Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкент автобусларида нақд шаклда тўлов қабул қилиш тўхтатилади
Шаҳар ҳокимининг қарори билан, 1 январдан бошлаб Тошкент шаҳрида метро ва автобусга нақд шаклда тўлов қилинганда йўлкира 3000 сўм деб белгиланди (амалда 2000 сўм). Нақдсиз тўловлар учун 1700 сўмлик тариф ўзгаришсиз қолади. Автобуслар салонида йўлкирани нақд шаклда қабул қилиш тўхтатилади, карта ёки илова орқали тўлов қила олмайдиганлар инфокиоскдан бир марталик чипта харид қилиши керак бўлади.
Фото: Kun.uz
2025 йил 1 январдан бошлаб Тошкент шаҳри жамоат транспортида йўлкира ҳақини электрон шаклда тўлашни рағбатлантирувчи тарифлар жорий этилади. Бу ҳақда шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқовнинг қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, 1 январдан эътиборан пойтахт автобус ва метрополитенида нақд шаклдаги тўловлар учун йўлкира ҳақи 3000 сўм деб белгиланади (амалда 2000 сўм).
Транспорт картаси, банк карталари ҳамда мобил иловалар орқали тўлов қилинганда йўлкира 1700 сўм миқдорида ўзгаришсиз қолади.
Транспорт карталаридан фойдаланилган ҳолда бир соат ичида бир йўналишли йўловчи транспортидан бошқасига ўтиш сонидан келиб чиқувчи имтиёзли ва бепул тарифлар ҳам ўзгаришсиз қолади.
1 январдан, шунингдек, Тошкент шаҳри йўналишларидаги барча автобуслар салонида йўлкира ҳақини нақд пулда олиш амалиётидан воз кечилади. Автобуслар салонида йўлкирани фақат электрон тарзда тўлаш мумкин бўлади.
Автобус йўлкираси учун нақд шаклда тўлов қилишни истаганлар шаҳардаги бекатларда ва уларнинг яқинида ўрнатилган тўлов қурилмалари (Paynet, MultiPay ва Oson инфокиосклари) орқали бир марталик чипта харид қилиши лозим бўлади.
Шаҳар ҳокимининг қарори билан, шунингдек, автобус йўналишларида электрон тўловларни амалга оширишда қатновлар сонидан келиб чиққан ҳолдаги кўп марталик тариф режалари ҳам тасдиқланди:
| Тариф | Амал қилиш муддати | Автобусдаги қатновлар сони | Тариф режасининг нархи |
| 10 марталик | 2 кун | 10 | 16 000 |
| 20 марталик | 5 кун | 20 | 30 000 |
| 30 марталик | 7 кун | 30 | 44 000 |
Мавзуга оид
15:29 / 13.01.2026
Қорақалпоғистон ва Тошкентда қалбаки доллар ўтказмоқчи бўлганлар ушланди
23:15 / 11.01.2026
12 январ куни Тошкентдаги айрим кўчаларда транспорт ҳаракати вақтинчалик чекланади
18:27 / 10.01.2026
Тошкентда катталар учун ҳоспис очилади
13:53 / 10.01.2026