Ўзбекистон | 13:24 / 08.05.2023
66654
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда муддатидан илгари президент сайлови ўтказилади

Президентнинг тегишли фармони имзоланган. Сайловлар қонунга тўла мувофиқ ҳолда, очиқ ва ошкора тарзда ўтказилиши қайд этилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда муддатидан илгари президент сайлови ўтказилишини эълон қилди. Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар беришича, бу тўғрисидаги фармонни давлат раҳбари янги таҳрирдаги Конституциянинг 128-моддасида мамлакат президентига берилган ваколатдан фойдаланиб имзолаган.

«Президент бугун иккита муҳим фармонни имзолаганини эълон қилди. Биринчи фармон янгиланган Конституцияни ҳаётга жорий этиш, ижросини таъминлаш учун унинг мазмун-моҳиятини халқимиз ўртасида кенг тарғиб қилиш бўйича аниқ вазифаларни назарда тутади.

Бош қонунимизнинг ҳар бир банди ва моддасини жамиятимиз, айниқса, ёшларимиз учун ҳаёт қоидасига айлантириш, бу борада уларнинг тушунча ва тасаввурларини кенгайтириш; ҳар бир маҳалла, таълим маскани, ташкилот ва корхонада чуқур ўрганиш мақсадида ўқув дастурлари, дарслик ва қўлланмалар яратиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Янгиланган Конституциянинг 128-моддасида мамлакат президентига берилган ваколатдан фойдаланиб, давлат раҳбари иккинчи муҳим фармонни имзолади. Унга мувофиқ, мамлакатда муддатидан илгари президент сайлови ўтказилади», дейилади хабарда.

Президент бу қарорини изоҳлади.

«Бундай қарорга келиш учун қандай объектив зарурат бор, деган савол туғилиши табиий, албатта. Нима учун қолган уч ярим йиллик президентлик муддатидан ўз ташаббусим билан воз кечяпман?

Чунки, ўзингиз кўриб турибсиз, Асосий қонунимизга мувофиқ, биринчидан, ҳокимиятнинг барча бўғинлари ислоҳ қилиниб, улар ўртасидаги муносабат ва мувозанат жиддий ўзгармоқда. 

Иккинчидан, янгиланган Конституциямиз Президент, парламент, ҳукумат, вазирлар, ҳокимлар олдига кечиктириб бўлмайдиган янги сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий вазифаларни қўймоқда.

Учинчидан, халқимиз биздан барча соҳаларда ғоят муҳим ва долзарб ўзгариш ва ислоҳотларни кутмоқда.

Тўртинчидан, дунёда ва минтақамизда кескин ва мураккаб жараёнлар ҳукм сураётган ҳозирги вазиятда тўғри ва самарали ривожланиш йўлини излаб топиш ва уни амалга ошириш энг ўткир ва долзарб масалага айланмоқда.

Азиз ва муҳтарам ватандошлар, барчангиз кўриб турибсиз, олдимизга бугун янада улкан марралар қўймоқдамиз. Бундан буён ҳам, давлат ва жамият ҳаёти, бугунги ва келгуси тараққиётига оид ҳар бир масала бўйича фақат ва фақат сизлар, донишманд, бағрикенг халқимиз билан бамаслаҳат иш олиб борамиз. 

Асосий қонунимизда халқ – давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи, деб бежиз ёзилмаган. Шу нуқтайи назардан, янгиланган давлат ҳокимияти тизимида халқимиз, яна бир бор айтаман, фақат халқимиз ўзи ишонган раҳбарга мандат бериши мақсадга мувофиқ. Ўйлайманки, бугунги мавжуд шароитда бу энг тўғри ва адолатли қарор бўлади», - деди президент.

Сайловлар қонунга тўла мувофиқ ҳолда, очиқ ва ошкора тарзда ўтказилиши қайд этилди. Бунда сиёсий партиялар, Президентликка номзодлар юртимиз тинчлиги ва унинг равнақига, халқимиз фаровонлигига хизмат қиладиган янги ғоя ва ташаббуслар билан майдонга чиқишига ишонч билдирилди.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 8 майдан «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги конституциявий қонун кучга кирди. 

Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси президенти муддатидан илгари президент сайловини тайинлаган тақдирда, сайлов Сайлов кодексига тўлиқ мувофиқ ҳолда икки ой ичида ўтказилади. Бунда сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир тадбирларни амалга ошириш муддатлари Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади.

Шунга кўра, сайлов июл ойининг биринчи якшанбаси (2 июл) ёки иккинчи якшанбасига (9 июл) белгиланиши мумкин.

Мавзуга оид