Жамият | 18:42 / 02.04.2018
47369
2 дақиқада ўқилади

Америкада яшовчи ўзбек йигити хорижликларни антиқа усулда Ўзбекистонга саёҳатга чорламоқда (видео)

Майами осмони узра Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришга йўналтирилган ёзувлар пайдо бўлди. KUN.UZ мухбири Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакилларидан олинган маълумотларга асосланиб, ушбу воқеа тафсилотлари билан бўлишди. 

Ўзбекистонлик Шуҳрат Қосимов АҚШга GreenCard орқали кетган бўлиб,  ўша ерда истиқомат қилади. Ўз фаолиятини юк ташиш машиналаридан бошлаган ўзбек йигити ҳозирга келиб Америкада шахсий бизнесига эга. 

"Бугунги кунда у Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш мақсадида uzbekistanturismo.com сайтини очди ва бу йўлда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ҳамкорлик қилмоқда, - дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов воқеага изоҳ берар экан. - Шуҳрат Ўзбекистонда экотуризмни ривожлантиришга қизиқиш билдирмоқда. Шу мақсадда Чимён-Чорвоқ ҳудудларида туризмни ривожлантириш учун 10 миллион долларга яқин инвестиция киритмоқчи.

Бундан ташқари, Шуҳрат болалар футбол клубини очиб, уни туризмни ривожлантириш йўлида UzbekistanTurismo деб номлаган. У яшайдиган ҳудудда испан тилида сўзлашувчилар кўпчиликни ташкил қилгани учун жамоа испанча номланган".

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Шуҳрат Қосимов президент Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи чоғида у билан учрашиб, Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш ҳақида суҳбатлашишни орзу қилган, бироқ муайян сабабларга кўра бунга имкон топа олмаган. 

Шуҳрат Ўзбекистонга қайтишни орзу қилади, ҳозирда у ўз ватанида туризм ривожига инвестиция киритиш мақсадида Америкада меҳнат қилишда давом этмоқда.

Тайёрлаган:  Лола Раҳманбаева

Мавзуга оид