интервьюсида.

Шунингдек, қўмита раиси яқинда Хивадаги Тош ҳовли саройи билан кузатилган ҳолат ҳақида ҳам тўхталди.

“Бу бўйича иш прокуратурага тақдим этилган. Айбдорлар жавобгарликка тортилади. Афсуски, бу каби ҳолатлар биринчи марта бўлаётгани йўқ. Яқинда Сурхондарёдаги Кампиртепа ёдгорлигида ҳам шунақа ҳолат кузатилганди.

Ачинарлиси, булар ҳали кўзга ташланаётган ҳолатлар. Кўрмай қолаётганимиз қанча?! Муаммога тизимли ёндашиш керак, акс ҳолда бунақа ҳолатлар давом этаверади. Керак бўлса, ҳар бир маданий мерос объектига видеокамера ўрнатилиши лозим”, дея таъкидлади бош вазир ўринбосари.

Эслатиб ўтамиз, Хива шаҳридаги Тош ҳовли саройининг девори хусусий корхона томонидан бузилганлиги, ЮНЕСКО рўйхатидаги саройда ўтказилаётган таъмирлаш ишлари учун Маданий мерос департаментидан рухсат олинмаганлиги ҳақида хабар берилган эди.

Мавзуга оид