Жамият | 14:50 / 23.05.2026
8805
7 дақиқада ўқилади

Наркотузоқ, уруш ва тирик қолиш учун кураш – Луҳанск ва Донецкдан қайтган икки йигит ҳикояси

Наманганлик ва сурхондарёлик икки йигит Луҳанскда оғир кунларни бошдан кечирган. Уларнинг ҳар иккиси аввалига Россияда наркотузоқ орқали қамоққа олинган. Сўнгра турли босим ва қийноқлар орқали урушга боришга мажбурланган.

Фото: iz.ru

Россия армиясига ёлланиб, Украинага қарши урушда қатнашган икки ўзбекистонлик жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳужжатлари билан танишди.

“Блатной”нинг тирик қолиши

Наманганлик Абдувалига (мақоладаги исмлар ўзгартирилган) урушда “Блатной” лақаби берилганди. Луҳанск майдонларида жангга кирган бу йигит фронтга ўз-ўзидан бориб қолмаган.

Абдували 2023 йил октябрида ишлаб пул топиш мақсадида Россияга кетган. Бу пайтда у 21 ёшда бўлган. 2024 йил январида Абдували наркожиноятда айбланиб, қамоққа олинган. Бироқ суд қилинмасдан 2025 йил сентябрга қадар ушлаб турилган. Сўнгра унга урушга бориш эвазига афв таклиф қилишган.

Абдували қамоқ эҳтиёт чорасидан озод бўлиш ва қийноқлардан қутулиш мақсадида таклифга кўнишга мажбур бўлган.   

2024 йил 26 январда Москва шаҳрининг марказий кўчаларидан бирида таксида ишдан ётоқхонага қайтаётгандим. Милиция ходимлари машинани тўхтатди. Сўнгра мени ушлаб, милиция бўлимига олиб боришди. У ерда кийимларимни ечиб, ёнимни кўздан кечиришди. Аммо ҳеч қандай тақиқланган нарса топишолмади. У ердан чиқаётганимда эгнимдаги курткамни ҳам ҳам текширишди. Шунда унинг чўнтагидан рўмолчага илашиб, скотчга ўралган бир бўлак сақичсимон модда чиқди.

Уларга бу модда менга тегишли эмаслигини, наркотик истеъмол қилмаслигимни айтдим”, деган Абдували суддаги кўрсатмасида.

Шундан сўнг ҳужжатлар расмийлаштирилиб, суд ажрими билан Абдувалига қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. У Москва шаҳридаги “Томбов СИЗО-1” турмасига этап қилинган. Турмада ҳар 2 ойда суд орқали қамоқ эҳтиёт чорасини чўздириб, 2025 йил 5 сентябрга қадар суд қилмасдан ушлаб туришган. Бу вақтда унга ҳар куни урушга боришни таклиф қилишиб, кўндириш учун қийноққа солишган, таҳқирлашган. Абдували қийноқлардан қутулиш учун охири бу таклифга кўнган. 

2025 йил 5 сентябр куни мен ва яна 25 нафар маҳбусни Луҳанскдаги ротага олиб боришди. Барчамизнинг кийимларимиз ва шахсий буюмларимизни йиғиштириб олишди. Автоматдан ўқ отишни машқ қилдиришди. Ҳарбий-жанговар тайёргарлик 2 ҳафта давом этди.

2025 йил 3 октябрда 15 нафар ёлланма аскарлардан иборат гуруҳ таркибида Харков шаҳри ҳудудидаги жанг майдонига бордим. У ерда дрон зарбасидан жароҳат олиб, ортга қайтдим. Ҳарбий госпиталда шифокорлар текшириб, керакли муолажаларни қилишди. 2 ҳафта даволангач полкка қайтиб бордим. Шерикларимнинг бари вафот этган экан.

Сўнг тирик қолиш имконсиз эканини билиб, қочишга ҳаракат қилдим. Бироқ йўлда тутиб олишди. 20 нафар аскар калтаклади”, деган Абдували.

Шундан сўнг у яна госпиталга ётган. Бир муддат даволаниб, жанг майдонига қайтган. Ҳарбий қисмдан қочишнинг ҳам, жанг майдонида омон қайтишнинг ҳам имкони йўқлигини билгач, ўзига жароҳат етказган.

Ҳарбий қисм ҳожатхонасига кириб, ўз сўлагимни шприцга тортдим ва ўнг оёғим тизза  соҳасига юбордим. Орадан бир кун ўтгач, оёғим шишиб кетди: тана ҳароратим кўтарилиб, бутунлай юролмай қолдим. Командирлар мажбуран мени қайта госпиталга юборишди. Госпиталда эса бундай мураккаб жарроҳлик амалиётини ўтказиш имкони йўқлиги сабабли йўловчи поездда назорат остида Санкт-Петербург шаҳрида жойлашган марказий ҳарбий госпиталга юборишди”, дейилади йигитнинг кўрсатмасида.

Аҳволи бироз яхшиланган Абдували 2026 йил 4 январ куни ҳарбий госпитал деворидан ошиб ўтиб, у ердан қочишга муваффақ бўлган. Сўнг Москва шаҳрига бориб, Ўзбекистон элчихонасидан ёрдам сўраган. Шу тариқа у ватанга қайтиш гувоҳномаси орқали 15 январда Ўзбекистонга қайтиб келган.

Абдували судда Украинага қарши урушда мажбурликдан иштирок этганини айтган.

ЖИБ Наманган туман судининг 2026 йил 29 апрелдаги ҳукми билан Абдували ёлланиш жиноятини содир этишда айбли деб топилган. Унга 3,5 озодликни чеклаш жазоси тайинланган. 

“Дўстим сабаб қамалдим”

Сурхондарёлик Бобурнинг Россияда бошидан кечирганлари Абдувалиникидан кам эмас. У ҳам наркотузоққа илинган ва Донецкдаги жангларда қатнашган.

30 ёшли Бобур Россияга 2022 йил август ойида борган. У Москва вилоятидаги нон цехида ишлаб келган. Аммо 2023 йил июлида барчаси ўзгариб кетган.   

Ўша куни фарғоналик дўсти ундан Воронеж шаҳрига бирга бориб келишни илтимос қилган. Бобур аввал бирга ишлаган дўстининг бу илтимосини рад қилолмаган. Шу тариқа у дўсти ижарага олган машинада йўлга чиққан.

Липецк шаҳрига етиб борганимизда дўстим машинани тўхтатиб, дўконга кириб кетди. Мен сигарет чекиш мақсадида машинадан тушдим. Шу вақтда фуқаролик кийимидаги милиция ходимлари келиб, машинани кўздан кечиришди ва дўстимга тегишли сумка ичидан наркотик чиққани учун мени ўзлари билан олиб кетишди.

Тергов қилишиб, наркотик модда сақлашда айблашди. 2023 йил октябргача қамоқда сақлашди. Сўнг суд қилишиб, 9 йилга озодликдан маҳрум қилишди”, деган Бобур судда.

Жазо муддатини ўташ даврида доимий равишда Украинага қарши урушда қатнашишга ундаб келинган. Қийноқ ва босимлардан сўнг Бобур 2025 йил август ойида Россия армиясида ҳарбий хизматни ўташ учун шартнома тузишга мажбур бўлган.

Мен билан бирга тахминан 30 нафар маҳбусни урушга тайёрлаш учун Нижний Новгород шаҳрига олиб боришди. Бир ойга яқин ҳарбий тайёргарликдан ўтдик: окопда юриш, ўқ отиш, дрондан қочиш кабиларни ўргатишди.

Сўнгра менга “АК-74” автоматини, ҳарбий кийим-кечак ва бронежилет беришди ҳамда уруш чизиғига олиб боришди. 2025 йил 2 ноябрда Украина аскарлари биз турган жойга дронлардан зарба беришди. Оқибатда оғир яраланиб, ортга чекиндим. Қўлимга жгут қўйиб, қонни тўхтатишди. Олган жароҳатларим билан 3 кун қолиб кетдим”, деган Бобур кўрсатмасида.

Кейин уни Луҳанскдаги госпиталга олиб боришган. 10-15 кунлик даволанишдан сўнг одам етишмаяпти, дея яна полигонга жўнатишган. Аммо Бобурнинг жароҳати анча жиддий эди. Кўп ўтмай уни Белгород шаҳридаги госпиталга олиб боришга мажбур бўлишади.

Уни госпиталга олиб кетаётган машина ҳайдовчиси йўлда дўконга кириб чиқиш мақсадида тўхтайди. Шунда Бобур қочишга муваффақ бўлади. У Москва шаҳрига бориб, элчихонадан ватанга қайтиш гувоҳномасини олади ва 2026 йил 27 феврал куни Ўзбекистонга қайтиб келади.

ЖИБ Термиз шаҳар судининг 2026 йил 1 майдаги ҳукми билан Бобур ёлланиш жиноятини содир қилишда айбли деб топилган. Унга 4,5 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган. 

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид