Жамият | 10:00 / 26.05.2021
73251
11 дақиқада ўқилади

Паст Дарғомда мурдаси топилган ўқувчи қиз ўлимидан олдин зўрлангани айтилмоқда. Прокуратура буни инкор этяпти

Қизнинг яқинларига кўра, гумондорлардан бири марҳумани зўрлаганини кўпчилик олдида тан олиб айтган. Воқеа жойи – мактаб қоровулхонаси шубҳали тарзда таъмирлаб қўйилган, у ердан олинган ашёвий далиллар йўқотилган бўлиши мумкин.

12 май куни Самарқанд вилояти Паст Дарғом туманидан оқиб ўтувчи каналдан 17 ёшли қизнинг жасади топилган эди.

Бу ҳақда Kun.uz эълон қилган дастлабки хабарда, тумандаги 45-мактабда ўқиган қизнинг яқинлари у ўлимидан олдин қишлоқдош тўрт йигит томонидан номуси топталган бўлиши мумкинлигини айтгани маълум қилинганди.

Kun.uz мухбирлари ҳолатни ўрганиш мақсадида Паст Дарғом туманида бўлди.

Марҳуманинг онаси Хадича Ҳайитова 2021 йилнинг 11 майида, саҳар вақти қизи йўқолиб қолганини айтмоқда. Бувиси билан бир хонада тунаб келган Севинчнинг уйда йўқлигини билгач, оила аъзолари уни қишлоқ бўйлаб излашга киришади. Кўп ўтмай Севинч ишлатиб келган қўл телефони ва унинг оёқ кийими қишлоқ четидаги анҳор бўйидан топилади.

Телефондаги кириш-чиқиш қўнғироқлари кўздан кечирилганда, саҳар вақтида бегона рақамдан унга қўнғироқ бўлгани аниқланади.

Ўша рақамга қўнғироқ қилинганда, шу маҳаллада яшовчи О. исмли йигит экани маълум бўлади. Ўша йигит қизнинг яқинларига ярим тунда 45-умумтаълим мактабининг олдида Севинч тўрт нафар қишлоқдош йигитлар таъқибидан қочаётганини кўрганини айтган.

О.нинг сўзларига кўра, у қизни таъқиб қилаётган йигитларни тўхтатиб, сўроққа тутган; шундан сўнг йигитлар кўздан ғойиб бўлган қизнинг қаердалигини топиш мақсадида унинг телефонидан фойдаланиб, Севинчнинг қўлидаги телефонга қўнғироқ қилишган.

Вазият жиддий тус ола бошлаганини билгач, қаттиқ ташвишга тушган яқинлари саҳар вақтида қизни таҳқирлашга уринган йигитларни топишган. Севинчнинг қариндоши Баҳодир Маҳмудов қизнинг йўқолишида гумон қилинган йигитлар маҳалла биноси ва мактаб ҳовлисида сўроққа тутилганини айтди.

«Чандир» МФЙ биносида жиянимизнинг йўқолишидан олдин уни таъқиб қилган йигитлар ва ўша воқеага гувоҳ бўлган О.Ҳ. ҳамда профилактика инспектори иштирокида суҳбатлашилди. Гумондор йигитлар аввалига тан олишмади. Улардан икки нафарини четга олиб суҳбатлашдим, ҳақиқатни айтинглар, ҳеч кимга зарар етмайди, дедим. Шундан сўнг Ш. (45-мактабнинг 10-синф ўқувчиси) мактабга борайлик, ҳамма гапни ўша ерда айтаман, деди. Мактабга бордик, Ш. ҳақиқатан ҳам жиянимни зўрлагани ва бу воқеа мактаб қоровулхонасида содир бўлганини айтиб берди.

Қоровулхонани кўздан кечирганимизда, қон излари юқиб қолган оқ мато бор эди. Бундан ташқари, деворда бармоқ излари ва тирналган жойларни кўрдик. Ш. айнан «шу хонага қизни олиб келдим ва зўрладим», деди. Шундан сўнг профилактика инспектори қон доғлари теккан матони пакетга солди.

Ш. қизнинг номусига текканини бир неча марта тан олди. У иқрор бўлган вақтда маҳалла раиси, профилактика инспектори, мактаб директори, бир қанча ўқитувчилар, ўттизга яқин одам бор эди», – деди Баҳодир Маҳмудов.

Биз 45-умумтаълим мактабида ҳам бўлдик. Мактаб директори Клара Рўзиназарова мактабда уч нафар қоровул ишлашини, айнан ўша кечада навбатчиликда бўлган Гулмира Темирова қизининг мазаси бўлмагани учун шифокорга олиб борганини маълум қилди. Демак, 11 май куни саҳар вақтида мактабда қоровул бўлмаган.

Рўзиназарова ўқувчи қизнинг мактабда юриш-туриши, ўзини тутиши яхши, намунали бўлганини айтди.

Биз ҳам воқеа жойи – 45-мактаб қоровулхонасини кўздан кечирмоқчи бўлдик. Қизиғи шундаки, ўша кечада қизнинг зўрлангани айтилаётган қоровулхона 16 май куни янгидан таъмирлаб қўйилибди...

Шу боис қизнинг қариндоши айтган девордаги қўл ва тирноқ изларини кўришнинг имкони бўлмади. Айтиш лозим, мактабнинг бошқа бинолари таъмирланмаган, умуман, ҳали ёзги таъмир ишлари мактабларда бошлангани ҳам йўқ. Лекин айнан ўша жой – қоровулхонанинг таъмирланиб, деворлари дарҳол бўяб ташлангани таажжубланарли.

Афсуски, Севинчнинг жасади бир суткадан сўнг, 12 май куни қишлоқ четидан оқиб ўтувчи каналдан – оёқ кийими ҳамда телефони қолдирилган жойдан тахминан бир километр қуйироқдан топилди. Қиз топилган вақтда унинг кўзи икки марта қаттиқ тугиб боғланган, юзи қонталаш эканига гувоҳ бўлишган.

Майитни ювган Клара Ҳайитованинг айтишича, қизнинг елка қисмида, лабида кўкариш, шиш, жинсий аъзолари қонталаш ва жароҳат излари бўлган.

Паст Дарғом тумани прокуратураси терговчиси Лочин Нурмуротовнинг айтишича, Севинчнинг бедарак йўқолиб, ўлик ҳолатда топилгани ҳолати юзасидан хизмат текширувлари ва судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланган.

Воқеанинг бевосита гувоҳи ёки ундан хабардор шахслар доирасини аниқлаш ва улардан тушунтириш олиш ишлари давом этмоқда. Шунингдек, суд тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотига кўра, марҳуманинг ўлими сувга чўкишдаги механик асфиксиядан келиб чиққани, Севинчнинг қизлик пардаси бутунлиги, қизлик пардасини бузмасдан туриб жинсий алоқа қилишнинг имконсизлигини айтмоқда. Қолаверса, марҳуманинг жинсий аъзоларида тан жароҳатлари аниқланмагани ҳам айтилмоқда.

Терговчи ҳозирча жиноят иши қўзғатишга етарлича асослар мавжуд эмаслигини қўшимча қилиб, ҳолат бўйича Паст Дарғом туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этаётгани, якуний қарор қабул қилиниб, ахборот берилиши ҳақида маълум қилди.

Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармаси эса бу борада ҳозирча жим.

Ҳар қанча уринсак-да, мактаб қоровулхонасидаги қонга беланган матони олиб кетган профилактика инспекторини топишнинг имкони бўлмади.

Суриштирув давомида ўша машъум кечада қизни таъқиб қилишаётганига гувоҳ бўлган йигит О. билан телефон орқали суҳбатлашдик.

«Соат тунги 3:20 ларда 45-мактаб ёнидан ўтиб кетаётганимда, мендан бир неча метр наридан бир қиз югуриб ўтди. Унинг орқасидан икки йигит қувлаб борарди. Бироз нарида яна икки кишини кўрдим ва уларнинг ёнига яқинлашиб, нима қилишаётганини сўрадим. Шу атрофда яшашимни билдирдим, кейин улар ўзларини таништирди. Йигитларнинг бу хатти-ҳаракатини кўриб, уларга танбеҳ бердим. Агар бирор гап бўлса, эртага балога қолишлари мумкинлигини айтиб огоҳлантирдим.

Шерикларингга телефон қил, қизни уйига олиб боринглар, дедим. Қўлларида телефони бўлмагани учун менинг телефоним орқали шерикларига телефон қилишди. Қизни қувиб кетган болалар телефонни кўтармагач, қизнинг рақамига теришди. Бироздан кейин қизни қувлаб кетганлардан бири ёнимизга келиб, қиз уйига эмас, аммасиникига бормоқчи бўлганини айтди. Шундан кейин ҳаммамиз ўз йўлимизда давом этдик», – деди гувоҳ йигит.

Маълум бўладики, саҳар вақтида айнан ўша мактаб олдидаги йигитлар қизни қувиб юрган бўлган, унинг телефонидан Севинчнинг қўлидаги телефонга қўнғироқ қилишган. Шу сабаб бўлиб энг охирги қўнғироқ эгаси билан қизнинг яқинлари боғланган ва вазиятдан хабардор бўлишган.

Мана шу гаплар юзага чиққани, қолаверса, кўпчиликнинг олдида гумондорлар қилмишига иқрор бўлган бир ҳолатда, ҳуқуқ-тартибот идораларининг хатти-ҳаракати, ҳеч қандай номусга тегиш аломатлари ҳозирча йўқлигини айтаётгани қизнинг яқинларини ташвишга солмоқда. Кўнгилларидаги гумон ва шубҳаларни кўпайтирмоқда.

Қизни ярим тунда қувлаб юрган йигитларни кўрган, суҳбатлашган, огоҳлантирган гувоҳ бор. Бу ҳолат ўнлаб одамлар гувоҳлигида муҳокама ҳам қилинган.

Қизиғи, марҳуманинг яқинларига кўра, гумон қилинаётган йигит 30га яқин одамнинг олдида қиз билан жинсий алоқа қилганини тан олган.

Мактаб қоровулхонасидаги қонга беланган матони олиб кетган профилактика инспектори қаерда? Нега воқеа жойи дея эътироф этилаётган хонадан олинган ашёвий далиллар ҳақида лом-мим дейилмаяпти?

Ҳарқалай, ҳозирча булар ҳақида на прокуратура, на ИИБ бирор тайинли гап айтгани йўқ. Гўёки бу жараёнда фақат қизнинг ўлими бор ва унгача бўлган ҳолат қоронғи. Ҳеч кимга кўринмаяпти...

Гувоҳи бўлганимиз шуки, вазият жиддий. Марҳуманинг ўлимидан олдин зўравонликка учрагани ҳақида маълумотлар етарлича бор. Аммо ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг бепарволиги жамоатчиликни ташвишга солмоқда.

Яқин ўтмишга қайтадиган бўлсак, муқаррар жиноят ҳолатлари яшириб келингани, аммо кенг жамоатчиликнинг эътирозларидан сўнг кўплаб ҳолатлар фош бўлганига гувоҳ бўламиз.

Масалан, хонанда Жасур Умировнинг бир гуруҳ шахслар билан вояга етмаган қизни зўрлаб, номусига теккани ҳолати экспертиза хулосалари тасдиқлаб турган бўлишига қарамай, Каттақўрғон туман ИИБ ходимлари томонидан яшириб келинганди.

Ҳодиса ОАВ ва жамоатчилик эътиборига тушгандан сўнг хонанда ва унинг шерикларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, суд ҳукми билан уларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Каттақўрғондаги жиноят билан деярли бир вақтда Тошкент вилоятида содир этилган 14 ёшли қизнинг номусига тегиш жинояти ҳамон очилмай қолмоқда. Қизнинг ота-онаси 2020 йил сентябр ойида Ўрта Чирчиқ туман ИИБга мурожаат қилгач, орадан ярим йил ўтганига қарамай, жиноятчиларга нисбатан ҳалигача ҳеч қандай чора кўрилмаган.

Шунингдек, Фарғона вилоятининг Қува туманида коллежнинг 3-курсида ўқиётган 19 ёшли қиз ўғирлаб кетилгани ва бир ой давомида уч киши томонидан мунтазам зўрлаб келингани айтилмоқда. ИИБ бу мурожаатни ўрганиб чиқиб, бунда жиноят аломати йўқ дея жиноят иши қўзғатишни рад этганди.

Термизда мактаб ўқувчисининг номусига тегилгани бости-бости қилиб келинган. Масала сенаторнинг назоратига олинганидан сўнггина ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилди.

Умид қиламизки, маъсума Севинчнинг ўлими ҳодисаси Сенат ёки бошқа идоранинг аралашувисиз ҳам жиддий тафтиш этилади.

Эслатиб ўтамиз, Kun.uz сайтида ҳодиса ҳақида дастлабки хабар эълон қилингач, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг матбуот котиби - ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Хаётбек Шамсутдинов масала юзасидан расмий баёнот берганди.

“Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Пастдарғом тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Терговга қадар текширув ҳужжатлари Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан ўрганилиб, амалга оширилиши лозим бўлган ҳаракатлар юзасидан ёзма кўрсатма берилган. Шу билан бирга, 2021 йил 17 май куни Бош прокуратура масъул ходимлари томонидан марҳуманинг отаси ва укаси қабул қилиниб, терговга қадар текширув ҳаракатларининг бориши юзасидан тушунтириш берилган. Текширувнинг бориши Бош прокуратура томонидан назоратга олинган” дейилганди баёнотда.

Kun.uz бу ҳолат билан боғлиқ воқеаларни кузатишда давом этади.

Kun.uz мухбирлари –
Исомиддин Пўлатов,
Анвар Мустафоқулов.

Тасвирчи ва монтаж устаси – Жаҳонгир Алибоев.

Мавзуга оид