Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Порахўр ким? – Аксилкоррупция агентлиги коррупционернинг янги портретини тайёрлади
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Kun.uz сўровига асосан 2025 йилдаги коррупциявий жиноятлар таҳлили бўйича коррупционернинг криминологик портретини тақдим этди. Таҳлилларга кўра, Ўзбекистондаги ўртача типик коррупционер – аввал судланмаган, 31-49 ёш оралиғидаги, олий маълумотли, оилали эркак бўлиб, у расмий даромад манбаига эга ва кўп ҳолларда раҳбарлик лавозимларида ишлайди.
Агентликка кўра, 2021 йилдан 2025 йилгача бўлган даврда ҳар йили ўртача 7 минг киши коррупциявий жиноятлар учун жавобгарликка тортилган.

“Коррупция касаллиги” 31 ёшдан кейин кучаяди
Таҳлилларга кўра, коррупция жиноятлари ичида энг кўп учрайдиган тур – ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилишдир. Бу турдаги жиноятлар умумий коррупция ҳолатларининг 33 фоизидан ортиғини ташкил этмоқда. Яъни ҳар йили ўртача 2,5 мингдан ортиқ ҳолат давлат ёки ташкилот маблағларини “ичкаридан” ўзлаштириш билан боғлиқ.
Ундан кейин мансаб ваколатидан фойдаланган ҳолда фирибгарлик ва мансаб сохтакорлиги келади. Пора бериш жиноятлари эса умумий ҳолатларнинг 13 фоизини ташкил этади. Эътиборлиси, жамоатчилик энг кўп муҳокама қиладиган пора олиш жинояти статистикада нисбатан паст улушга эга: ҳар йили ўртача 200 нафар атрофида шахс пора олиш учун жавобгарликка тортилмоқда.
Коррупция жиноятларининг асосий қисми 31-49 ёш оралиғидаги шахслар ҳиссасига тўғри келади. 2025 йилдаги ҳолатларга кўра, коррупция жиноятларининг 67 фоизи айнан шу қатлам томонидан содир этилган. Бу – инсоннинг касбий фаолияти энг кучайган, қарор қабул қилиш имконияти ошган ва таъсир доираси кенгайган давр ҳисобланади.

Айниқса, пора олиш жиноятларининг 76 фоизи, талон-торож ҳолатларининг 66 фоизи ҳамда мансаб билан боғлиқ фирибгарликларнинг 67 фоизи айнан шу ёшдагилар ҳиссасига тўғри келган.
18-30 ёшдагилар умумий коррупция жиноятларида 14 фоизни ташкил этган бўлса-да, пора бериш ҳолатларида ёшлар улуши 23 фоизга чиқади. Бу эса коррупция фақат “олувчи” орқали эмас, балки тизимга тезроқ киришга уринаётган “берувчи” муҳит орқали ҳам яшаб қолаётганини кўрсатади.
Таҳлилдаги энг муҳим сигналлардан бири – маълумот даражаси билан боғлиқ. Ўзбекистонда жиноят содир этган шахслар ичида олий маълумотлилар улуши ўртача 20 фоиз атрофида бўлса, коррупция жиноятларида бу кўрсаткич 70 фоиздан ошади. Яъни, коррупция кўп ҳолларда билимсизлик эмас, аксинча, тизимни яхши тушунадиган, ҳуқуқий ва молиявий механизмларни англайдиган шахслар томонидан содир этилмоқда.
Коррупционерларнинг 70 фоизи олий маълумотли, 19,6 фоизи ўрта махсус ва 10,4 фоизи ўрта маълумотли шахслар ҳисобланади. Бу рақамлар коррупцияни “қашшоқлик жинояти” сифатида эмас, имконият ва ваколат жинояти сифатида кўриш кераклигини англатади.
Таҳлил яна бир қизиқ ҳолатни очиб берган: коррупция жиноятларининг 95 фоизи оилали шахслар томонидан содир этилган. Бу эса коррупция аксарият ҳолларда ижтимоий ҳаётдан узилган эмас, балки жамиятга тўлиқ интеграциялашган инсонлар томонидан содир этилаётганини кўрсатади.
2025 йилда аниқланган коррупция жиноятларининг 85 фоизи эркаклар ҳиссасига тўғри келган. Аёллар иштирокидаги ҳолатлар нисбатан кам бўлса-да, улар асосан таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасида жамланган. Коррупция жинояти содир этган аёлларнинг 46 фоизи таълим, 21 фоизи соғлиқни сақлаш тизимида ишлаган. Эркаклар эса асосан ижро органлари, тадбиркорлик ва хўжалик бошқаруви тизимларида фаолият юритган.
Давлат энди раҳбарнинг “ҳалоллик иммунитети”ни текшириб туради
Коррупцияга қарши кураш соҳасида раҳбар кадрларнинг масъулиятини кучайтиришга қаратилган янги механизмлар жорий этилмоқда. Президентнинг 2024 йил 21 июндаги 228-сонли қарори билан “Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси” платформаси ишга туширилди. Энди давлат хизматчилари ҳар уч йилда камида бир марта коррупцияга қарши кураш бўйича малака ошириши шарт ҳисобланади.
2025 йил ва 2026 йил биринчи чорагида қарийб 69 минг нафар давлат хизматчиси малака оширишга жалб қилинган. Шунингдек, ҳукумат аъзолиги ва ҳокимликка номзодлар энди ўз дастури билан бирга коррупциянинг олдини олиш бўйича шахсий режасини ҳам тақдим этиши керак бўлади.
Таъкидланишича, бу криминологик портрет шунчаки статистик ҳисобот эмас, у коррупция ҳақидаги анъанавий тасаввурларни ўзгартирувчи ҳужжатга айланмоқда. “Чунки бу портретдаги коррупционер – ишсиз ёки жамиятдан четга чиқиб қолган инсон эмас. У тизим ичидаги, маълумотли, ваколатли ва расмий мақомга эга шахс. Коррупцияга қарши кураш фақат жазони кучайтириш билан эмас, балки ваколат, назорат ва институционал шаффофликни қайта кўриб чиқиш билан давом этмаса, “типик коррупционер”нинг портрети узоқ вақт ўзгармаслиги мумкин”, – дейилади агентлик ҳисоботида.
Мавзуга оид
22:18 / 06.02.2026
Коррупционер ташкилотлар, Самарқанддаги непотизм ва кечикаётган қонунлар – Антикор агентлигидан репортаж
20:42 / 31.12.2025
Коррупция ҳақида хабар берган шахсларга ҳимоя ордери тақдим этилади
18:46 / 31.12.2025
Коррупцияга қарши Миллий сертификатлаштириш менежмент тизими жорий этилади
16:53 / 08.03.2025