Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Дания ҳимоясига тайёр Европа, Трампнинг Эронга қарши санкциялари ва Испанияда ушланган 10 тонна кокаин – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Эрондаги намойишлар ва АҚШ билан алоқалар
АҚШ президенти Доналд Трамп Эронга ҳарбий чоралар билан боғлиқ таҳдидларни кучайтириш билан бирга янги санкциялар жорий қилди. Унга кўра, Эрон билан бизнес қилаётган ҳар қандай мамлакатнинг АҚШга экспорт қиладиган маҳсулотларига 25 фоизлик янги бож жорий этилади.
Бироқ Трамп тарифларни жорий этиш учун қайси ҳуқуқий ваколатдан фойдаланишини ёки улар Эроннинг барча савдо ҳамкорларига қаратиладими-йўқми — бу борада батафсил маълумот бермади.
Аллақачон АҚШнинг оғир санкциялари остида бўлган Эрон нефтининг катта қисмини Хитойга экспорт қилади. Туркия, Ироқ, Бирлашган Араб Амирликлари ва Ҳиндистон ҳам унинг йирик савдо ҳамкорлари қаторига киради.
Трамп Эрон етакчиларини агар хавфсизлик кучлари намойишчиларга қарата ўт очса, АҚШ ҳужум қилишидан огоҳлантирган. Оқ уй матбуот котиби Каролин Левитнинг айтишича, авиация зарбалари вариантлардан бири бўлса-да, «дипломатия ҳар доим президент учун биринчи танловдир». Якшанба куни у АҚШ Эрон расмийлари билан учрашиши мумкинлигини айтган.
Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи ҳам Теҳрон Вашингтон таклиф қилган ғояларни ўрганаётганини, бироқ улар АҚШ таҳдидлари билан «мос келмаслигини» айтди.
«АҚШ махсус элчиси Стив Уиткофф билан алоқалар норозиликлардан олдин ҳам, кейин ҳам давом этди ва ҳозир ҳам давом этмоқда», - деди у.
Намойишлар кенг кўламли бўлишига қарамай, ҳарбийлар ёки хавфсизлик кучларида бўлиниш аломатлари кузатилмаган. Арақчига кўра, ҳукумат «террорчи гуруҳлар» деб атаган намойишчилар 53 масжид ва 180 тез ёрдам машинасини ёқиб юборган.
Ҳуқуқни ҳимоя қилиш гуруҳларига кўра, намойишларда 646 кишининг ўлими тасдиқланган, уларнинг 110 нафари хавфсизлик ходимлари.
Евроиттифоқ Данияни ҳимоя қилади
Агар Дания шундай сўров билан чиқса, Европа Иттифоқи Гренландия хавфсизлигини таъминлашга ёрдам бериши мумкин, деди Евроиттифоқнинг мудофаа ва космос бўйича комиссари. У АҚШнинг Гренландияни ҳарбий йўл билан эгаллаши НАТОнинг охири бўлишидан огоҳлантирди.
«Мен Дания бош вазири билан ҳамфикрман. Бу — НАТОнинг охири бўлади ва одамлар орасида ҳам бу жуда-жуда салбий қабул қилинади», деди комиссар Андрюс Кубилюс.
Иккиси ҳам НАТО аъзоси бўлган Дания ва АҚШ шу ҳафта Гренландия масаласини муҳокама қилиш учун учрашиши режалаштирилган. Гренландия ва Дания орол сотилмаслигини айтган, бироқ Трамп уни куч билан эгаллаб олиш эҳтимолини инкор этмади.
Кубилюс АҚШнинг ҳарбий босқини бўлади деб ўйламаслигини айтди. Бироқ Европа Иттифоқи шартномасига кўра, агар Дания ҳарбий тажовузга учраса, аъзо давлатлар унга ёрдам беришга мажбурлигини эслатди.
«Бундай босиб олишни ким тан олади ва бу АҚШ билан Европа ўртасидаги барча муносабатларга, масалан, савдога қандай таъсир қилади? Бу америкаликлар учун ҳам жуда оғриқли салбий оқибатлар келтириши мумкин», деди у.
Унинг айтишича, агар Дания сўраса, ЕИ Гренландия учун кўпроқ хавфсизликни таъминлаши мумкин — жумладан, қўшинлар, ҳарбий кемалар ва дронларга қарши тизимлар каби инфратузилма билан.
Трамп ўтган ҳафта алянсни ҳар доим қўллаб-қувватлашини, Россия ва Хитой эса НАТОдан фақат АҚШ унинг аъзоси бўлган пайтда қўрқишини айтганди.
Испания 10 тонна кокаинни мусодара қилди
12 январ куни Испания полицияси очиқ денгиз тарихидаги энг йирик кокаин мусодарасини амалга оширди.
10 тонна гиёҳванд модда Бразилиядан Европага йўл олган кемада аниқланган. Камерун байроғи остидаги кемада 294 та қопдаги кокаин туз юклари орасига яширилган бўлган.
Бу миқдордаги гиёҳванд модданинг тахминий бозор қиймати — 400 миллион евро. Бундан ташқари, бортда ўқотар қурол ва ўқ-дорилар ҳам топилди. Экипажнинг 13 нафар аъзоси ҳибсга олинди.
Ёқилғиси тугаб қолган кема Канар оролларидаги Санта-Крус портига қирғоқ қўриқчилари томонидан судраб олиб келинган.
Полиция кадрларида улар туз остидан кокаинни белкурак ва қўллари билан ковлаб чиқараётгани, сўнгра боғламаларни пиерга ташиётгани кўринади.
Испания ўтказган халқаро ҳамкорлик доирасидаги операцияда АҚШ, Бразилия, Буюк Британия, Франция ва Португалия расмийлари ҳам қатнашган.
Қирғизистонлик зиёратчилар учун бепул меҳмонхона
Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида Қирғизистон фуқаролари бепул жойлашиши мумкин бўлган меҳмонхона қурилиши бошланди. Қирғизистон президенти администрацияси расмийси Дайирбек Ўрунбековга кўра, лойиҳа президент Садир Жапаров кўмагида амалга оширилмоқда.
Янги бино қиролликка борган қирғизистонликларнинг бепул яшаши, жумладан, Ҳаж зиёратини адо этиши ва таълим олиши учун мўлжалланган.
Шу билан бирга, қурилишни якунлаш муддатлари, молиялаштириш ҳажми ва объектни фойдаланишга топширишнинг аниқ санаси ҳозирча аниқ эмас.
Давлатлар ёки миллий диний жамғармалар ўз зиёратчилари учун Макка ва Мадинада махсус уй-жойга эгалик қилиш амалиёти қатор мусулмон мамлакатларида мавжуд. Хусусан, Малайзия, Туркия, Индонезия ва Эронда ҳам вақф шаклига ўхшаш, ўз фуқароларига бепул ёки имтиёзли асосда хизмат кўрсатувчи объектлар бор.
Молдова Руминия билан бирлашиши мумкин
Молдова президенти Мая Санду агар референдум ўтказилса, Европа Иттифоқи ва НАТО аъзоси бўлган Руминия билан бирлашишни ёқлаб овоз беришини айтди. Бу режалар Молдовани Россия босимига қарши ҳимоялаш мақсадида анчадан бери айтиб келинади.
«Агар референдум бўлса, мен Руминия билан бирлашишни ёқлаб овоз бераман», деди у якшанба куни эфирда.
«Дунёда нималар бўлаётганига қаранг. Молдова каби кичик давлат учун демократия сифатида, суверен давлат сифатида омон қолиш ва албатта, Россияга қарши туриш тобора қийинлашиб бормоқда».
Ўтган йил сентябрида ҳукмрон партияси янги мандат олган Санду Россияни Молдованинг ички ишларига аралашишда бир неча бор айблаганди.
2,4 миллионлик Молдова аҳолисининг тахминан 1,5 миллион нафарида Руминия фуқаролиги бор. Бироқ сўнгги сўровлар уларнинг атиги учдан бир қисми Бухарест билан қайта бирлашишни қўллаб-қувватлашини кўрсатмоқда.
Санду молдоваликларнинг кўпчилиги унинг позициясини қўллаб-қувватламаслигини тан олиб, ЕИга интеграция «янада реал мақсад» эканини айтди. Унинг ҳукумати 2030 йилгача Европа Иттифоқига аъзо бўлишни мақсад қилган, бироқ Россия қаршилиги фонида мураккаб ислоҳотларни амалга ошириши керак бўлади.
Украина билан ҳам чегарадош бўлган Молдова аслида Руминия таркибида бўлган. Кейин Иккинчи жаҳон уруши пайтида советлар томонидан аннексия қилинган. 1991 йилда у мустақилликка эришган.
Яна бир компания баҳоси 4 триллион доллардан ошди
12 январ куни қисқа муддатда Alphabet’нинг бозор баҳоси 4 триллион долларга етди. Google эгаси бўлган корпорациянинг сунъий интеллектга йўналтирилган стратегияни кескин кучайтириши уни яна пойга марказига қайтарди.
Alphabet — Nvidia, Microsoft ва Appleʼдан кейин 4 триллион долларлик маррага етган тўртинчи компания бўлди.
Alphabet ўтган ҳафта 2019 йилдан бери илк бор Appleʼдан бозор капиталлашуви бўйича ўзиб кетиб, дунёдаги иккинчи энг қиммат компанияга айланди. Унинг ўсиши бир қанча нуқталарда кўринмоқда.
Хусусан, эндиликда Appleʼнинг кейинги авлод сунъий интеллект моделлари кўп йиллик келишув доирасида Googleʼнинг Gemini платформасига асосланади.
Samsung компанияси ҳам жорий йилда Gemini AI функциялари ўрнатилган мобил қурилмалар сонини икки баробар оширишни режалаштирмоқда.
Бундан ташқари, Googleʼнинг янги Gemini 3 модели кучли ижобий баҳолар олди, натижада GPT-5ʼдан кўнгли тўлмаган фойдаланувчилардан OpenAIʼга босимни кучайтирди.
Alphabetʼнинг асосий даромад манбаи бўлган реклама бизнеси барқарор сақланиб келмоқда. Бундан ташқари, Googleʼнинг булутли хизматлари, унинг ўзида ишлаб чиқилган сунъий интеллект чипларини ташқи мижозларга ижарага бериш ҳам катта фойда олиб келмоқда.
Мавзуга оид
16:00 / 02.04.2026
Ой томон йўл олган фазогирлар, Луҳанскни тўлиқ «озод қилган» Россия ва Трампнинг мурожаати – кун дайжести
14:02 / 01.04.2026
АҚШга «йўқ» деган европаликлар, Қримда қулаган ҳарбий самолёт ва Бағдодда ўғирланган америкалик журналист – кун дайжести
16:20 / 31.03.2026
Исроилда фаластинликларни камситувчи қонун, Ҳўрмузда ёқиб юборилган Кувайт танкери ва Германияга келган Аш-Шаръа – кун дайжести
15:30 / 30.03.2026