Иқтисодиёт | 10:59 / 05.06.2026
4825
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда қуриладиган АЭС қиймати 9,5 миллиард доллардан ошмайди — "Ўзатом" директори

"Ўзатом" раҳбари Азим Аҳмадхўжаевнинг маълум қилишича, Ўзбекистонда қуриладиган интеграциялашган АЭС қиймати 9,5 млрд долларгача етиши мумкин. Умумий суммага маҳаллийлаштириш харажатлари киритилмаган. Локализация даражасини 30 фоизгача етказиш режалаштириляпти. Қурилишда битта майдончада иккита кичик ва иккита катта реакторни жойлаштириш формати танланган.  

Ўзбекистонда қуриладиган интеграциялашган атом электр станцияси қиймати 9,5 миллиард долларгача етиши мумкин. Бу ҳақда Атом энергияси агентлиги (“Ўзатом”) директори Азим Аҳмадхўжаевга таяниб, Spot хабар берди.

“Ўзатом” раҳбарининг таъкидлашича, ягона инфратузилмадан фойдаланган ҳолда, битта майдончада иккита кичик ва иккита катта реакторни жойлаштириш формати танланган. Бундай ёндашув харажатларни оптималлаштириш имконини беради.

“Биз [2026 йил 24 мартда] имзолаган шартномага мувофиқ, базавий нархимиз 9,5 миллиард долларни ташкил этади. Бу умумий, максимал суммадир”, — деган Аҳмадхўжаев.

«Ўзатом» раҳбарининг қўшимча қилишича, умумий қийматда маҳаллийлаштириш даражаси ҳисобга олинмаган бўлиб, уни 30 фоизгача етказиш режалаштириляпти. Бу маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни жалб қилишни назарда тутади ва лойиҳа қийматини пасайтириши керак.

“Биз 85−90 фоизини [кредит маблағлари шаклида] жалб қилмоқчимиз. „Катта тўртлик“ таркибидаги халқаро ҳамкорларимиз билан биргаликда олиб борган ҳисоб-китобларимизга кўра, агар лойиҳага шунча миқдорда маблағ киритилса, унинг бюджетга келтирадиган самараси 165 миллиард доллардан ошиб кетади. Турдош хизматлар пайдо бўлади, шунингдек, солиқ ажратмалари туша бошлайди. Шу жиҳатдан лойиҳа ўта самарали ҳисобланади”, — деган Аҳмадхўжаев.

АЭС лойиҳаси хронологияси

Ўзбекистонда атом электр станцияси қуриш ҳақидаги гап-сўзлар кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ. Бу масала 2017 йилдан бери турли давраларда муҳокама қилиб келинади. Хусусан, 2018 йилнинг июл ойида Россиянинг “Росатом” компанияси билан ҳамкорликда ҳар бири 1200 мегаватт қувватга эга 2 та энергоблокдан иборат АЭС қуриш бўйича келишувга эришилгани маълум қилинди. Ўшанда станцияни 2028 йилгача фойдаланишга топшириш кўзда тутилганди.

2018 йилнинг октябр ойида АЭС учун Навоий ва Бухоро вилоятлари чегарасидаги Тўдакўл сув омбори ҳудуди танлаб олингани ҳақида хабарлар чиқди. Бир муддат ўтиб, Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков Ўзбекистондаги АЭС лойиҳасининг тахминий қиймати 11 млрд долларга баҳоланаётганини маълум қилди. “Ўзатом” лойиҳа тўлиқ ишга туширилса, мамлакат энергия эҳтиёжларининг 15 фоизгача қисмини қоплашини айтганди.

2020-2023 йиллар оралиғида пандемия ва Украинадаги уруш фонида Ўзбекистонда АЭС қуриш масаласи фаол кун тартибида бўлмади. 2024 йилга келиб, бу мавзу яна музокара столига қўйилди. Жиззахдаги танланган майдонда 6 реакторли қуввати 330 мегаваттлик кам қувватли станция қуриш бўйича битим имзоланди. Кейинчалик, лойиҳа конфигурацияси яна ўзгарди: кичик станция қуввати 330 МW эмас, 110 МW бўладиган бўлди. Яъни АЭСда ҳар бири 55 МW қувват берадиган олтита эмас, иккита РИТМ-200Н реакторлари бўлади.

Бундан ташқари, 2025 йилнинг ёзида катта АЭС масаласида ҳам битим имзоланди. Келишув кичик станциянинг ёнида анъанавий ўлчамдаги катта АЭСни ҳам қуришни кўзда тутади. Катта станция ҳар бири 1 GW қувватли иккита энергоблокни ўз ичига олади, энергия блоклари сонини кейинчалик тўрттага ошириш имконияти назарда тутиларди.

Шу тариқа, Жиззах вилоятида Россия томонидан ҳам кам қувватли, ҳам анъанавий катта қувватли атом электр станциялари қуриладиган бўлди. Бу – Ўзбекистонни икки хил станция лойиҳасини битта майдонга жойлаштирган дунёдаги биринчи давлатга айлантиради. Интеграциялашган АЭСлар мажмуасининг умумий қуввати 2,1 GW бўлиши кўзда тутилган.

Қарийб 525 гектарлик майдондаги қўшма станция 2035 йилга бориб йилига 15,2 млрд kWh электр энергияси ишлаб чиқаради. Бу – Ўзбекистондаги бугунги кундаги умумий истеъмолнинг қарийб 15 фоизига тенг, дея маълум қилган бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев.

2026 йилнинг 24-март куни атом электр станцияси қурилишининг бетон қуйиш босқичига ўтилди. Шу куни Тошкентда ўтган тадбирда “Ўзатом” ва “Росатом” мазкур лойиҳа бўйича яна иккита келишув тузди. Улардан бирига асосан, станциянинг янгиланган ноёб конфигурацияси тасдиқланди. Унга кўра, интеграциялашган АЭС мажмуаси – ҳар бири 55 МW қувватга эга иккита кам қувватли, ва ҳар бири 1 GW’лик иккита анъанавий энергоблокдан иборат бўлади.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид