Ўзбекистон | 18:51 / 18.06.2018
17194
4 дақиқада ўқилади

Ахсикент - “Осмон остидаги музей” бўлади

Мамлакатимизда моддий маданий мерос объектлари, хусусан, табаррук қадамжоларни, Ўзбекистон шаҳарларининг тарихий қиёфасини сақлаб қолишда самарали чора-тадбирларни амалга ошириш, тарихий ва меъморий ёдгорликларни бутун инсоният учун қимматли осори атиқалар сифатида асраб-авайлаш ва қайта таъмирлашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Наманган шаҳрида “Ўзбек давлатчилиги тарихида Ахсикент шаҳрининг ўрни” мавзуида ўтказилган халқаро илмий-амалий анжуман ҳам дунё тамаддунига улкан ҳисса қўшган миллий-маданий ёдгорликлар, тарихий обидалар ва осори-атиқаларни асраб-авайлаш ҳамда уни кенг тадқиқ этишнинг долзаб масалаларига бағишланди.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги

Наманган вилояти ҳокимлиги, Наманган давлат университети, Наманган муҳандислик-қурилиш, муҳандислик-технология институтлари, “Ахсикент” археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш дирекцияси ҳамкорлигида ташкил этилган конференцияда давлат ва нодавлат ташкилотлари, сиёсий партиялар вакиллари, юртимиз тарихчи-олимлари билан бирга АҚШ, Хитой, Япония, Италия, Қозоғистон давлатларидан археология соҳаси мутахассислари, талаба ёшлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди. 

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги

Конференцияда сўзга чиққан Наманган вилоят ҳокими, сенатор Хайрулло Бозоров, Наманган давлат университети ректори Абдусалом Умаров, Ўзбекистон Фанлар Академияси Археолоя институти Тошкент бўлими раҳбари, тарих фанлари доктори, профессор Абдулҳамид Анорбоев ва бошқалар жадал суратларда ривожланиб жаҳон ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлган юртимизнинг бой тарихи, узоқ ўтмишимиз сир-асрорларидан дарак бериб тургувчи обидаларимиз, археологик ёдгорликлари дунё илм аҳлининг катта қизиқиш ва эътиборига сазовор бўлаётганини таъкидлашди.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги

Эътироф этиш жоиз, ўзининг икки минг йиллик тарихига эга бўлган Наманган замини туризм ўчоқлари, тарихий ёдгорликлари, моддий маданий мерос объектларига бой бўлган муқаддас замин сифатида ном қозонган. Бу диёрдаги машҳур Ахсикент, Мунчоқтепа, Айритом, Муғтепа каби меъморий ёдкорликлар ўтмишда ушбу ҳудудда ўзига хос цивилизация ва бой маданият ривожланганидан далолат беради.

Конференцияда хориждан ташриф буюрган ва юртимизда илмий-амалий ишлар олиб бораётган тарихчи олимлар, профессорлардан - Токио санъат университети профессори Сёго Куме, Хитойнинг Сиан провинцияси Норт университети қошидаги “Ипак йўли” археологик академияси раҳбари Ванг Жиян Цин, хитойлик археолог, докторант Лин Лингмей, АҚШ Кенттуки Мюррей университети ўқитувчиси Илиз Бритэн, Олмаота археология институти илмий тадқиқотчиси Анатолий Шаяхметовлар эса олиб бораётган тадқиқот фаолиятлари билан батафсил тўхталиб ўтдилар.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги

Тадбир иштирокчилари учун кўҳна Ахсикент харобалари бўйлаб саёҳат уюштирилди. Кўламли қазилма ишлари, илмий ўрганишлар билан яқиндан танишган чет эллик тарихчи олимлар бу ерда бундан кейинги илмий-амалий ўрганишлар, қазилма ишларида кенг ҳамкорликни йўлга қўйишни таъкидлаб ўтишди. 

Маълумот ўрнида, қадимий шаҳар харобаси бўлмиш Ахсикент ёдгорлиги Тўрақўрғон тумани, Шаҳанд қишлоғида, Сирдарёнинг ўнг соҳилида жойлашган. Тарихий манбаларда айтилишича, Ахсикат шаҳри милоддан аввалги III-II (3-2) асрларда вужудга келган, IX-X (9-10) асрларда Фарғона водийсининг пойтахти ҳисобланган. 1621 йилда юз берган зилзила оқибатида вайрон бўлган. Ахсикатни археологик жиҳатдан ўрганиш ишлари XIX (19)-аср охирлари XX (20) -аср бошларидан бошланган. 

Меҳмонлар сайёҳат доирасида шунингдек, Тўрақўрғон туманидаги Исҳоқхон Тўра Ибрат мажмуасига ташриф буюрган меҳмонлар бу жойда олиб борилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишдилар. Меҳмонларга вилоят ҳокимлиги томонидан ўзбек миллий тўни ва дўпписи кийдирилиб машҳур Чуст пичоқлари совға этилди. 

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги

Оқилхон Дадабоев,
журналист.

Мавзуга оид