Ўзбекистон | 12:09 / 12.12.2025
2742
2 дақиқада ўқилади

​​​​​​​Фарғона водийсида «метан заправка»лар ўчиб қолса, кўчма контейнерлар орқали газ етказиб берилади – энергетика вазири

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовга кўра, 2025-2026 йилги қиш мавсумида водий вилоятларидаги газ қуйиш станцияларида юзага келиши мумкин бўлган тақчилликни бартараф этиш мақсадида 2 хил ечим ишлаб чиқилган. Биринчиси, қўшни давлатдаги мавжуд транзит трубалардан фойдаланган ҳолда яқинроқ масофадан таъминотни амалга ошириш. Иккинчиси, 150 та кўчма контейнерлар орқали газ етказиб бериш.

2025 йил 11 декабр куни энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Олий Мажлис Қонунчилик палатасида энергетика тизимида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот берди. Мирзамаҳмудовнинг маълум қилишича, 2025-2026 йилги қиш мавсумида водий вилоятларидаги газ қуйиш станцияларида юзага келиши мумкин бўлган тақчилликни бартараф этиш мақсадида 2 хил ечим ишлаб чиқилган.

«Янги ташаббус ташкил қилинди. Бу босим паст бўладиган Фарғона водийсидаги автомобилларга газ қуйиш станцияларига (АГКС) кўпроқ таъсир қилиши инобатга олинади. Иккита йўналишда иш ташкил қилдик. Биринчиси, қўшни давлатдаги мавжуд транзит трубалардан фойдаланган ҳолда яқинроқ масофадан таъминотни амалга ошириш. Хавос-Фарғона линиясидан фойдаланиляпти. Иккинчиси, 150 та кўчма газ қуйиш шохобчаларини олиб келдик. 22 декабргача Бешариқдаги газ қуйиш шохобчаси тўлиқ ишга тушади ва ҳозир технологик ускуналар, трейлерлар ва контейнерлар олиб келиняпти. Бу газ заправка ўчган пайтда кўчма шохобчаларни тўлдирган ҳолда 5 мингдан 10 минг куб метргача газ етказиб бериш имконини беради. Ҳозирги кунда 14 та АГКС билан мазкур тизим синаб кўрилди. 22 декабрдан кейин бу Фарғона водийсида захира тизим сифатида жорий қилинади», деди Мирзамаҳмудов.

Аввалроқ, «метан заправка»лар фаолиятига вақтинча чеклов киритилаётгани хабар қилинганди. Энергетика вазирлиги буни қўшни давлатдаги газ тармоғида кузатилган техник носозлик туфайли импорт қилинаётган табиий газ қисқаргани билан изоҳлаган.

Тайёрлаган:  Достон Аҳроров

Мавзуга оид