Лифтдан топилган жасад воқеаси: янги тафсилотлар
Фожиа содир бўлган вақтда лифтда фавқулодда чақирув ёки авария-қутқарув хизматига хабар берувчи тугмалар ишламагани маълум бўлди. Шу боис ҳам қутқарув хизматига ҳеч қандай чақирув келиб тушмаган.
“Лифт “свет” ўчгани сабаб тўхтаб қолмаган”
Почтачи бўлиб ишлаган 32 ёшли Ольга Леонтьева 24 июль куни манзилларга хатларни тарқатиш учун чиқиб кетиб уйига қайтмагани, унинг жасади орадан уч кун ўтгач янги уйлардан бирининг лифтида топилгани ҳақида хабар бергандик. Дастлабки хабарларда лифт электр таъминотидаги узилиш сабабли тўхтаб қолгани айтилганди.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ матбуот котиби Фахриддин Нуралиев Kun.uz’га фожиа рўй берган кунларда лифт жойлашган кўп қаватли уйда электр таъминотида узилишлар бўлмаганини таъкидлади.
“Лифт “свет” ўчгани сабаб тўхтаб қолгани ҳақидаги гап-сўзлар асозсиз.Ижтимоий тармоқларда мазкур хабар тарқатилганидан кейин ҳолатни ўрганиш учун воқеа жойига етиб келдик. Туман электр тармоқлари корхонаси ходимлари вазиятни атрофлича ўрганишди. Паркент кўчасида янги қурилган 269-сонли кўп қаватли уй Мирзо Улуғбек тумани ҳудудида жойлашган бўлса-да, электр энергиясини Яшнобод тумани ЭТКдан олади. Корхона хабарига кўра, 23—24 июль кунлари ҳодиса содир бўлган ҳудудда электр энергияси таъминотида узилиш бўлмаган.
Тўғри, кейинги пайтда ҳудудларни электр энергияси билан таъминловчи юқори кучланишли қурилмаларнинг қизиб кетиши натижасида авария ҳолатларида узилишларнинг олдини олиш мақсадида пойтахт туманлари бўйлаб режали ўчиришлари бўлиб турибди. Бу ҳақда ўз вақтида аҳолига хабар бериб боряпмиз. Аммо фожиа рўй берган куни ушбу ҳудудда режали ўчириш ҳам, тармоқда авария ҳам кузатилмаган. Буни диспетчерлик хизматининг фавқулодда ўчирилишлар тўғрисидаги қайдлари тасдиқлайди. Ҳудудда узилишлар ёки авариявий ҳолат кузатилса, бу аниқланган бўларди”, дейди Фахриддин Нуралиев.
Kun.uz билан суҳбатлашган мутахассисларга кўра, лифт электр таъминотидаги узилишлар сабабли ўчиб қолган тақдирда у “свет” келиши билан ишлаб кетган бўларди. “Юқори қаватда қолиб кетган лифт уч кунлаб ишламаган экан, муаммонинг сабабини бошқа жойдан қидириш керак” деб айтмоқда улар.
Созми, носозми?
Бош прокуратура 28 июль куни почтачи аёлнинг жасади топилган лифт носоз бўлганини маълум қилган, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси эса буни рад этиб чиққанди.
Бош прокуратура матбуот хизмати томонидан эълон қилинган баёнотда текшириш давомида ушбу лифт бир неча кундан буён ишламаётгани, олдин ҳам ишламай қолиши ҳолатлари кўп маротаба бўлгани ҳақида муқимлар томонидан тушунтиришлар берилгани таъкидланади.
Бироқ фожиа юзасидан муносабат билдирган Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасига кўра, текширув давомида лифтнинг хавфсизлик мосламалари ишчи ҳолатдалиги аниқланган.
Хўш, бу ўринда кимга ишониш керак? Бош прокуратурагами ёки Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасига? Жамоатчиликда уйғонган шубҳа-гумонларга чек қўйиш мақсадида Бош прокуратура матбуот хизмати янги баёнот билан чиқиб, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг иддаоларига муносабат билдирди.
“26 июль куни марҳуманинг яқин қариндошлари аёлни топиб бериш юзасидан ички ишлар идорасига мурожаат қилишган. 27 июль куни уй яшовчилари томонидан марҳума аёл лифт ичидан топилган. Мазкур ҳолат юзасидан прокуратура текшириш ўтказишни бошлаган.
Шу орада, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси, эътибор беринг “28 июль куни мутахассислар томонидан жойига чиқиб ўрганилганида, лифт қурилмасининг хавфсизлик мосламалари ишчи ҳолатдалиги юзасидан бирламчи кўрик ишлари амалга оширилди ва уларнинг ишчи ҳолатдалиги аниқланди” деб расмий муносабат билдирган.
Ваҳоланки, лифт 24-28 июль кунлари ишламаётгани воқеа гувоҳлари, уй яшовчилари ўз тушунтиришларида, шунингдек, воқеа жойида холис суриштирув олиб борган оммавий ахборот воситалари вакиллари ва журналистларнинг видеорепортажларида тўлиқ ўз тасдиғини топган”, дейилади баёнотда.
Чиндан ҳам Milliy TV, Дарё, Қалампир, Хабардор интернет-нашрлари томонидан эълон қилинган суриштирувларда ҳам лифтнинг носоз экани аниқланган, муқимлар ҳам буни тасдиқлашган.
Лифтнинг авария-қутқарув тугмаси ишламаган
Ҳодиса юзасидан Kun.uz ҳам ўз суриштирувини ўтказди. Унда фожиа рўй берган уйда яшовчи Алишер Абдуллаев лифтда фавқулодда ҳолат пайтида фуқароларнинг жонига ора кириши лозим бўлган тугмалар ишламаслигини таъкидлаган.
“Лифтда фавқулодда чақирув ёки авария-қутқарув хизматига хабар берувчи тугмалар ишламайди. Агар шу тизимлар ишлаб турганда аёл ўзи тушиб қолган фавқулодда ҳолат ҳақида хабар бера олган ва унинг жони омон қолган бўларди”, дея таъкидлаган Алишер Абдуллаев.
Шунингдек, у бундан бир неча кун олдин лифтга чиққан вақтда у тўхтаб қолгани, бахтига лифт тузатадиган усталар у пайтда шу ерда ишлаётгани ва улар синглисини қутқариб олганини айтиб берган.
ФВВ матбуот котиби Мурод Содиқов Kun.uz сўровига жавобан фожиа рўй берган кунлари ушбу кўп қаватли уйда жойлашган лифтлардан қутқарув хизматига ҳеч қандай чақирув келиб тушмаганини билдирди.
Шу уйда яшовчи бошқа фуқаро ушбу турар жой Real House бренди эгалик қилувчи Lotus Gaz Invest компанияси томонидан қурилгани, аҳоли бу ерга кўчиб келган вақтда лифтлар ҳали ўрнатилмагани, одамларнинг тинимсиз мурожаатларидан сўнг лифтлар олиб келиб ўрнатилганини айтмоқда.
Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси лифт 2021 йилда Хитойнинг Aoyama Elevator Global компанияси томонидан ишлаб чиқарилгани, юк кўтариш қуввати 630 кг эканини маълум қилган. Лифт Arena Avto Trans Servis томонидан ўрнатилган ва 2022 йилда қурувчига топширилган.
Бироқ Паркент кўчасида янги қурилган 269-сонли кўп қаватли уйни қурган қурувчи фирма лифтнинг тегишли ҳужжатларини бошқарув сервис компаниясига тақдим этмаган.
Уйда яшовчилардан бири қурувчи томонидан талабга жавоб бермайдиган лифт олиб келиб ўрнатилгани, сертификациядан ўтмагани ёки қинғир йўллар билан ўтганини идда қилмоқда.
Айни пайтда фожиа сабаблари прокуратура органи томонидан ўрганилмоқда. Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсиддинов 32 ёшли аёлнинг лифтдаги ўлими юзасидан Жиноят кодексининг 186-моддаси (Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) билан жиноят қўзғатилганини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, лифтда қамалиб қолган 32 яшар Ольга Лентьеванинг ўлимига шифокорларнинг дастлабки тиббий маълумотномасига кўра, юракнинг ишемик касаллиги, ўткир юрак, қон-томир ва нафас етишмовчилиги сабаб деб кўрсатилган.
Йўқолган одамларни топишга кўмаклашувчи кўнгиллиларнинг гуруҳида ёзилишича, марҳумнинг 6 яшар қизчаси бўлган. Бола бувисининг қарамоғида қолгани айтилмоқда.
Мавзуга оид
10:51
Тошкент аэропортида эшитиш қобилияти чекланган шахслар иш бошлади
17:02 / 22.11.2024
Тошкентда 4 млн дона пиротехника буюмлари йўқ қилинди
15:28 / 22.11.2024
Светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланган Malibu пиёдани уриб юборишига оз қолди
21:43 / 21.11.2024