Ўзбекистон | 18:07 / 20.12.2023
10257
2 дақиқада ўқилади

«Ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари ҳар қандай ҳолатда ҳам тўлаб берилади» – Танзила Норбоева

2024 йил давлат бюджетидан хусусий секторда ишлаётган аёлларга 100 млрд сўм ажратилиши кўзда тутилмоқда. Бу жорий йилда ушбу харажатлар учун ажратилган пул маблағидан 3 баробарга кам. Сенат раиси Танзила Норбоеванинг таъкидлашича, бу қисқартириш реал ҳисоб-китоблар, яъни жорий йилги ўзлаштириш даражасини инобатга олган ҳолда белгиланган.

Олий Мажлис Сенатининг 48-ялпи мажлисида Сенат раиси Танзила Норбоева хусусий сектордаги аёлларга «декрет» пули бўйича давлат харажатларининг қисқараётгани ҳақида фикр билдирди.

«Давлат органларининг жамоатчилик билан бюджет доирасидаги мулоқотлари доимий тус олиши керак. Шундагина турли хил тушунмовчиликларнинг олди олинади. Биргина мисол, кейинги йил бюджетида хусусий секторда ишловчи аёлларнинг ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари (декрет) миқдори қисқартирилганини кўпчилик фаоллар гўёки давлат ўз ваъдасидан қайтаётгандек талқин қилишга уринишди.

Ҳолбуки, бу қисқартиш реал ҳисоб-китоблар, яъни жорий йилги ўзлаштириш даражасини инобатга олган ҳолда белгиланган. Лекин токи бюджет лойиҳаси эълон қилингунга қадар хусусий секторда ишловчи аёлларнинг декрет пули билан боғлиқ реал ҳолат жамоатчиликка тақдим этилганини эслай олмаймиз. «Нега ўзлаштириш кам бўляпти?», «хусусий сектордаги аёлларимиз давлатнинг бу кафолатидан қанчалик хабардор?», «хусусий корхоналар бу масалага қандай ёндашяпти?» деган саволлар доирасида кенг қамровли муҳокамалар бўлди дея олмаймиз. Ваҳоланки, мутасадди вазирлик, идоралар бунга биринчи навбатда эътибор қаратишлари керак эди.

Ҳамма, айниқса хусусий секторда расман меҳнат қилаётган аёлларимиз билиб қўйишлари керак: ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари бу – давлат кафолати ва ҳар қандай ҳолатда ҳам тўлаб берилади. Бошқача талқинга ўрин йўқ», деди Танзила Норбоева.

Аввалроқ, 2024 йилги бюджет лойиҳасида хусусий секторда ишлаётган аёлларга давлат томонидан ҳомиладорлик ва туғуруқ нафақалари тўланиши учун 100 млрд сўм ажратилаётгани муҳокамаларга сабаб бўлганди. Чунки ушбу харажатлар учун 2023 йилги давлат бюджетида 300,7 млрд сўм ажратилиши кўзда тутилган. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ушбу ҳолатни 2023 йилнинг ҳақиқий харажатлари инобатга олингани билан изоҳлаганди.

Тайёрлаган:  Достон Аҳроров

Мавзуга оид