Жаҳон | 16:18 / 26.02.2026
4054
9 дақиқада ўқилади

Кубага «ҳужум қилган» босқинчилар, Кнессетда нутқ сўзлаган Моди, Бразилиядаги тошқинлар ва Хитойга келган канцлер – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Кубага «ҳужум қилган» босқинчилар ўлдирилди

Куба кучлари АҚШда рўйхатдан ўтган тезюрар қайиқда Куба сувларига сузиб кирган ва соҳил патрулларига қарата ўт очган тўрт кишини ўлдирди, яна олти нафарини яралади.

Куба томонига кўра, тезюрар қайиқ Фалконес-Кей канали яқинига бир денгиз мили масофагача келгач, унга Куба чегара патрули бўлинмасининг беш нафар аъзоси яқинлашган. Шундан сўнг қайиқдан ўт очилган ва Куба кемаси қўмондони яраланган.

Куба Ички ишлар вазирлигининг билдиришича, гуруҳ ҳукуматга қарши бўлган кубаликлардан ташкил топган бўлиб, уларнинг айримлари илгари ҳужумларни режалаштирганликда айбланиб қидирувда бўлган. Улар АҚШдан камуфляж кийимида ҳамда ҳужум милтиқлари, тўппончалар, қўлбола портловчи моддалар, баллистик жилетлар ва телескопик нишонлар билан қуролланган ҳолда келишган.

Баёнотда айтилишича, ушбу фитна билан боғлиқ Куба ҳудуди ичкарисида ҳам яна бир гумонланувчи қўлга олинган. «Қўлга олинганларнинг дастлабки кўрсатмаларига кўра, улар террорчилик мақсадида мамлакат ичкарисига киришни режалаштирган», - дейилади расмий баёнотда.

Давлат котиби Марко Рубио журналистларга бу АҚШ операцияси эмаслигини ва унга Қўшма Штатларнинг алоқаси йўқлигини айтди. Рубионинг сўзларига кўра, Куба расмийлари ҳодиса ҳақида АҚШни хабардор қилган, бироқ АҚШнинг Ҳаванадаги элчихонаси содир бўлган воқеани мустақил равишда текширишга ҳаракат қилади.

«Биз бу борада ўз маълумотларимизга эга бўламиз, айнан нима содир бўлганини аниқлаймиз. Очиқ денгизда бундай отишмаларни кўриш жуда ноодатий ҳолат», - деди у. Шунингде, Рубио Куба ҳукуматига қарши риторикасини давом эттириб, ҳозирги статус-кво барқарор эмаслигини ва Куба «кескин» ўзгариши кераклигини айтди.

Ушбу воқеа АҚШ Куба оролига нефт етказиб беришни деярли бутунлай тўсиб қўйгани натижасида ҳукуматга босим кучайган бир пайтда юз бермоқда.

Моди Кнессетда нутқ сўзлади

Чоршанба куни Исроил парламенти — Кнессетда нутқ сўзлаган Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Исроил билан «қатъий ва тўлиқ ишонч билан» бирга эканини айтди.

Исроилга икки кунлик ташриф билан келган Моди «7 октябр кунги ҳужум оқибатида ҳалок бўлганлар учун Ҳиндистон халқининг чуқур ҳамдардлигини» етказишини билдирди. «Ҳиндистон ҳозирги ва ундан кейинги вақтларда ҳам Исроил билан қатъий ва тўлиқ ишонч билан бирга туради», - деди Моди.

Лекин Ҳиндистон етакчиси нутқи давомида урушдаги 70 мингдан ортиқ фаластинлик ўлими ҳақида тўхталмади. БМТнинг махсус қўмитаси ва халқаро экспертлар Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини «геноцид» деб атаган. Исроил эса бу таърифни рад этади.

Кнессетда Моди «терроризмга қарши кураш барқарор ва мувофиқлаштирилган глобал ҳаракатларни талаб қилишини» айтди. Шунингдек, у «Иброҳим келишувлари» ва Доналд Трампнинг Ғазо бўйича тинчлик режасини қўллаб-қувватлашини тасдиқлади.

Хавфсизликдан ташқари, Моди Ҳиндистон ва Исроил ўртасидаги иқтисодий муносабатларга ҳам тўхталиб ўтди. «Мен квант технологиялари, яримўтказгичлар ва сунъий интеллект каби соҳаларда катта ҳамкорлик имкониятларини кўряпман», - дея қўшимча қилди у. 2025 йилда икки давлат ўртасидаги умумий товар айирбошлаш ҳажми тахминан 13-15 миллиард долларни ташкил этган. Уларнинг қарийб ярми қурол-яроғ ва ҳарбий технологиялар савдоси ҳисобланади.

Нетаняҳу эса Модини жуда илиқ кутиб олиб, савдо алоқаларини юқори баҳолади ва «экстремистик Ислом»га қарши «темир иттифоқ» тузишга ваъда берди. Моди Кнессетда Исроил давлати билан ҳамкорлик ва дўстликка қўшган «катта ҳиссаси» учун «Кнессет Спикери медали» билан тақдирланди.

Канцлер Хитойга келди

Германия Федерал канцлери Фридрих Мерц Пекинда ХХР раиси Си Жинпинг билан учрашди. Учрашувда канцлер Хитой етакчисидан Украинадаги урушни тугатишга кўндириш учун Россияга бўлган таъсиридан фойдаланишни сўради. Бу ҳақда Мерцнинг ўзи чоршанба куни маълум қилди.

«Биз биламизки, Пекиндан келаётган сигналлар Москвада жуда жиддий қабул қилинади — бу ҳам сўзларга, ҳам амалларга тегишли», деган у.

Хитой нашрларига кўра, Си Мерцга Хитой «Украинадаги можаро»ни дипломатия йўли билан ҳал қилишни қўллаб-қувватлашини, бироқ бу «барча томонларнинг қонуний манфаатларини ҳисобга олиши» ва уларнинг жараёнда тенг иштирокини таъминлаши кераклигини айтган. Канцлернинг ташрифи арафасида Хитой ТИВ расмийси — Россиянинг Украинадаги уруши Хитой–Европа муносабатларида муаммога айланмаслиги кераклигини айтганди.

Аслида Хитой Россиянинг Украинага қарши урушига нисбатан бетарафлигини эълон қилган. Бироқ Москвага ҳарбий соҳада қўлланиши мумкин бўлган технологияларни, жумладан, дронларни етказиб беришда давом этмоқда. Бу кўпинча Европа Иттифоқи давлатлари томонидан Пекинни танқид қилишга сабаб бўлган.

Германия канцлери сифатидаги Хитойга илк сафарини ўтказаётган Фридрих Мерц бу ерга йирик бизнес делегацияси ҳамроҳлигида келган. Муҳокамаларнинг асосий мавзуларидан бири Хитой ва Германия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўлди.

2025 йил якунларига кўра, Хитой АҚШни ортда қолдириб, Германиянинг энг йирик савдо ҳамкорига айланганди. Бироқ икки давлат ўртасидаги сиёсий мулоқот сўнгги йилларда юқори даражада бўлмаган.

ИШИД лагерлари муаммоси

Сурия давлат телевидениеси хабар беришича, ўтган ойда Суриянинг ал-Хол лагеридан Курд кучлари чиқиб кетганидан сўнг «оммавий қочиш» юз берди. Маълумотларга кўра, ИШИД билан алоқадор минглаб одамлар қочиб кетган бўлиши мумкин.

Сурия Ички ишлар вазирлиги вакили Нуриддин Бобо сўзларига кўра, Сурия Демократик Кучлари лагердан Сурия ҳукумати ёки АҚШ бошчилигидаги коалиция билан мувофиқлаштирмасдан чиқиб кетган.

Сурия расмийлари «лагернинг ташқи деворида контрабанда амалиётларини осонлаштирган 100 дан ортиқ бузилишларни (ёриқларни) аниқлаганини» айтди ва қочганлар сони ҳали тасдиқланиши кераклигини қўшимча қилди. БМТ маълумотларига кўра, ал-Хол лагерида 30 000 дан ортиқ одам сақланган.

SDF Ички ишлар вазирлигининг ушбу баёнотини масъулиятдан қочиш учун қилинган «нотўғри» баёнот деб рад этди. Улар Дамашққа қарашли гуруҳларни лагерга кириб, ИШИД аъзоларининг оилаларини олиб чиқиб кетишда айблади.

SDF Вашингтоннинг Суриядаги ҳамкори ва узоқ вақт давомида ИШИД қамоқхоналари қўриқчиси эди. 2019 йилда АҚШ қўшинларининг олиб чиқилиши ва 2024 йил охирида Ассад режими қулаши ортидан АҚШ курдларни «унутди»

Эндиликда Аш-Шаръа кучлари SDFʼни уларнинг қўл остидаги ҳудудлардан сиқиб чиқармоқда. Бундай вазиятда курдлар қўриқлаётган ИШИД қамоқхоналари ҳам Сурия кучлари ихтиёрида қоляпти.

Бразилияда сув тошқинлари

Бразилиянинг Минас-Жерайс штатида содир бўлган кучли ёмғирлар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 46 кишига етди.

Штат ўт ўчириш бошқармасининг маълум қилишича, Жуис-де-Фора ва Уба шаҳарларида сув тошқинлари ва ер кўчкилари 3600 га яқин одамни уй-жойидан маҳрум қилган. 21 киши эса ҳамон бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда.

Сешанба оқшомида ёмғир пасайиши билан расмийлар ва кўнгиллилар тошқинларда уй-жойидан айрилган аҳолига ёрдам кўрсатишга киришган.

Де-Фора мэри Маргарида Саламао хавфли ҳудудларда яшовчи аҳолини у ерни тарк этишга ва маъмурият томонидан ташкил этилган бошпаналардан ёрдам сўрашга чақирди.

Бразилиянинг катта қисмида ёмғирлар мавсумининг чўққиси — декабрдан мартгача бўлган даврга тўғри келади. Расмийларга кўра, бу йил ҳудудда тарихдаги энг серёғин феврал ойи бўлган: ёғингарчилик миқдори ушбу ой учун кутилган меъёрдан икки баравардан ошиб кетган.

Британияда Украина дрон заводи очилди

Буюк Британия ҳудудида Украинанинг зарбдор дронлар ишлаб чиқарадиган биринчи заводи иш бошлади. Бу ҳақда Украина элчиси, собиқ бош қўмондон Валерий Залужний маълум қилди. Унга кўра, ушбу компания дронлари «юқори технологияли уруш шароитида ўзининг самарадорлигини аллақачон исботлаган». Компаниянинг муҳандислик маркази Украинада қолади, ишлаб чиқариш линиялари эса Буюк Британияга кўчирилади.

«Бу оғирлик марказини Украинадан кўчириш эмас. Бу бизнинг умумий имкониятларимизни кенгайтириш ва ишлаб чиқариш узлуксизлигини кафолатлайдиган иккинчи барқарорлик контурини яратишдир», - дея таъкидлади элчи.

Залужнийнинг қўшимча қилишича, Украинага доимий ракета зарбалари инфратузилмани вайрон қилиб, ишлаб чиқариш корхоналарига хавф туғдирмоқда.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид