11 ноябр – Америка миллий фахрийлар куни (Буюк Британияда уни Хотира куни сифатида нишонлашади) Биринчи жаҳон урушида қозонилган Ғалаба куни деб ўзгартирилади. Трамп буни Қўшма Штатларнинг Германия империяси устидан қозонилган ғалабага қўшган ҳиссасини тўғри баҳолаш зарурати билан изоҳлайди.

Ҳозирча АҚШда расман Европада Ғалаба куни деб аталадиган 8 май куни эса, мос равишда, Иккинчи жаҳон урушида Ғалаба куни бўлади.

Трамп бу режалари ҳақида ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида бўлишди. Бу борада тегишли фармон ҳозирча эълон қилинмаган, шунинг учун президент 8 майни федерал даражадаги давлат байрамига айлантиришни режалаштиряптими ёки йўқми, тушунарсиз, чунки қонун бўйича бундай ваколатга фақат АҚШ Конгресси эга.

Трамп ўз постида «бизнинг кўплаб дўстларимиз ва иттифоқчиларимиз 8 майни Ғалаба куни сифатида нишонлашади – ахир биз Иккинчи жаҳон урушида ғалаба қозониш учун бошқа ҳар қандай давлатдан кўра кўпроқ иш қилгандик», деб таъкидлайди.

«Иккала урушда ҳам биз ютгандик, – деб ишонтирди ўз ўқувчиларини Америка президенти. – Қолган мамлакатлар ҳарбий қудрати бўйича ҳам, жасорати бўйича ҳам, мукаммал қўмондонлик жиҳатидан ҳам биз билан тенглаша олмайди».

«Шу билан бирга бошқа давлатлар ўз ғалабасини нишонламоқда, биз эса – йўқ, – деб ҳайрон қолади Трамп. – Буларнинг барчаси буни қандай тўғри қилишни биладиган етакчилар йўқлигидан! Шундай экан, биз ҳам ғалабаларимизни яна нишонлашни бошлаймиз!»

Урушларда аслида ким ғолиб бўлган?

Бу йил совет қўшинлари Берлинни эгаллагани, Учинчи Рейх сўзсиз таслим бўлгани ва Иккинчи жаҳон уруши тугаганига 80 йил тўлади.

Иккинчи жаҳон урушининг британиялик фахрийси Нормандиядаги ҳалок бўлган аскарлар қабристонида

Россияда бу сана «Улуғ Ватан уруши тугаши» сифатида нишонланади ва бу энг муҳим давлат байрамларидан бири бўлиб, уни нишонлаш доирасида Москванинг Қизил майдонида ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларида кенг кўламли ҳарбий парадлар ўтказилади.

Совет иттифоқи учун уруш 1941 йил июн ойида Германия босқинидан бошланган.

Трампнинг Иккинчи жаҳон урушида айнан АҚШ ғалаба қозонгани ҳақидаги сўзлари кўплаб тарихчиларнинг хулосаларига зид келади, аммо улар америкаликларнинг ғалабага қўшган муҳим ҳиссасини инкор этмайди.