Ўзбекистон | 17:17 / 24.03.2026
5759
8 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда гўшт яна қимматлаша бошлади. Бунга логистикадаги муаммолар сабабми?

Охирги ҳафтада 1 кг мол гўштининг улгуржи минимал нархи 7 фоизга кўтарилди. Бу таъминот занжиридаги узилишлар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Хусусан, Россиянинг бир қатор ҳудудларида қорамоллар орасида хавфли инфекция тарқалди. Натижада Қозоғистон ҳукумати ушбу мамлакатдан тирик чорва, гўшт маҳсулотлари, шунингдек, иссиқлик ишлови берилмаган озуқа ва ем қўшимчаларини олиб кириш ҳамда транзит қилишни тўхтатди. Бундан ташқари, Кобул ва расмий Исломобод ўртасида юзага келган зиддият фонида Покистондан Афғонистон орқали гўшт кириб келишида ҳам муаммолар кузатилаётган бўлиши мумкин.

Охирги йилларда Ўзбекистонда гўшт ва гўшт маҳсулотлари нархининг қимматлашгани аҳолининг кундалик харажатларига сезиларли таъсир кўрсатяпти. Айниқса мол гўшти баҳосининг тез-тез ўзгариши нафақат истеъмолчилар, балки озиқ-овқат хавфсизлиги, инфляция ва аграр сиёсат самарадорлиги масалаларини ҳам кун тартибига олиб чиқади.

Сўнгги ҳафталарда нархлар яна беқарорлаша бошлаган. Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг қайд этишича, 17март куни Эски Жува деҳқон бозорида 1 кг мол гўштининг улгуржи минимал нархи 70 минг сўмдан, максимал нархи 105 минг сўмдан сотилган. 24 март ҳолатида эса минимал нархи 75 минг сўмгача, максимал нархи 108 минг сўмгача қимматлашган. Яъни бир ҳафта ичида мол гўштининг улгуржи минимал баҳоси 7 фоизга, максимал баҳоси эса 2,8 фоизга ошган.

Россияда қорамолларнинг касалланиши

Россиянинг бир қатор ҳудудларида, хусусан, Сибирнинг Новосибирск вилояти, Олтой ўлкаси ва Шимолий Кавказ минтақасида қорамоллар ўртасида хавфли қутуриш ва пастереллёз инфекцияси тарқалди. Бунинг оқибатида мамлакатнинг ўзида касалланган моллар оммавий тарзда изоляция қилиниб, йўқ қилиняпти. Айрим ҳудудларда карантин жорий этилган: сут ва гўшт сотиш тақиқланган, кириш-чиқиш чекланган. Ушбу фавқулодда вазият фонида Қозоғистон ҳукумати ҳам касаллик кириб келишининг олдини олиш учун қатъий чоралар кўра бошлади. 2026 йил феврал ойидан бошлаб босқичма-босқич жорий қилинган чекловлар 19 мартдан бошлаб қатъийлаштирилди. Жумладан, Россиянинг зарарланган ҳудудларидан тирик чорва, гўшт маҳсулотлари, шунингдек, иссиқлик ишлови берилмаган озуқа ва ем қўшимчаларини олиб кириш ҳамда Қозоғистон ҳудуди орқали транзит қилиш вақтинча тўхтатилди. Асосий йўлнинг ёпилиши эса бутун Марказий Осиё логистикасини ўзгартириб юборади. Россиядан қуруқлик орқали экспорт қилинадиган хомашё, чорва ва озуқа оқимининг тўхташи минтақадаги ички таклифни қисқартиради. Бу эса гўшт нархларига босим ўтказишни бошлаган бўлиши мумкин.

Эпизоотик вазиятнинг ёмонлашиши ортидан Қирғизистон ҳам қўшимча ветеринария-санитария чоралар жорий этди. Мамлакатга чорва моллари олиб кириш устидан назорат кучайтирилган. Ўзбекистон ҳукумати ҳам бу борада қанақадир чекловлар қўллаётгани ҳақида аниқ маълумот йўқ.

 Гўшт етиштириш ва импорт

Расмий маълумотларга кўра, 2025 йилда Ўзбекистонда тирик вазнда 2 млн 987 минг тонна гўшт етиштирилган. Бу кўрсаткич олдинги йилга нисбатан 1,5 фоизга кўп. Хусусан, гўшт етиштириш 2024 йилда 2 млн 942 минг тоннани (+3,9 фоиз), 2023 йилда 2 млн 833 минг тоннани (+3,9 фоиз), 2022 йилда эса 2 млн 726 минг тоннани (+3,4 фоиз) ташкил этган.

Шу билан бирга, йилдан йилга импорт ҳажми ҳам ошиб боряпти. Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январ-феврал ойларида Ўзбекистонга 156,9 млн долларлик гўшт ва гўшт маҳсулотлари импорт қилинган. Шундан 120,9 млн долларлик маҳсулот (қарийб 25,8 минг тонна) қорамол гўшти ҳиссасига тўғри келади. Бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан миқдор жиҳатдан 49 фоизга, қиймат жиҳатдан эса 80,5 фоизга ошган. 1 кг импорт мол гўштининг ўртача баҳоси 4,67 долларни ташкил этган. Таққослаш учун, ўтган йилнинг дастлабки икки ойида мазкур кўрсаткич 3,94 долларга тенг бўлган.

Март ойида гўшт импортининг ўсиши секинлашиб, нархлар янада ошган бўлиши мумкин. Бу юқорида келтирилганидек, касаллик тарқалиши ва транспорт коридори ёпилиши сабаб Россия ва Беларусдан маҳсулот етказиб беришда узилишлар кузатилиши билан боғлиқ. Бундан ташқари, Кобул ва расмий Исломобод ўртасида юзага келган зиддият фонида Покистондан Афғонистон орқали гўшт кириб келишида ҳам муаммолар кузатилиши мумкин.

Маълумот учун, Ўзбекистонда гўшт импорти учун божхона божининг нол ставкаси қўлланади.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йилда суяксиз мол гўшти 25 фоизга, суякли мол гўшти 23,9 фоизга, қўй гўшти 26,8 фоизга қимматлашганди.

Статистика қўмитаси расмий рақамларига қарайдиган бўлсак, суякли мол гўшти нархининг ошиши охирги йилларда қуйидагича бўлган:

  • 2017 йил – 35,9 фоиз (умумий инфляция – 14,4 фоиз);
  • 2018 йил – 26,9 фоиз (умумий инфляция – 14,3 фоиз);
  • 2019 йил – 26,6 фоиз (умумий инфляция – 15,2 фоиз);
  • 2020 йил – 21,1 фоиз (умумий инфляция – 11,1 фоиз);
  • 2021 йил – 10,4 фоиз (умумий инфляция – 9,98 фоиз);
  • 2022 йил – 9,8 фоиз (умумий инфляция – 12,3 фоиз);
  • 2023 йил – 9,3 фоиз (умумий инфляция – 8,8 фоиз);
  • 2024 йил – 13,3 фоиз (умумий инфляция – 9,8 фоиз);

Охирги йилларда гўшт нархининг қимматлашишига бир нечта омиллар мажмуаси таъсир қилаётган бўлиши мумкин.

Биринчидан, чорва молларини озиқлантириш учун ажратилган ер майдонлари қорамоллар сонига мутаносиб эмас. Олдин мавжуд бўлган яйловлар ўрни экинзорга айланиши билан номутаносиблик кенгайиб боряпти. Яъни фермер чорвачиликни кенгайтиришни истаса ҳам, бунинг учун унда етарли ер майдони мавжуд эмас.

Яйлов чорвачилигида гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқаришга қилинадиган харажатлар қорамолчиликдагига нисбатан анча кам бўлиб, маҳсулот ишлаб чиқариш таннархнинг пастлиги туфайли гўшт нархини мувозанатловчи асосий омил ҳисобланади. Иқлим ўзгариши ва сув танқислиги сабабли яйловларнинг қисқариши табиий равишда кучайиб боряпти. Шунингдек, бута ва ярим бута ўсимликларини ўтин ва бошқа хўжалик эҳтиёжлари учун чопиб олиш ҳам яйловлар инқирози ва чўлланиш жараёнини тезлаштирган.

Ўз навбатида, яйловларнинг қисқариши мавжуд захиралардан кўпроқ фойдаланишни тақозо этади. Бунинг оқибатида ўсимликларнинг нормал ўсиб ривожланиши ва уруғ ҳосил қилиши, тупроққа уруғларнинг тўкилиши каби муҳим табиий жараёнлар секинлашади.

Яъни ҳозирги нархлар ошишини барқарорлаштириш, бозордаги таклифни ошириш учун биринчи навбатда мазкур кўп йиллик тизимли муаммони ҳал қилиш керак бўлади. Чўл яйловларининг ҳажми ва ҳосилдорлигини оширмай туриб, уларда боқилаётган чорва ҳайвонлари бош сонини кўпайтиришнинг иложи йўқ. Масалан, айрим мамлакатларда яйловлар ҳолатини яхшилаш учун ҳар йили бир йиллик ўсимлик уруғларини сепиш йўлга қўйилган.

Иккинчидан, гўштнинг катта қисми одамлар томонидан хонадонларда етиштирилади. Бунда қўшимча даромад олиш мақсадида ёш қорамол чорвадордан сотиб олинади ва семиртириб сотилади. Шрот ва кунжара каби маҳсулотлар нархининг тез ўзгарувчанлиги, ем-хашак учун ер майдонларининг етарли эмаслиги, маккажўхори каби экинларни экишга қўйилган норасмий чекловлар чорва учун озиқ-овқат нархларини қимматлаштиряпти.

Достон Аҳроров
Муаллиф Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид