Ўзбекистон | 17:01 / 17.08.2021
35475
7 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон давлат чегараси: қайси идораларга қандай ваколатлар берилган, қурол ва ҳарбий техника қандай ҳолларда қўлланади?

Қўшни Афғонистонда «Толибон» ҳокимиятга келиши ортидан аввалги ҳукумат раҳбарлари, амалдорлар, ҳарбий хизматчилар ва таҳдид остидаги фуқаролар мамлакатдан чиқиб кетишга уринмоқда. Тинч аҳоли вакилларининг аксари қочқин мақомини олиш учун Ғарб ва қўшни давлатларга йўл олишни кўзлаган, толибларга қарши курашган ҳарбийлар эса чегарани ноқонуний йўл билан кесиб ўтиб бўлса-да, жон сақлашга уринмоқда.

Бу каби ҳолатлар Афғонистоннинг асосан этник ўзбеклар яшайдиган шимолий қисми – Ўзбекистон билан 137 километрлик чегара ҳудудида ҳам содир бўлмоқда.

Дастлаб, «Толибон» ҳаракати 14 август куни Термиздан 58 км жанубдаги Мозори Шариф шаҳрини эгаллагач, Афғонистон армиясининг бир гуруҳ кучлари Амударё устидан ўтувчи, Термиз шаҳрига олиб борувчи Ҳайратон кўпригида Ўзбекистонга кириш илинжида тўпланди. Ташқи ишлар вазирлиги тўпланганлар музокаралар ва тушунтиришлар йўли билан тарқатиб юборилганини билдирди.

15 август куни Афғонистон президенти ва бир қанча юқори лавозимли амалдорлар ҳам мамлакатни тарк этди, «Толибон» пойтахт Кобулни эгаллади. Шу куни Афғонистон билан чегарадош Сурхондарё вилоятида Афғонистон армиясига тегишли ҳарбий самолёт уриб туширилгани ҳақида хабар тарқалди.

16 август куни Бош прокуратура жами 585 нафар афғон ҳарбийси 22та ҳарбий самолёт ва 24та ҳарбий вертолёт орқали Ўзбекистонга ноқонуний кириб келгани, бу жараёнда Афғонистоннинг «Эмбраер-314» самолёти Ўзбекистоннинг «МиГ-29» русумли самолёти билан тўқнашиб кетгани, ҳолат бўйича бевосита бош прокурор томонидан жиноят иши очилгани ҳақида маълум қилди. Лекин орадан кўп вақт ўтмай Бош прокуратура расман раддия берди ва бу маълумотлар «охиригача аниқлаштирилмагани»ни билдирди.

16 август куни бортида афғон ҳарбийлари бўлган иккита вертолёт Ўзбекистон ҳудудидаги пахта даласига қўнгани акс этган видео ҳам тарқалди.

Бу каби мураккаб ҳарбий-сиёсий жараён мустақил Ўзбекистон тарихида камдан кам кузатиладиган ҳодиса экани сир эмас. Шундай вазиятда Ўзбекистоннинг қуруқлик, ҳаво ва сув юзасидаги чегараларини ҳимоя қилиш кимнинг вазифаси экани, чегарачилар қандай ҳуқуқ ва мажбуриятлари борлиги кўпчиликни қизиқтиради.

Қуйида давлат чегараларини ҳимоя қилишнинг қонуний асослари ва тартиб-таомиллари борасида сўз юритилади.

2000 йил 1 январдан кучга кирган «Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида»ги қонунга кўра, Ўзбекистоннинг Давлат чегараси — Ўзбекистон Республикаси ҳудуди доирасини (қуруқликда, сувда, ер остида, ҳаво бўшлиғида) белгиловчи чизиқдан ва бу чизиқ бўйлаб ўтувчи вертикал сатҳдан иборат.

Мазкур қонуннинг 15-моддасида Давлат чегарасини чегара ўтказиш пунктларидан бошқа жойдан ҳар қандай усул билан кесиб ўтган ёки кесиб ўтишга ҳаракат қилаётган шахслар, мамлакат ички сувлари, шунингдек, чегара бўйи дарёлари ва бошқа сув ҳавзаларига белгиланган қоидаларни бузган ҳолда кирган чет эл ноҳарбий ва ҳарбий кемалари, давлат чегараси орқали учиб ўтиш қоидаларини бузган ҳаво кемалари ва учиш аппаратлари давлат чегарасини бузувчилар деб ҳисобланиши кўрсатиб ўтилган.

Қонунда давлат органларининг Ўзбекистон давлат чегараларини ҳимоя қилиш бўйича ваколатлари белгиланган, жумладан:

  • Вазирлар Маҳкамаси Давлат чегарасини ҳимоя қилиш ва қўриқлаш соҳасидаги кучлар ва воситаларни, ўтказиладиган тадбирларни молиялаш ва ресурслар билан таъминлашни амалга оширади, чегарани ҳимоя қилиш ва қўриқлаш соҳасида норматив ҳужжатлар чиқаради;
  • Давлат хавфсизлик хизмати эса давлат чегарасини ҳимоя қилиш ва қўриқлаш соҳасидаги давлат сиёсати амалга оширади, чегара ҳимоя қилиниши ва қўриқланишини таъминлайди;
  • Мудофаа вазирлиги ҳаво бўшлиғида Давлат чегараси ҳимоя қилиниши ва қўриқланишини амалга оширади ва ўз ваколатлари доирасида ҳаво бўшлиғида юзага келган чегара низоларини ҳал этади;
  • Ташқи ишлар вазирлиги Давлат чегарасини ҳимоя қилиш ва қўриқлашни ташқи сиёсий ва халқаро-ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашни амалга оширади ҳамда чегара режимини белгилаш бўйича музокаралар олиб боради, зарур ҳужжатлар ва материаллар тайёрлайди;
  • Ички ишлар вазирлиги чегарани ҳимоя қилишда чегара қўшинларига кўмаклашади, чегара олди зонасида чегара олди режимига риоя этилиши назоратни амалга оширишда ИИВ иштирокини таъминлайди, чегара олди ҳудудларида ҳуқуқ-тартиботнинг ҳолати тўғрисида чегара қўшинларига ахборот бериб боради.
  • Давлат божхона қўмитаси Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида шахслар, транспорт воситалари, товарлар, бошқа мол-мулк ва ҳайвонларнинг Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида божхона назоратидан ўтиши ва расмийлаштирилишини ташкил этади;
  • булардан ташқари, қонунда давлат чегараларини ҳимоя қилиш юзасидан санитария-карантин текшируви, ветеринария, фитосанитария назорати, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда фуқароларнинг ҳам бир қанча вазифалари белгиланган.

Шунингдек, қонунга мувофиқ ҳаво ҳужумига қарши мудофаа қўшинлари ҳаво бўшлиғида Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтган ҳаво кемалари ва бошқа учиш аппаратларини аниқлайди ва уларнинг Ўзбекистон ҳудудидаги парвозини белгиланган тартибда тўхтатади.

Чегара қўшинлари, Ҳаво ҳужумига қарши мудофаа қўшинлари Давлат чегарасини ҳимоя қилиш ва қўриқлаш пайтида Ўзбекистон ҳудудига қуролли бостириб киришни даф этиш мақсадида қурол ва ҳарбий техникани қўллаш ҳуқуқига эга.

Шунингдек, давлат чегарасини бузувчи қоидабузарларни бошқа воситалар билан ушлашнинг иложи бўлмаган ҳолларда ҳам қурол ва ҳарбий техника қўлланади.

«Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида»ги қонунда Ўзбекистон Республикаси ва чет эл давлатлари ҳарбий ҳаво кемаларининг, бошқа ҳарбий объектлар ёки ҳарбий хизматчиларнинг хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ бўлган чегара низолари Мудофаа вазирлиги вакиллари иштирокида ҳал этилиши белгиланган. Чегара вакиллари ёки Мудофаа вазирлиги вакиллари ҳал эта олмаган масалалар ва низолар эса дипломатик тартибда ҳал қилинади.

Кўриб турганингиздек, Ўзбекистон ўз давлат чегараларини ҳимоя қилиш ва чегара бузувчиларга нисбатан чора кўриш борасида барча қонуний асосларга эга. 

Фаррух Абсаттаров
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид