Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистонда Евроиттифоқнинг депортация маркази ташкил қилинишини рад қилди
Politico нашри Евроиттифоқ бошпана бериш рад этилган мигрантларни депортация қилиш марказларини тузиш учун Ўзбекистон ва Қозоғистон вариантларини кўриб чиқаётганини ёзди. Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги Kun.uz'га берган изоҳида ушбу «кўтарилган масала ҳақиқатга тўғри келмаслиги»ни айтди.
1 июнь куни Politico нашри уч нафар европалик дипломатга таяниб, Европа Иттифоқи давлатлари гуруҳи Европада бошпана бериш рад этилган мигрантлар учун 8–10 та мамлакат ҳудудида марказлар ташкил этишни таклифи ҳақида ёзди.
Суҳбатдошлардан бирининг нашрга маълум қилишича, Ўзбекистон ва Қозоғистон ноқонуний мигрантларни учинчи давлатларга бадарға қилиш жараёнида ЕИнинг эҳтимолий ҳамкорлари қаторидан жой олиши мумкин.
Ушбу маълумотларга кўра, бундай марказларни (Return Hubs — қайтариш хаблари) ташкил этиш устида Нидерландия, Австрия, Дания, Германия ва Греция биргаликда иш олиб бормоқда. «Бу ҳар икки томоннинг манфаатларига жавоб берадиган ечим сифатида қабул қилиниши керак», деган Politico суҳбатдошларидан бири. Унинг сўзларига кўра, бунинг эвазига ҳамкор давлатларга ривожланиш учун ёрдам пуллари ёки виза режимини либераллаштириш таклиф қилиниши мумкин.
Евроиттифоқ давлатлари Руандадаги ноқонуний мигрантларни депортация қилиш маркази атрофидаги можаро, шунингдек, Италия ва Албания ўртасидаги шунга ўхшаш келишувга нисбатан ҳуқуқий эътирозлар туфайли эҳтимолий музокаралар иштирокчиларини очиқлашдан чўчимоқда, деб қайд этади нашр.
«Йил охиригача лойиҳанинг аниқ режасига эга бўлиш, яъни камида битта давлат реал музокараларга тайёрлигини билдириши яхши натижа бўлар эди», дея таъкидлаган яна бир дипломат анонимлик шарти билан.
Навбатдаги йиғилишда депортация марказларини ташкил этиш муддатлари белгиланиши керак. Нашрга кўра, Франция ва Германия депортация марказлари фаолиятини зудлик билан бошлашни талаб қилмоқда. ЕИнинг қатор бошқа давлатлари эса ўз ҳуқуқий базаларини янги нормаларга мувофиқлаштириш учун муддатни кечиктиришни сўрамоқда. Европарламент ҳам янги чораларни зудлик билан кучга киритишни талаб қилмоқда.
Ўзбекистон ва Қозоғистон рад қилди
Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Омонулла Файзиевнинг Kun.uz'га маълум қилишича, «ушбу кўтарилган масала ҳақиқатга тўғри келмайди». ТИВ сўзчиси бошқа тафсилотларга тўхталмади.
Шунингдек, Евроиттифоқнинг Ўзбекистондаги делегацияси ҳам Kun.uz мухбири билан суҳбатда «ушбу масала муҳокамада эмаслиги»ни таъкидлади.
Orda.kz нашрининг ёзишича, Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги Халқаро ахборот қўмитаси раиси Ерлан Жетибаев дипломатлар бундай турдаги музокаралар олиб бормаганини маълум қилган.
«Биз Европа Иттифоқи билан фуқароларимиз учун виза талабларини соддалаштириш бўйича музокаралар олиб бормоқдамиз. Агар фуқаро ўз мамлакатидан ноқонуний равишда чиқиб кетган бўлса, биз унинг ўз юртига қайтиши учун имкон қадар барча чораларни кўриш мажбуриятини оламиз», деган Жетибаев.
Янги тартиб танқидларга учрамоқда
Янги чоралар Европа давлатларига Евроиттифоқ ташқарисида депортация марказларини ташкил этишга имкон беради. Бу марказларга бошпана сўрови рад этилган ва ўз мамлакатларига депортация қилиниши имконсиз бўлган одамларни бадарға қилиш кўзда тутилган. Евроиттифоққа ҳамроҳларсиз келган вояга етмаган болалар депортация қилинмайди.
Ушбу пакет, шунингдек, расмийларнинг тегишли қарорларига зид равишда Евроиттифоқ ҳудудини тарк этишдан бош тортганлар учун — киришни тақиқлашдан тортиб қамоқ жазосигача бўлган қатъийроқ жазоларни назарда тутади. Бундан ташқари, ноқонуний мигрантларга нафақалар тўлашни қисқартириш ёки бутунлай тўхтатиш имконияти ҳам кўзда тутилмоқда.
ЕИнинг янги қоидалари нодавлат ташкилотлар вакиллари томонидан кескин танқидга учради. Улар инсон ҳуқуқларининг тизимли равишда бузилишидан хавотирда. Чунки бундай чоралар ноқонуний мигрантларни ўзлари умуман ҳеч қандай алоқадор бўлмаган мамлакатларга бадарға қилиш имконини беради.