Жаҳон | 20:01 / 31.10.2023
28975
7 дақиқада ўқилади

Визасиз АҚШ-Россия, ўтмишга саёҳат қилдирадиган ва ҳатто тўшакларни иккига бўлган чегаралар ҳақида

Давлат чегаралари деганда тиканли сим билан ўралган ҳудудлар, ҳарбийлар билан қўриқланадиган сарҳадлар ва паспорт назорати нуқталари кўз олдимизга келади. Бироқ дунёда шундай чегаралар борки, улар одатий тасаввурларимизни парчалаб юборади. Kun.uz бу сафар дунёнинг антиқа чегаралари ҳақида ҳикоя қилади.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Қирғизистондаги Ўзбекистон

Узоққа бормай, ўзимиздан бошласак. Дунё мамлакатларининг ғайриоддий сарҳадлари харитасида Ўзбекистоннинг шимоли-шарқий ҳудудлари ҳам антиқа чегаралар рўйхатига киритилган. Мамлакатимизнинг Сўх, Шоҳимардон, Чўнғара каби бир неча экславларини атрофи Қирғизистон билан ўралган “кичик Ўзбекистон” дейиш мумкин.

АҚШ-Россия: визасиз чегара

Америка Қўшма Штатлари деганда биз Атлантика океани ортидаги ғарбий олис мамлакатни тасаввур қиламиз. Шарқ томонда ҳам, аниқроғи куннинг бошланиш қисмида АҚШ ва Россиянинг Беринг бўғози орқали ўтган давлат чегаралари жойлашган. Катта ва кичик Диамид номларини олган икки орол мос равишда Россия ва АҚШ ҳудудлари ҳисобланиб, у ерларда азалдан эскимос қабилалари, қадимги туркийлар яшаб келган.

20-асрда чегаралар аниқ бўлгач, икки тарафга бўлинган эскимосларнинг алоқалари узилиб қолади. Аммо 1989 йилги келишувлардан сўнг икки ҳудуддаги қариндошлар бир-бирларини визасиз режим асосида кўриб келишларига рухсат берилади. Бу сарҳаднинг ғаройиблиги шундаки, дунёнинг вақт зонаси айнан шу ердан бошланади. Яъни Катта Диамиддан бошланадиган вақт белбоғи 21 соатдан кейин, эртаси куни Кичик Диамидга етиб келади. Қиш ойларида Беринг бўғози сувларининг музлаши ортидан АҚШ-Россия орасида 4 километрли қуруқлик йўли ҳосил бўлиб, Россиядан у ёққа борганлар кечаги санага тушиб қолади.

Испания-Португалия: вақтлараро саёҳат

Европа Иттифоқида чегараларсиз у давлатдан бунисига ўтаверишни ҳамма билади. Аммо Гвадиана дарёси узра ўрнатилган трансчегаравий арқон йўли орқали Испаниядан Португалияга бир дақиқадан ҳам кам бўлган вақтда етиб бориш мумкинлиги у ёқда турсин, сиз ўтмишга саёҳат қилишингиз ҳам мумкин.

Гап шундаки, дарёнинг икки қирғоғидаги Испаниянинг Санлукар де Гвадиана ҳамда Португалиянинг Алкотин шаҳарлари вақт зонасида жойлашган бўлиб, агар сиз 16:00 да арқон йўли орқали Португалияга учиб ўтсангиз, Алкотинда соат ҳали 15:00 бўлади. Бир неча сонияларда сиз 59 дақиқа орқага қайтишингиз мумкин. Лекин бу билан ўзингизни алдай олмайсиз. Чунки сизни Испанияда ўша бир соат кечки вақт кутади. Агар уддалай олсангиз, марҳамат, вақт зоналари бўйлаб, давлатма-давлат соатларни қувлаб, саёҳат қилишингиз мумкин.

Швейцария-Франция: бир тўшакдаги икки давлат

19-асрда Франция ва Швейцария ўртасидаги белгилаб келинаётган чегара ўзгаришларидан фойдаланиб қолиш мақсадидаги Понтус исмли маҳаллий тадбиркор чизиқ чизилиши мумкин бўлган ҳудудга озиқ-овқат дўкони қуриб олади. Икки давлат сарҳадлари эса бузилмаган шу бино орқали ўтиб кетади. Ла Кюре қишлоғидаги Арбез номли ушбу дўкон кейинчалик геосиёсий ҳамда стратегик вазифани бажариб, Иккинчи жаҳон уруши даврида нацистлардан қочган франциялик қочқинларнинг 2-қаватда жойлашган “бетараф Швейцария”да жон сақлашларини таъминлади. Душман 1-қаватдаги Франциядан юқоридаги Швейцарияга ўтолмай, қайтиб кетади.

Арбез номли меҳмонхонага айлантирилган 2 қаватли бино бугун Швейцария ва Франциядаги сайёҳлар кўп ташриф буюрадиган манзилга айланиб, у ерда сиз бир кечангизни икки давлатда ўтказишингиз мумкин. Меҳмонхонанинг айрим хоналари чегара чизиғи устидан ўтган бўлиб, бу чизиқ қаватлар ва овқатланиш ҳудудидан ташқари ҳатто бир неча хоналардаги тўшакларни ҳам иккига ажратиб туради.

АҚШ-Канада: “Мастликда бўлинган чегара”

Канюза проспекти. Кўчанинг бир томони АҚШ Вермонт штатидаги Дерби лайн шаҳри бўлса, иккинчи томони Канада Квебек штатининг Стенстед шаҳри. Бу ҳудудда чегара тасаввуримиздаги баланд симли деворлар билан эмас, шунчаки йўл орқали ёки маҳаллий аҳоли таъбири билан айтганда, гул туваклари билан ажратилган.

3 аср олдин белгиланган бу чегара нима учун шаҳарнинг ўртасидан ўтказилганини ҳеч ким билмайди. Кимдир буни харита тузиш хатоси деса, яна кимдир бўлиниш чизиқларини харитага туширишда тадқиқотчилар маст бўлишган, деган фикрни ҳам илгари суради. Чунки қора ҳошия йўлдан ташқари уйлар, ҳовлилар, жамоат кутубхонаси орқали ҳам ўтиб кетади. Ҳар икки давлатга тегишли бўлган Хаскелл номли кутубхона ва опера театрида меҳмонлар бир хонада икки давлат китобларини ўқишлари, театрда эса америкалик томошабин сифатида Канада саҳнасидаги актёрлар чиқишларини томоша қилишлари мумкин.

Белгия-Нидерландия: қонундаги бўшлиқлардан фойдаланиш “имконияти”

Бир қараганда бу чегарани пайқаб бўлмайди. Чунки бу ерлик бўлмаганлар агар йўллардаги хоч тасвири туширилган белги ҳамда Белгия ва Нидерландия қисқартмали ёзувларини кўришмаса, архитектура жиҳатидан икки давлат бир-биридан деярли фарқ қилмайди.

Аммо муаммолар етарлигина. Масалан, қурилиш, йўл, сув оқова, сув таъминотини таъмирлашга келганда яхлитлашиб кетган бу икки ҳудудда рухсатнома масаласи давлат даражасига чиқиб, томонлар муҳокама столи атрофида келишиб олишади. Бундан бошқа ғаройиб ҳолатлар ҳам кўп. Олайлик, тадбиркорлар солиқларни айланиб ўтиш мақсадида кириш эшигини қўшни давлатдан очиб, қонундаги бўшлиқлардан фойдаланишлари; бир кўчанинг ярмида якшанба куни дўконлар ва хизмат кўрсатиш тармоқлари фаолият кўрсатса, 2-давлатдаги дам олиш сабабли уларнинг ҳеч бири ишламаслиги мумкин. Ёки пиротехникага бетоқат Голландияда яшовчилар туғилган кун ва байрамларини буларга рухсат этилган Белгияда нишонлаб қайтишлари ҳам бор гап.

Ватикан-Италия: шаҳар ичидаги давлат

Дунёнинг энг митти шаҳар-давлати – Ватикан. Географик жиҳатдан Италия пойтахти Рим шаҳри анклави ҳисобланган бу давлатнинг умумий майдони 49 гектарни ташкил қилади. Аҳолиси эса 1 минг киши ҳам чиқмайди. Денгизга чиқмаслиги ва шаҳар ичида жойлашган мамлакат экани билан ҳам Ватикан дунёнинг антиқа чегарали давлатларидан бирига мисол бўлади. 

Сардорбек Усмоний тайёрлади.

Мавзуга оид