Ўзбекистон | 02:38 / 07.02.2021
39049
2 дақиқада ўқилади

2020 йил пандемияга қарши кураш учун қанча пул сарфлангани маълум қилинди

Фото: KUN.UZ

Сенатнинг 5 феврал куни бўлиб ўтган ўн иккинчи ялпи мажлисида 2020 йилги давлат дастури ижроси бўйича Вазирлар Маҳкамаси ҳисоботи тингланди.

Давлат дастури ижроси бўйича ҳукумат ҳисоботида келтирилишича, ижтимоий объектлар қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашга 3 трлн. 423 млрд. сўм, корхоналарни молиявий қўллаб-қувватлашга 2 трлн. 485 млрд. сўм, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кенгайтиришга 1 трлн. 340 млрд. сўм, соғлиқни сақлаш объектларини қуриш ва зарур инфратузилмани яратишга 1 трлн. 22 млрд. сўм, маҳаллий бюджетлар ва пенсия жамғармаси йўқотишларини қоплашга 595 млрд. сўм миқдорида маблағлар сарфланган.

Ҳисоботда, шунингдек, коронавирусга қарши курашиш бўйича тадбирларни молиялаштиришга 3 трлн. 962 млрд. сўм сарфлангани маълум қилинган. Гап айнан қандай тадбирлар ҳақида борганига аниқлик киритилмаган.

Таъкидланишича, 2020 йил хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳисобидан 9,8 млрд. АҚШ доллари миқдорида маблағлар ўзлаштирилган. 2020 йил 197 та йирик лойиҳа ишга туширилган. Натижада жами 38 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилган.

Ялпи мажлисда ҳукумат ҳисоботида келтирилган рақамларнинг ҳақиқатга нечоғлик яқинлиги, шунингдек, амалга оширилган харажатлар қанчалик мақсадли сарфлангани сенаторлар томонидан муҳокама қилинган-қилинмагани аниқ эмас. Парламент юқори палатаси ахборот хизматининг ялпи мажлис якуни бўйича эълон қилган расмий релизида кун тартибидаги масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилингани таъкидланган холос.

Вазир ўринбосари соғлиқни сақлаш тизимида маблағлар ноқонуний ўзлаштирилиши ҳолатлари бўйича изоҳ берди

«Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат жамғармасидаги талон-торожликлар фош этилди

Мавзуга оид