Амир ҳожи бобо:

— Афғонистонда туғилиб, 30 йил яшаганман ўша ерда. Бу ерга келганимизга 40 йилдан ошди. Асосан деҳқончилик, савдо билан шуғулландик. Қариндошларимиз Сурхондарёда қолган. Биз келган пайтлар ўзбеклар бўлмаган бу ерда. Тургут Ўзал олиб келган эди бизни. Уй-жой қилиб беришди, ер беришди.

Уч қизим, битта ўғлим — тўртта фарзандим бор. Келин олдим турклардан. Бизлардан турклар келин олади. Олди-бердимиз бор. Туркиянинг ҳар ерида ўзбеклар бор, улар билан гаплашиб турамиз.

Тўйларимиз худди Ўзбекистондагидай бўлади. 300-500 одам бўлади тўйда. Тўйдан олдин белгили (унаштирув) қилиб қўйилиб, бир йилдан кейин тўй бўлади. Тўй куни қўшиқчилар олиб келинади, ўзимизнинг ўзбек қўшиқчилар бор.

Абдурашид Хонниёз:

— Афғонистондан Саудия Арабистонига бориб, 38 йил яшадик, 4 йилдан бери Туркиядамиз. Қариндошларимиз Сурхондарёда, Деҳқонободда бор.

Афғонистонда 3 йил аскарлик қилдим. Инқилоб бўлгач, Саудия Арабистонига бордик. Фарзандларимнинг барчаси ўша ерда туғилди. Саудия ҳукумати кўп талаблар қўйди, шунинг учун Туркияга келдик. Саудияда ҳам ўзбек маҳаллалари бор. У ерда араблар қанчадир ўзбекни кафолатига олади, ҳар хил ишлар билан шуғулланишади.

Бошида Афғонистондан Саудияга ўтиб, 8 йил қочиб юриб ишладим. Сўнг Покистонда 6 ой яшаб фуқаролигини олдим. Яна Саудияга бордим, 5 йил танишимизнинг дўконида ишладим, кейин ўзим дўкон олиб 22 йил ишладим. Ҳозир араб, урду, турк, пуштун тилларини биламан.

Қариндошларимиз бўлгани учун Овакентга келганмиз. Бир қизим Анқарада яшайди ҳозир. Бу ерда аҳоли чорва қилади, кунлик ишларда ишлайди, аёллар тикувчилик қилади.

Абдулатиф Аранжи:

— Туркияда туғилганман. 1982 йилда келган экан оталаримиз. Боболаримиз Сурхондарёнинг Денов туманидан бўлган. Ҳали ҳам амакиларимиз бор Ўзбекистонда. Ўзим шу ерда ўқидим катта бўлдим, армияга бордим. 2010 йилда Саудия Арабистонидан уйланганман, у ерда ҳам қавмларимиз бор.