Ўзбекистон | 20:09 / 27.09.2025
5914
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ҳукумати ядровий фалокат рўй берган тақдирда халққа товон тўлаш мажбуриятини олди

Ўзбекистон Вена конвенциясига қўшилиш орқали, ядро объектларида нохуш ҳодисалар содир бўлиши оқибатида етиши мумкин бўлган зарар учун жавобгарликни зиммасига олди.

Фото: Reuters

Ўзбекистон Республикаси ядровий зарар учун фуқаролик жавобгарлиги тўғрисидаги Вена конвенциясига (Вена, 1963 йил 21 май) қўшилмоқда. Тегишли қонун 26 сентябр куни президент томонидан имзоланди.

Ўзбекистон бу конвенцияга қўшилиши билан, фуқаролик ядро объектларида содир бўлган ҳодисалар оқибатида етказилган зарар учун жавобгарликни зиммасига олади.

Ҳукумат зарарни қоплаш тартиби, муддатлари ва тамойилларини белгилайдиган асосий нормаларни тан олади.

Шунингдек, ядровий жавобгарлик режимида ядровий фалокат юз берган тақдирда Ўзбекистон халқига товон тўланиши таъминланади.

Конвенциянинг асосий мақсади – ядровий қурилма оператори томонидан бошқариладиган иншоотларда содир бўлган ҳодисалар натижасида юзага келган ядро зарари учун операторнинг жавобгарлигини, шунингдек, ядро зараридан молиявий ҳимояни таъминлаш учун минимал талабларни белгилашдан иборат.

Бу халқаро ҳужжатни қабул қилиш ядро энергетикаси соҳасида суғурта тизими ва компенсация механизмларини жорий этишга ҳам хизмат қилади.

Бундан ташқари, Атом энергияси халқаро агентлиги билан ҳамкорлик алоқалари кенгаяди, агентлик дастурлари доирасида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ишлари фаоллашади.

Ушбу конвенцияга 50 га яқин мамлакат аъзо бўлган.

Эслатиб ўтамиз, 26 сентябр куни Жиззахда қуриладиган кичик АЭС яқинида анъанавий катта қувватли АЭСни ҳам жойлаштириш бўйича Россия томони билан битим имзоланди.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид