Ўзбекистон | 20:42 / 01.02.2022
15731
3 дақиқада ўқилади

Фармон талаби яна бажарилмади. Фирдавс Абдухолиқов иши бўйича судлар эфирга узатилмади

Маълум бўлишича, Кинематография агентлиги бош директори устидан очилган маъмурий иш бўйича шу пайтгача иккита суд мажлиси бўлиб ўтган. Лекин президент фармонига зид равишда, бу мажлислар эфирга узатилмади. Бу – қонунчилик талаби бажарилмаётган биринчи ҳолат эмас.

Тошкентда Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов ўз ўғли, қизи ва рафиқасига тегишли телеканалга давлат буюртмаларини бергани юзасидан суд жараёни бўлиб ўтмоқда.

Прокуратура амалдорга нисбатан МЖтКнинг 175-8-моддаси (давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) 4-қисми билан маъмурий иш қўзғатган.

Олий суд матбуот котиби Азиз Абидовнинг маълум қилишича, иш юзасидан ҳужжатлар ЖИБ Чилонзор туман судининг иш юритувига 26 январ куни келиб тушган ва суд мажлиси 27 январга тайинланган.

27 январдаги суд мажлисида Фирдавс Абдухолиқов иштирок этиб, кўрсатма берган. Шундан кейин суд ишни кўриш бўйича 31 январгача танаффус эълон қилган, лекин шу куни Абдухолиқов судга ариза билан мурожаат қилиб, ишни кўришни бошқа кунга қолдиришни сўраган.

Мазкур иш судда кўрилаётгани ҳақида ОАВ ва жамоатчилик иккита суд мажлиси ўтиб бўлганидан кейин хабар топди.

Иш бўйича 2 февралга белгиланган навбатдаги суд мажлисида суд қарори ўқилиши мумкин, бу эса бундан аввалги суд жараёнларидан, хусусан судга чақирилган гувоҳлар ва Абдухолиқовнинг судда берган кўрсатмаларидан жамоатчилик бехабар қолганини англатади.

Ваҳоланки, президентнинг очиқликка оид фармонига биноан, 2021 йил 1 декабрдан бошлаб давлат хизматчиларининг касбий фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга оид ишлар бўйича суд мажлислари телеканаллар ва интернетда жонли эфирга узатилиши керак эди.

Бу талаб бажарилишига Миллий телерадиокомпания ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъул.

Декабр ойида бу икки масъул ташкилот йирик коррупцион жиноят содир этган Жиззах вилояти ҳокимининг собиқ ўринбосари Акром Раҳмонқулов суд қилинганида фармон талабини бажармаганди.

Ўшанда Kun.uz'га изоҳ берган Олий суд матбуот котиби масъулиятни МТРКга ағдарган, МТРК директори ўринбосари эса ўз навбатида суддан бехабар бўлганини айтиб Олий судни айблаганди.

Аксилкоррупция агентлиги эса суд жонли эфирга узатилиши учун тарафларнинг розилиги кераклиги, ЖПКнинг 19-моддаси тартибида иш кўрилишини билдирганди.

“Бу ерда қонунни бузганликда ҳеч ким жавобгарликка тортиб бўлмайди. Чунки мажбур дейилмаган”, – дейилганди аксилкоррупцион органнинг Kun.uz'га жавобида.

Қайд этиш керак, Ўзбекистонда президент ҳужжатларида белгиланган вазифаларнинг амалга ошиши борасида муаммолар бор, шу сабабли ўтган йили бу борадаги назорат кучайтирилиб, Адлия вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини назорат қилиш бошқармаси тузилганди.

Мавзуга оид