Жаҳон | 07:32 / 06.02.2026
9159
2 дақиқада ўқилади

Чўл бағридаги мегалойиҳа: Саудияда Six Flags расман очилди

Саудия Арабистонида яқинда очилган Six Flags Qiddiya City боғи чўлнинг катта бир ҳудудини улкан туристик маконга айлантирди ва дунёдаги энг узун, энг баланд ва энг тез Америка тепаликлари (роллеркостерлар) билан мақтана олади.

Фото: Six Flags Qiddiya City

Six Flags Qiddiya City улкан Qiddiya лойиҳасининг бир қисми бўлиб, унинг мақсади Арабистон чўлининг катта ҳудудини дунёдаги энг йирик кўнгилочар ва туризм марказларидан бирига айлантиришдир. Мажмуа мамлакат пойтахти Ар-Риёд яқинида жойлашган бўлиб, келажакда у ерда киберспорт аренаси, стадион ва аквапарк ҳам бўлиши режалаштирилган.

Six Flags Qiddiya City — Six Flags тармоғининг Шимолий Америкадан ташқарида қурилган илк мавзули парки. Уни қуриш тахминан тўрт йил давом этган, мажмуа майдони эса қарийб 32 гектарни ташкил қилади. Бу ҳудудда ресторанлар, савдо зоналари ва, албатта, аттракционлар жойлашган.

Паркда жами 28 та аттракцион бор, уларнинг учтаси аллақачон рекорд ўрнатгани билан тарихга кирди. Уларнинг энг каттаси — Falcon’s Flight: у бир вақтнинг ўзида дунёдаги энг баланд, энг тез ва энг узун роллеркостер ҳисобланади. У соатига 250 километр тезликкача чиқади. Агар шундан кейин туристларнинг қорнида нонушта “сақланиб қолса”, улар дунёдаги энг баланд “қия” роллеркостер деб тан олинган Iron Rattler'га чиқиб кўриши мумкин. Яна бир аттракцион — Spitfire — трассада айланиб, бир лаҳза тўнкарилиб (боши пастга) кетадиган қисми бўйича, яъни энг баланд инверсия рекордини ушлаб турибди.

Six Flags Qiddiya City очилиши Саудия Арабистонининг жуда улкан ва ғоят катта лойиҳалар дастури учун ижобий сигнал бўлди. Айниқса, дунёдаги энг йирик ҳажмли бинолардан бири қурилиши тўхтатиб турилгани ҳақидаги хабарлар фонида, шу билан бирга қиролликнинг бошқа ҳудудларида дунёдаги энг баланд бинога даъвогар иншоот тез суръатларда қад ростлаётган бир пайтда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид