Жамият | 17:40 / 17.05.2021
2741
2 дақиқада ўқилади

Сирдарёда тезликни оширган Тико вояга етмаган икки нафар болани уриб юборди

Фото: ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати

Сирдарё вилояти Сардоба туманида Тико ҳайдовчиси тезликни белгиланган меъёрлардан оширган ва бошқарувни йўқотган. Оқибатда йўл четида кетаётган икки нафар вояга етмаган болани уриб юборган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 16 май куни соат 01:00ларда Сирдарё вилояти Сардоба туманида одам уриб юбориш билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Сардоба ҳудудидан ўтувчи 4К674 автомобиль йўлининг 3-километрида шу туманнинг Халқобод маҳалласида яшовчи, 1984 йилда туғилган ҳайдовчи ўзига тегишли бўлган Тико автомашинасини бошқариб кетаётиб, тезликни оширган. Сўнг бошқарувни йўқотиб йўл четига чиқиб кетган. Оқибатда, икки нафар вояга етмаган, 2009 ва 2014 йилда туғилган болани уриб юборган.

Қайд этилишича, мазкур йўл-транспорт ҳодисаси туфайли болалар оғир тан жароҳати олиб, Сардоба туман тиббиёт бирлашмасига қарашли шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Туман ИИБ томонидан олиб борилган суриштирувларда Тико ҳайдовчиси белгиланган тезлик меъёрларини бузгани аниқланган.

Таъкидланишича, ҳолат юзасидан суриштирув давом эттирилмоқда.

Мавзуга оид