Жаҳон | 18:11 / 08.02.2019
12365
14 дақиқада ўқилади

Буюк Британия университетлари талабалари қандай мутахассисликларга қизиқишади?

“Буюк Британия олий таълим тизими бежиз дунёдаги энг яхши таълим тизимларидан бири ҳисобланмайди. Таълим жараёни бошланиши биланоқ талабалар умумий фанларга чалғимай (улар мактабда ўтилган), танланган йўналиш бўйича билим олишади. Шуниси муҳимки, олий таълим муассасалари мустақил таълим олишга катта эътибор қаратади, шу тариқа илмий иш ва лойиҳаларни тайёрлаш жараёнида талабанинг маълумотни топиб, таҳлил қилиш хусусиятларини кузатади. Бунинг учун барча имкониятлар мавжуд: Англия ОТМлари кутубхоналари фаолияти жуда яхши йўлга қўйилган, барча маълумотлар рақамлаштирилган ва уларни университетнинг онлайн аккаунтларидан топиш осон. Кембриж университетининг Корпус-Кристи коллежидаги тўрт йиллик илмий тадқиқотлардан кейин Кил университети (Буюк Британия)да ҳуқуқшунослик фанлари доктори мақомига эга бўлдим. Менда Британия ОТМларининг мақсади – талабаларни ўз ғоялари билан ишлашга илҳомлантириш, уларга ўз назарияларидан уялмасликни ва ўз фикрларини баён этишни ўргатишдан иборатдек таассурот қолдирди. Бир вақтлар менга ўзига бўлган ишончни бахш этган ўқитувчилар ва мен жавоб беришни ўрганган саволлар охир-оқибат менинг профессор бўлишимга ва олган билимларимни Москвада талабаларга ўргатишимга сабаб бўлди”, - дейди “МГИМО”даги халқаро ҳуқуқ кафедраси ўқитувчиси, профессор Тип Потье. Forbes Life Британия ОТМларидаги энг машҳур йўналишлар  ҳақидаги маълумотлари билан бўлишди.

Оксфорд университетида иқтисодчи

Буюк Британиядаги энг қадимий Оксфорд университети бутун дунёга машҳур, университет дипломи кўплаб карьера эшикларини очади. Таълимнинг энг истиқболли йўналишларидан бири – иқтисодиёт. Талабалар иқтисодий назария, ҳисоблаш тадқиқотлари усуллари, иқтисодий ва техник усулларни ўзлаштиришади. Оксфорд ўқитувчилари улардаги иқтисодий магистратура бир йиллик таълими АҚШнинг энг яхши университетларидаги икки йиллик аспирантура таълимига тенг экани ҳақида гапиришни яхши кўришади. Дастурнинг ўзига хослиги шундаки, у ҳам илмий ишни давом эттиришга, докторлик ишини ёзишга, ҳам иқтисодий майдондаги амалиётчи мутахассисларга карьера қилиш учун бирдек мустаҳкам база беради. Таълимнинг дастлабки босқичида талабалар математика асосларини ўрганишади, кейин микроиқтисодиёт, макроиқтисодиёт ва эконометрикадан уч мажбурий курс бўлади. Улардан муваффақиятли ўтилгач, қўшимча машғулотлар ва семинарлар бошланади: хулқ-атвор иқтисодиёти, ривожланиш иқтисодиёти, меҳнат иқтисодиёти, халқаро савдо, ижтимоий иқтисодиёт. Таълим якунида ҳар бир талаба диссертация ёзади, оригинал тадқиқот энг яхши диплом иши мукофотига даъвогарлик қилиши мумкин.

Фото: Twitter

Россия иқтисодиёт мактабининг Стратегик тараққиёт бўйича проректори Максим Буев ўзининг Оксфорддаги таълим тажрибаси ҳақида: “Мен Оксфорд университетида дастлаб MPill in Economics дастури бўйича ўқидим (1999-2001), кейин диссертация ёзиш учун қолдим ва DPill in Economics даражасига эга бўлдим (2006).

1998 йилда университетга ўқишга кирганимда талабалар учун стипендиялар кам эди. Ҳозир, масалан, British Chevening Award ва Hill Foundation стипендиялари учун танловлар бор. У пайтлар эса бундай эмас эди. Бироқ мен Rothschild&Sons инвестицион банкининг ягона стипендиясини қўлга киритишга муваффақ бўлганман. 1998 йилнинг куз ойларида “Эксперт” журналида танлов ҳақидаги эълонни ўқиб қолдим, даъвогарлар 300 киши атрофида эди.

Оксфорд менинг ҳаётим ва карьерамга жуда катта таъсир кўрсатди. Касбни танлашга ҳожат йўқ эди, мен Англияга кетишимдан олдин ўзим шуғулланишни истаган соҳа сифатида иқтисодиёт ва молияни танлаган эдим. Карьера борасида эса Ротшильдлар банкининг қўллаб-қувватлаши Ситида ишлашимга ёрдам берди. Dpill’ни тугатганимдан сўнг бошқа банкдан осонгина иш топдим. Дастлаб Нидерландиянинг ABN AMRO, сўнгра Royal Bank of Scotland’да.

Бироқ Оксфорд – нафақат юқори сифатли олий таълим муассасаси, балки ажойиб кишиларни ўзида тўплаган маскан ҳамдир. Масалан, мен у ерда Мирон Федоров (Oxxxymiron) билан танишганман, Исландиянинг амалдаги президенти Гвюдни Йоуханнессон билан бир коллежда таҳсил олганмиз, лотин-америкача рақслар бўйича машғулотлар давомида Челси Клинтон билан танишганман.

Мен қўлдан бой берган карьера билан боғлиқ бир воқеа ҳам Оксфордга бориб тақалади. 2004 йилда Дамбиса Мойо менга мурожаат қилиб, Африкага ёрдам бўйича диссертация учун материалларни ўзида жамлаган китобни ёзишни таклиф қилди. Дамбисанинг вақти кам эди, у пайтлар банкда ишларди. Мен ўз диссертациям билан банд бўлганим сабабли таклифни рад этдим. Бироз вақт ўтгач Дамбиса “бомба” эффектига тенглаштирилган китобни тақдим этди, Times журнали уни дунёнинг энг нуфузли 100 кишиси рўйхатига қўшди ва Дамбиса бугунги мавқеига эришди. Мен ахир унинг ҳаммуаллифи бўлиш имконига эга эдим!”

Манчестер Метрополитен Университети топ-менежери

Manchester Metropolitan University (MMU) – 1992 йилдан буён ушбу мақомда фаолият юритувчи давлат университети. Дастлаб ОТМ техник профилга эга эди (1824 йилдан Механиклар институти сифатида очилган), вақт ўтгач турли коллеж ва мактаблар унга қўшилди. Айни дамда MMU – Буюк Британиянинг катталиги бўйича бешинчи университети, кўплаб аккредитацияларга эга, улардан бири – MBA ассоциациялари.

Фото: Getty Images

Британия университетларининг бизнес дастурлари бутун дунёда машҳур. Манчестер шаҳридаги университетда эса улар бир нечта: бакалавриат учун бизнес-администраторлик, бизнес-технологиялар, бизнес-менежмент дастурлари кўзда тутилган, магистратура учун эса - логистика, бизнес-таҳлил ва прожект-менежмент ёки бизнес, менежмент ва етакчилик салоҳияти ривожи. Кичик фарққа қарамай, барча талабалар турли соҳаларда керак бўлувчи кўникмага ўргатилади: турли бошқарув моделлари, бизнес-операциялар ва стратегияларни тушуниш, молиявий администрация ва аккаунт-менежмент асослари. ОТМ қошида Бизнес ва менежмент илмий-тадқиқот институти фаолият юритади, университет 70 дан ортиқ ташкилот билан ҳамкорлик қилади, шунинг учун битирувчиларда иш топиш билан боғлиқ муаммо бўлмайди.

Жонатан Милденхолл, Airbnb маркетинг бўйича директори: “Мен 1990 йилда Манчестер университетининг “Бизнес ва молия” дастурини тугалладим. Ўқиш йилларимни эсласам, мустаҳкам академик билимлар базасини миннатдорчилик билан ёдга оламан, бу мени катта бизнесдаги раҳбарлик позицияларига тайёрлади. Мен макроиқтисодиёт, молиявий администрация асослари, маркетинг тамойилларини тушунар эдим. Лекин, булардан ташқари, менга жамоада ишлаш, ҳамдард бўлиш, бировни тинглаш ва бошқа инсон позициясини қабул қилишни ўргатишди. У пайтлар эса мен буларнинг бари амалий ишларга у қадар боғлиқ эмас деб ўйлардим, бироқ ҳаёт бунинг аксини исботлади. Мен барча талабаларга ўз кўнглига қулоқ тутиб, уларга аслида нима мотивация беришини тушунишларини ва карьераларини мана шу қадриятларга мувофиқ қуришларини тавсия қиламан. Airbnb’га ўз қадриятларим – инсон омилига йўналиш ва ёрқин, креатив ёндашувни олиб келганман.

University College London криминалисти

Лондон Университет коллежи – йирик қатъий тартибли ОТМ, 1826 йилда ташкил топган. UCL жинси, дини ва ёшидан қатъи назар талабаларни қабул қилган биринчи ОТМ бўлган, Англиядаги илк сиёсат ва иқтисодиёт кафедраси шу ерда ташкил топган (1827 йил), айнан шу ерда инглиз тили биринчи марта фан сифатида ўқитила бошланган (1828). UCL ҳозирда ҳам етакчи ОТМлардан бири бўлиб қолмоқда, унинг миссияси – XXI асрнинг реал муаммоларига эътибор қаратиш. Университет қошида мамлакатдаги илғор Биотиббиёт тадқиқотлар маркази, Лондон нанотехнологиялар маркази, шунингдек дунёда ягона Жиноятчиликни ўрганиш институти (Jill Dando Institute) очилган.

Криминалистика ва хавфсизлик департаментида бўлажак мутахассисларни кўп босқичли таҳлилий техникалар, хавфсизлик тизимларидаги камчиликларни излаш ва улар билан ишлаш, шахс психологияси, далил ва исботлар билан ишлаш, сабаб ва натижалар ўртасидаги боғлиқликни излаш, шунингдек фореника – кибержиноятларни тадқиқ қилишга ўргатишади. “Криминалистика ва хавфсизлик” дастурига турли профиллардаги талабалар – компьютер мутахассислари, муҳандислар, психологлар, географлар ва социологларни таклиф қилишади.

Криминалистика институти директори, профессор Глория Лейкокнинг сўзларига кўра, курснинг мақсади – талабаларни олимлар каби фикрлашга ўргатиш. Гипотезаларни синаш, тажрибалар ўтказиш, улар асосида билимларни шакллантириш. “Биз жиноятчилик кўрсаткичларини пасайтириш, қурбонлар сонини камайтиришга ҳаракат қиляпмиз. Бу биз жиноятчиликнинг олдини олмоқчи ва рўй берган воқеа айбдорларини тезроқ топмоқчи эканлигимиздан далолат беради. Талабалар полиция ва у тақдим этувчи маълумотлар билан кўп ишлашига, жиддий криминал лабораториялар билан ҳамкорлик қилишга тўғри келади. Масалан, биз мэппинг устида иш олиб боряпмиз: максимал даражада аниқ жиноятчилик харитасини тузишни ўрганяпмиз, уларга кўра кейинги жиноят қаерда содир этилиши мумкинлигини олдиндан билиш мумкин. Бугунга келиб уларнинг аниқлиги 80 фоизга етган.

University of East Anglia, Шарқий Англия Университетидаги ёзувчи

Шарқий Англия Университетига 1963 йилда Норвич шаҳрида асос солинган. UEA мунтазам равишда илмий-тадқиқот институтлари топ-рейтинги (Times Higher Education World Rankings 2015-16, Leiden Ranking 2016), шунингдек талабалар яшаши учун энг қулай олий таълим муассасалари учлиги рўйхатидан ўрин олиб келади. Университетнинг 4 факультети ва 25 мактаби 300 дан ортиқ курсларни таклиф қилади: санъат, гуманитар фанлар, тиббиёт, социология ва бошқалар. Машҳур компаниялар билан мустаҳкам алоқалар ва турли ўқув ташаббуслари барча талабаларга ўз касбида ривожланиш имконини беради. Университетнинг таниқли битирувчилари орасида Мэтт Смит, Жонатан Риз-Дэвис, Қироллик операси ижрочи директори Мэри Аллен кабилар бор.

Фото: highereducationplus.com

Университет креатив ёзиш бўйича курслари билан ҳам танилган, Нобель мукофоти совриндори Кадзуо Исигуро, Иэн Макьюэн, Эндрю Миллер, Энн Энрайт мазкур таълим даргоҳи битирувчиларидир. Бутун дастур давомида талабалар ўз асарлари ғояларини ишлаб чиқишади, уларни ўқитувчилари эътиборига ҳавола қилишади, адабий фестивалларда иштирок этишади. У ерда замонавий адабиёт, адабий танқид, адабий таҳрир, шеърият ва наср, драматик асарлар, нон-фикшн ва ҳатто детектив ёзиш курслари ҳам бор.

Art University Bournemouth режиссёри

Буюк Британиядаги энг машҳур кино таълим даргоҳи – Борнмут Санъат университети – аудио- ва визуал-дизайн, медиа-продакшн ва перформатив санъатларга ихтисослашган. Институт амалий машғулотлар ва кино ҳамда телесаноат билан мустаҳкам алоқаларга урғу беради. Битирувчилар орасидаги сўровнома натижаларига кўра, уларнинг 97 фоизи ОТМни тугаллагандан сўнг ярим йил ичида иш топишга муваффақ бўлади.

Университет икки факультет – “медиа ва перформанс” ҳамда “санъат, дизайн ва меъморчилик”да 20 ўқув дастурини таклиф қилади. 1963 йилдан буён университет базасида киномактаб фаолият юритади, университет - CILECT Халқаро киномактаблар уюшмаси аъзоси. У ерда режиссура, продакшн, визуал эффектларни яратишга ўргатишади. Университет қошида талабаларнинг лойиҳалари намойиш қилинувчи арт-галерея очилган. Таълим даргоҳи маҳаллий ишбилармонлар билан фаол ҳамкорлик қилади, 2019 йилнинг ёзида Британия стартапларини қўллаб-қувватловчи инновацион студия очишни режалаштирмоқда. Британиянинг кўп кинематографлари Art University Bournemouth’ни тугаллашган.

King’s College London нутрицологи

KCL – тиббиёт, илм-фан ва психиатрияга ихтисослашган давлат тадқиқот университети. Таълим рейтингларида юқори ўринларни эгалловчи King’s ўз битирувчилари билан фахрланади: уларнинг орасида ДНК тузилмалари, С гепатити, Хигс бозони илк тадқиқотчилари бор. Бугунга келиб KCL тўққиз факультетни ўзида жамлаган: стоматология, нейрон алоқалар, психиатрия ва психология, табиий фанлар, нутрициология, паллиатив ёрдам ва б.

Университет битирувчилари ҳам тиббиёт соҳасида, ҳам гўзаллик ва медиа йўналишларида фаолият юритишади. Уч йил давомида талабалар таомнинг қандай қилиб инсоннинг жисмоний ва ментал саломатлигига таъсир қилиши ҳақида барча маълумотларга эга бўлишади, таомлар таркибини таҳлил қилишни ўрганишади. Курслардан шунингдек молекуляр биология, биокимё ва генетика, таом одатлари психологияси ҳам ўрин олган.

Маша Будрите, нутрициолог, журналист, King’s College London битирувчиси: “Мен Лондон Қироллик коллежида “нутрициология” (озиқланиш ҳақидаги фан) ихтисослиги бўйича таҳсил олганман”. Биринчи курсда биологик фанларнинг барча йўналишларидаги талабалар билан бирга таълим олганман, иккинчи ва учинчи курсларда эса ўз қизиқишларимдан келиб чиқиб фанларни танлаш имконига эга бўлдим. Иккинчи ва учинчи курслар ўртасида бир йиллик амалиёт олиб, озиқ-овқат саноатида ишлаш имкони ҳам бор эди. Бундай дастурлар нафақат нутрициологларда, балки барча факультетларда бор эди.

Буюк Британия университетларининг бошқа ОТМлардан яна бир фарқи – у ерда маърузаларни тинглашдан ташқари ривожланиш учун кўплаб имкониятлар мавжуд. Мен у ерда ўқиган давримда талабалар учун қизиқишларига қараб 200 дан ортиқ тўгарак ва клублар фаолият юритарди. Баъзиларининг танланган касбга алоқаси бор эди, мен нутрициологлар ва диетологлар ҳамжамиятига аъзо бўлгандим. Ҳамжамият учрашуви ҳар ҳафта ўтказилар эди, учрашувларга озиқ-овқат саноати вакиллари ҳамда ўтган йиллар битирувчилари таклиф қилинар эди, улар ўз тажрибаси билан бўлишарди. Бундай учрашувлар нафақат қизиқарли мавзуларга чуқурлашиш, балки профессионаллар билан норасмий шароитда суҳбатлашиш имконини ҳам беради.

Университетни аллақачон тугаллаган бўлишимга қарамай, илмий мақолаларим учун аввалгидек унинг кутубхоналаридан фойдаланиш имконига эгаман”.

Тайёрлаган:  Лола Раҳманбаева

Мавзуга оид