Охирги ҳафтада 1 кг мол гўштининг улгуржи минимал нархи 7 фоизга кўтарилди. Бу таъминот занжиридаги узилишлар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Хусусан, Россиянинг бир қатор ҳудудларида қорамоллар орасида хавфли инфекция тарқалди. Натижада Қозоғистон ҳукумати ушбу мамлакатдан тирик чорва, гўшт маҳсулотлари, шунингдек, иссиқлик ишлови берилмаган озуқа ва ем қўшимчаларини олиб кириш ҳамда транзит қилишни тўхтатди. Бундан ташқари, Кобул ва расмий Исломобод ўртасида юзага келган зиддият фонида Покистондан Афғонистон орқали гўшт кириб келишида ҳам муаммолар кузатилаётган бўлиши мумкин.
Охирги йилларда Ўзбекистонда гўшт ва гўшт маҳсулотлари нархининг қимматлашгани аҳолининг кундалик харажатларига сезиларли таъсир кўрсатяпти. Айниқса мол гўшти баҳосининг тез-тез ўзгариши нафақат истеъмолчилар, балки озиқ-овқат хавфсизлиги, инфляция ва аграр сиёсат самарадорлиги масалаларини ҳам кун тартибига олиб чиқади.
Сўнгги ҳафталарда нархлар яна беқарорлаша бошлаган. Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг қайд этишича, 17март куни Эски Жува деҳқон бозорида 1 кг мол гўштининг улгуржи минимал нархи 70 минг сўмдан, максимал нархи 105 минг сўмдан сотилган. 24 март ҳолатида эса минимал нархи 75 минг сўмгача, максимал нархи 108 минг сўмгача қимматлашган. Яъни бир ҳафта ичида мол гўштининг улгуржи минимал баҳоси 7 фоизга, максимал баҳоси эса 2,8 фоизга ошган.
Россияда қорамолларнинг касалланиши
Россиянинг бир қатор ҳудудларида, хусусан, Сибирнинг Новосибирск вилояти, Олтой ўлкаси ва Шимолий Кавказ минтақасида қорамоллар ўртасида хавфли қутуриш ва пастереллёз инфекцияси тарқалди. Бунинг оқибатида мамлакатнинг ўзида касалланган моллар оммавий тарзда изоляция қилиниб, йўқ қилиняпти. Айрим ҳудудларда карантин жорий этилган: сут ва гўшт сотиш тақиқланган, кириш-чиқиш чекланган. Ушбу фавқулодда вазият фонида Қозоғистон ҳукумати ҳам касаллик кириб келишининг олдини олиш учун қатъий чоралар кўра бошлади. 2026 йил феврал ойидан бошлаб босқичма-босқич жорий қилинган чекловлар 19 мартдан бошлаб қатъийлаштирилди







